date

Давлат 2026 йилдан суғориш харажатларининг ярмини қоплайди

Давлат 2026 йилдан суғориш харажатларининг ярмини қоплайди

2026 йил 1 январдан мамлакатда қишлоқ хўжалиги соҳасида муҳим ўзгаришлар амалга ошади. Энди озуқабоп ва мойли экинлар етиштирувчи, суғориш жараёнида насос агрегатларидан фойдаланадиган фермерлар ҳамда аграр субъектлар сарфлаган электр энергияси харажатларининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақдаги механизм Президентнинг ПҚ–322-сонли қарори билан белгиланди.

Қарорда асосий мақсад сифатида мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлаш ва фермер хўжаликларининг молиявий босимини енгиллаштириш кўзда тутилган.

Янги тартибга кўра, суғориш учун насос агрегатларидан фойдаланган субъектлар — яъни ўз балансида суғориш ускуналари мавжуд бўлган фермер хўжаликлари — сарфланган электр энергияси учун қилинган тўловнинг ярмини давлат бюджети ҳисобидан қайта олади. Бу эса суғориш жараёнларини арзонлаштириш, ҳосилдорликни ошириш ва аграр соҳани молиявий барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Президент қарорида шунингдек, қишлоқ хўжалиги билан шуғулланувчи корхоналарга қўшимча молиявий ёрдам механизми ҳам назарда тутилган. Уларга тижорат банклари орқали ҳосил қийматининг 50 фоизигача миқдорда 12 ойлик муддат билан йиллик 12 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Бу кредитлар фермерлар учун мавсум давомида етиштириш ва қайта ишлаш харажатларини енгиллаштириш имконини беради.

Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан 2030 йил 31 декабргача “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” АЖ орқали кредит фоиз харажатларини қоплаш тизими жорий этилади.

Бунда миллий валютадаги кредитлар бўйича — Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоиздан юқори, бироқ 10 фоизгача бўлган қисми қоплаб берилади (асосий ставка 2 баробаридан ошмаган ҳолда).
Хорижий валютадаги кредитлар учун эса — 8 фоиздан юқори, бироқ 4 фоизгача бўлган қисми давлат томонидан ёпилади.

Бу чоралар фермерлар ва аграр корхоналар учун катта енгиллик бўлиши кутилмоқда. Суғориш тизимидаги харажатларнинг ярми давлат ҳисобига ўтказилиши нафақат иқтисодий, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Бундай ёрдам орқали кўплаб деҳқон ва фермер хўжаликлари ўз фаолиятини кенгайтиради, ҳосилдорликни оширади ва ички бозордаги озиқ-овқат нархларининг барқарорлиги таъминланади.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур қарор амалга оширилса, мамлакат қишлоқ хўжалигидаги ресурс тежамкорлиги янги босқичга кўтарилади. Давлат томонидан кўрсатилаётган молиявий кўмак фермерларни суғориш технологияларини модернизация қилишга, замонавий энергия тежайдиган насослардан фойдаланишга ва ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ундайди.

Шу тариқа, ПҚ–322 қарори нафақат фермерлар, балки бутун мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат 2026 йилдан суғориш харажатларининг ярмини қоплайди