
Ўзбекистонда фармацевтика бозоридаги нарх сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар берди Gazeta.uz. Президентга тақдим этилган янги лойиҳага кўра, 2026 йил 1 январдан рецепт асосида бериладиган 2600 турдаги дори воситаларининг ўртача нархи 40–50 фоизгача пасайтирилади.
Ҳозир мамлакат бозорида 7600 номдаги импорт дори воситалари мавжуд бўлиб, шуларнинг қарийб 4900 таси нарх бўйича халқаро реестрларга киритилмаган. Бу ҳолат импортчиларга нархни мустақил белгилаш имконини бериб, баъзи ҳолларда дорилар қўшни давлатлардагидан анча қиммат сотилишига олиб келган.
Янги тизим “референт нархлар реестри” орқали амалга оширилади. Унда Россия, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи каби давлатларда тасдиқланган расмий нархлар асос бўлади. Шу орқали дори нархлари шаффоф тарзда назорат қилинади ва асоссиз қимматлаштириш ҳолатларига чек қўйилади.
Бундан буён дорихоналар ва импортчилар учун эркин нарх белгилаш амалиёти бекор қилинади. Натижада аҳоли арзон ва сифатли дори воситаларига кенгроқ кириш имконига эга бўлади.
Экспертлар таъкидлашича, тизимнинг самарадорлиги назорат органларининг фаолиятига ва таъминотдаги барқарорликка боғлиқ бўлади. Янги тартиб орқали сунъий нарх ошириш, ортиқча фойда олиш ва бозордаги ноқулай вазиятлар бартараф этилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!