
Ўзбекистон аҳолисининг жон бошига тўғри келадиган ўртача умумий даромад 2025 йилнинг январь–сентябрь ойлари ҳолатига кўра 21,8 миллион сўмни ташкил этди, деб хабар берди Миллий статистика қўмитаси.
Маълумотларга кўра, аҳолининг умумий даромадлари 825,3 триллион сўмга етган. Инфляцияни ҳисобга олганда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан реал ўсиш суръати 108,4 фоизни ташкил этди.
Номинал ўсиш 116,1 фоиз, реал ўсиш эса 106,3 фоиз даражасида қайд этилди.
Ҳудудлар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрида — 52 миллион сўм. Кейинги ўринларда Навоий (32,1 млн) ва Бухоро (26 млн) вилоятлари жойлашди.
Энг паст кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида — 14,8 миллион сўм. Наманган (15,8 млн) ва Сурхондарё (16,5 млн) вилоятларида ҳам даромад даражаси нисбатан паст бўлиб қолмоқда.
Таҳлилчилар таъкидлашича, реал даромад ўсиши иқтисодий фаолликнинг тикланиши ва иш ҳақи фондларининг кўпайиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, ҳудудлар орасидаги фарқ ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда.