07:04 / 10.02.2018
5 260

Қизимга қандай ёрдам берай?

Қизимга қандай ёрдам берай?
— Олтмиш беш ёшимда бунчалик панд ейман, деб ҳеч ўйламагандим. Қизим Саида биринчи турмушидан бефарзандлик туфайли ажрашди. Тақдирига эндигина кўниккан пайти оиласи бузилган Соҳиб исмли бир киши билан танишди.

Соҳиб “Хотиним билан қонуний ажрашганман” деб, уйимизга совчи юборди. Тўйдан олдин қизимга “Матиз” автомашинаси совға қилди. Буни кўриб, шошиб қолдимми ёки нафснинг измига бўйсундимми, ишқилиб, суриштирмай-нетмай, никоҳларига рози бўлдим. Куёвнинг “Ҳозирча шаръий никоҳ ўқитиб яшаб турайлик, хотиним билан қонуний ажрашганимдан сўнг никоҳимизни расмийлаштирамиз”, деган гапидан ҳам ҳушёр тортмабман.

Қизим бояқишга бир йилгина бахтли ҳаёт кечириш насиб этди. Бир куни куёвнинг хотини икки боласини етаклаб келиб, “Ҳали эрим билан қонуний ажрашмаганман, уй — меники!” деб туриб олибди. Қизим ҳомиладор ҳолида яна уйимга қайтиб келди.

Неварам туғилгач, уни парваришлашга ўзим қарашдим. Пойтахтдан икки хонали уй олиб бердим. Қизим ҳозир тадбиркорлик билан шуғулланади. Тўғри, иқтисодий жиҳатдан муаммоси йўқ, аммо боласига ота меҳри, тарбияси керак. Шуларни ўйлаб, қизимга қандай ёрдам берсам бўларкин, деган ташвишдаман…
САОДАТ ая, Бухоро вилояти.


— Қизингизни бегона эркакка иккинчи хотин қилиб беришдан олдин атрофдаги ёши улуғлар, кўпни кўрганлар маҳалла маслаҳатчилари билан маслаҳат қилишингиз, уларнинг фикрларига қулоқ солишингиз керак эди. Энди синган кўзани тузатишнинг ҳам, чегалашнинг ҳам иложи йўқ.

Ҳамма нарсага вақт даво, дейдилар. Қизингизга иродали бўлиши кераклигини, фарзандига отасининг йўқлигини билдирмаслиги зарурлигини тушунтиринг, уни маънан қўллаб-қувватлаб туринг. Қизингиз фарзанди ҳали эсини танимай туриб оила қурса, эҳтимол, турмуш ўртоғи болага яхши ота бўлар, бола ҳам уни ўз отасидек қабул қилар. Аммо боланинг чинакам отасига даъво қилишга сизда йўл йўқ. Қонун унинг биринчи аёлини ҳимоя қилади. Чунки эркак аёли билан қонунан ажрашмасдан туриб, сизнинг қизингизни никоҳига олган.

Бундай вазиятда онадан кўра болага яшаш қийинроқ кечади. Атрофдаги дўстлари, синфдошлари отаси ҳақида гапирганида, боланинг қалби ўксийди. Кўпинча оналар фарзандининг қалбидаги кемтикликни моддий нарсалар билан тўлдиришга ҳаракат қилишади. Бироқ ота меҳри ва тарбиясини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди.
Руҳшунос Одина ОТАЖОНОВА

Манба: tasvir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қизимга қандай ёрдам берай?