18:49 / 11.02.2018
6 713

«Қўй»ни «йўқ» қилишни биласизми? Билмасангиз, билиб олинг!

«Қўй»ни «йўқ» қилишни биласизми? Билмасангиз, билиб олинг!
Болалигимизда бир топишмоқ бўларди, бир-биримизга айтиб юрардик: «қўй»ни «йўқ» қилишни биласанми? Топишмоқни билмайдиганлар ҳар хил жавоб берарди — яшириш керак, сўйиб ейиш керак, ҳайдаб бирор жойга қамаб қўйиш керак...

Лекин бу жавобларнинг бирортаси топишмоқ айтгувчини қониқтирмасди. Охири тополмаган шаҳар берарди. Шунда жавобни қаранг: «қўй»ни тескари ёзсанг «йўқ» бўладида!

Фарғонадаги йўқолган 65 бош қўй бўйича суриштирувни давом эттирар эканмиз, мутасаддилардан кимдир юқоридаги топишмоқ усулини қўллаганига тобора ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Ахир 65 бош қўй қўли узунроқ одам аралашмаса шунчаки йўқолиб қолмайди-ку!

Афсуски, бугун дам олиш куни, кўпчилик ташкилотлар ишламайди. Шундай бўлса-да, воқеалар ривожи қандай кечаётганини билиш учун қўйларини йўқотган Ҳасанбой акага яна қўнғироқ қилдик, деб ёзади Хабар нашри. Унинг маълум қилишича, мақолалар эълон қилингандан кейин «Kun.uz» сайтидаги ҳамкасбларимиз ҳам у билан боғланишган ва воқеани ўрганишга киришган.

Бундан ташқари, уни маҳалла профилактика инспектори чақиртирган ва «Фарғона ҳақиқати» газетаси мухбири билан таништирган. Мухбир қўйлар эгасига: «Нега марказий нашрларга чиқдингиз, ахир биз ҳам муаммони ечишга ёрдам берардик-ку!?», — дея ўз ёрдамини таклиф этган. Унга интервью берган Ҳасанбой ака вилоятдаги барча мутасадди ташкилотларга мурожаат қилгани, натижа бўлмагандан кейингина марказий нашрлар билан боғланганини маълум қилган.

Яна Ҳасанбой ака билан ўзини Алишер деб таништирган вилоят ҳокимининг вакили ҳам боғланган. У ҳам қўйлар топилган-топилмагани билан қизиққан ва вилоят ҳокимига нега мурожаат қилмаганини сўраган. Ҳасан вилоят ҳокимлигига мурожаат қилганини, қабулхона бўлими бошлиғи Ҳасанбой акага ҳарчанд илтимос қилмасин, ҳокимнинг қабулига киритмаганини айтган. Ҳокимлик вакили Алишер ака ҳам масалани ўз назоратига олганини, тез орада ижобий ҳал бўлишини билдирган.

Ҳасанбой аканинг кўнглида умид уйғониб турибди. Ажаб эмас, шунча инсоннинг саъй-ҳаракати билан рўзғорни бутлаб турган қўйлар топилса. У яна таъкидлаб айтдики, қилган хатосидан пушаймон, суд қарорига тўла амал қилган. Демак, иш хайрли якун топишига ва қўйлари қайтарилишга умид қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча — 10 февраль куни Олтиариқда ҳоким ва ИИБ бошлиғи ҳайдаб кетган 65 бош қўй «изсиз йўқолгани» ҳақида хабар берган эдик. Шундан сўнг журналистик суриштирув ўтказиб, Фарғонадаги бир қанча мутасадди идораларга қўнғироқ қилдик, масъуллардан воқеа тафсилотларини суриштирдик ва бу ҳақда «Изсиз кетган қўйлар изидан: калаванинг учи вилоят ҳокими томон етакламоқда» номли мақола эълон қилган эдик.

Биз воқеалар ривожини кузатамиз ва суриштирувни давом эттирамиз. Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат, бундай давлатда суднинг қарори сўзсиз амал қилиниши лозим. Қўйларнинг буғдойзорни пайҳон қилиши юзасидан суд бўлиб ўтган, қонунбузарлар жавобгарликка тортилган, суд қарори ижроси таъминланган экан, қўйлар шунчаки олиб қўйилиши ва йўқ бўлиб кетиши мумкин эмас.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Қўй»ни «йўқ» қилишни биласизми? Билмасангиз, билиб олинг!