13:22 / 15.02.2018
5 835

Тўйлардаги бошбодоқлик ёхуд “фотогириф” хизмати

Тўйлардаги бошбодоқлик ёхуд “фотогириф” хизмати
Ҳар куни ишга келишда, қайтишда шаҳримизнинг марказий кўчаларидан айланиб ўтадиган автобусга чиқишга тўғри келади. Қулайроқ жойга ўтириб, атрофни томоша қилиб кетавераман. Кечқурунлари Тошкент фотосуратлар уйи атрофида, меҳмонхона ва фавворалар ёнида келин-куёвлар, ёш-яланглар суратга тушиб юришганига кўп бор гувоҳ бўламан. Бахтидан масрур келин-куёвларни ичимда дуо ҳам қилиб қўяман. Ёшликка ҳамма нарса ярашади. Гул фаслида гул-гул очилиб юрган бу ёшларга ҳамма ҳавас билан тикилади. Ана бир жуфтликни сураткаш айланиб, ҳар хил ҳолатда суратга туширяпти. Ишораларидан ҳамма сураткашлар айтадиган бошингизни сал кўтаринг, озгина жилмайинг, куёвга яқин туринг, келиннинг қўлидан тутиб олинг, деяётгани билиниб турибди. Шулар ҳақида ўйлаганимча автобус кейинги бекатга келди. Хаёлларим эса келин-куёвда.

Ўйлаб қарасам, тўй куни келин-куёвни энг кўп қийнайдиган сураткашлар ва тасвирчилар экан. Умрида қўлини белига тутиб турмаган қизга қўлингизни белига қўйинг, ўзингизни сал орқага ташланг, зирак тақаётгандек бўлинг, пардоз қилаётгандек бўлинг, пардадан мўралаб куёвни кутаётгандек бўлинг. Бир қизни билардим, ўта самимий, ўта жўн. Тўйи куни сураткашнинг талабларини бажармабди. “Сиз айтган иқтидорим бўлганида театрга ишга кирардим”, дебди. Эшитиб хурсанд бўлдим. Яқинда қариндошимиз келин туширди. Тўйга бора олмадик. Қишлоққа бир борганда “қутлуғ бўлсин”га кирдик.

– Тўй яхши ўтди, – дея гап бошлади қариндошимиз. – Фақат тўполончи укангиз сал жанжал чиқариб қўйди.
– Куёвбола-я?
– Ҳа, тўйнинг охирида сураткашни урибди. У алам қилиб ҳамма суратларни ўчириб ташлабди. Кейин милицияга берди. Жарима тўлаб қутулдик.

Аслида воқеа бундай бўлган экан. Тўй куни куёвбола ўртоқлари билан рақсга тушаётганда келиннинг ёнига бошқа бола ўтириб олиб келин билан суратга тушибди. Куёв бола суратчига бу расмни чиқармаслиги учун пул берибди. Сураткаш сўзида турмаган ва суратни ўша болага чиқариб берибди…

Яна бир танишим фарзандларининг никоҳ тўйи ва тўйдан олдинги тушган суратларининг альбомини кўрсатди. Альбом устига “Баҳтли бўлинглар” деб ёзилган. Пастки бурчакда фотостудиянинг белгиси ва “Фотогириф Баҳтиёр” деб ёзилган. Бу ўз исмини тўғри ёзолмаган “фотогириф” ишларини кўриб ёқа ушладим. Суратларни кўздан кечирар эканман, ям-яшил ўтлоқда осмонга қараб ётган қиз ва йигит, ястаниб ўтирган қизнинг тиззасига бошини қўйган йигит, қизнинг чаккасига гул тақаётган йигит. “Love store” деганлари шу экан! Қайнонанинг айтишича, тўйдан олдин шунақа альбом қилдириш фикри замонавий қудалардан чиқибди! Тўйи бўлиши аниқ бўлса ҳам бу ёшлар ҳали бир-бирларига номаҳрам-ку. Қайси ота-она қизини шундай аҳволда суратга тушиш учун кўчага ясантириб чиқариб юборади. Замонавий эмиш… Хуллас, тўрт фасллик севги саҳналари: тоққа чиқилган, боққа чиқилган… Кейин тўйдаги суратларни кўриб, ҳайратим ундан ҳам ошиб тушди. Куёв келиннинг ёпинчиғига кириб олган, елкасидан қучган, белидан қучган. Уялишмайдими, бунақа расмга тушишга десам,
ҳозирги ёшларга бир нима деб бўладими, расмчи нимани бажар деса, шуни қилаверган-да, дейди. Кейин ҳамроҳим гапга қўшилди.

– Менинг ҳам тўйимда сураткаш бизга шарт қўйди, “Ҳамма айтганимни қилсаларинг, альбомларингни чиройли чиқариб бераман”, деб. Бошда ўйламабмиз. Айланишга чиққанимизда куёвингизга келиннинг қўлидан ўпиб тушинг, деб қолди. Мен уялиб қўлимни тортиб олдим. Сураткаш “Ҳа, куёвбола, келин норозими, дейман”, деди. Бу кап куёвингизнинг иззатига тегда. Жанжал чиқишига сал қолди. Кейин унинг айтганларини қилганмиз. Тўйдан кейин катталар, қариндошлар, уйдагилар альбом кўрамиз, деса мен уялиб қочиб юрардим. Биз кўп масалада ёшларни айблаймиз. Лекин улар катталарнинг орзу-истаклари учун қилаётган ишларидан бугун катталар олдида, келажакда фарзандлари олдида уялиб юришмайдими?

Тўйларда ҳам эътибор берсак, сураткаш ва тасвирчи келин-куёв ва унинг ота-оналаридан азизроқ бўлиб кетади. Ҳамма суратга тушиш билан овора. Келин-куёв янги йил арчасидаги қорбобо ва қорқизга ўхшаб улар билан жилмайиб суратга тушишга мажбур. Ҳеч ким бугун уларнинг куни, тинч қўяйлик, улар ҳам яйраб ўтирсин, демайди. Навбат билан ҳамма уларнинг олдига чиқиб-тушаверади. Айниқса, вилоятларда ичкилик жуда кўп бериладиган жойлар бор. Маст-аласт одамлар ҳам келиб куёвни табриклагани камдай, келинга ҳам қўл узатади.

Яқинда бир тўйга бордим. Турмуш ўртоғимнинг бу таниши университетда дарс берадиган, аёли ҳам уй бекаси бўлса-да ўта бамаъни аёл. Уларнинг таклифи билан тўйда бошловчи келин ва куёв билан ким суратга тушмоқчи бўлса, ўз столида тушсин, четига келин-куёвнинг расми тушириб берилади, деб эълон қилди. Уларнинг ёнига ҳеч ким ўта олмайдиган қилиб, ҳарир девор айлантириб қўйилган. Шунақа қилса ҳам бўлар экан-ку, деб ўйлаб қолдим. Барибир кўпчилик бор жойда ҳамма қоидалар ҳам ишлайвермас экан. Баъзилар шунда ҳам суратга тушишнинг йўлини қилиб тушиб олишди. Ҳар ҳолда ёшлар анча тинч ўтиришди.

Сураткашларнинг иши шунчалик эканки, тўй тугаб, келин-куёв учун ажратилган хонага улар билан бирга кириб ҳар хил ҳолатда суратга туширар экан. Мен фарзандларим учун ажратилган хонага ўзим киришдан тортинаман. Бошқаларни йўлатмайман. Майли, тўй суратлари ичида ётоқ мебеллари кўринмаса ҳам.

Биз ота-оналаримизнинг бирга тушган суратларини жуда кам кўрганмиз. Ҳаммасида бизнинг ёшлигимиз, биримиз етовида, биримиз қўлларида. Лекин уларнинг шоир айтганидай “Эсласак арзирли хуш дамимиз бор”, дейдиган кунлари бор. Тўй қилар эканмиз, маънавиятни биринчи ўринга олиб чиқмасак, “оммавий маданият” бизнинг фарзандларимизни нишонга олади. Ёшларга бахт тилаб, уларни уйдан чиқариб юборар эканмиз, маънавиятли инсонларни ҳамроҳ қилайлик, аллақайси “фотогириф”ларни эмас. Ёки бунинг учун ҳам маълум сценарий ишлаб чиқиш вақти келдимикан…
Манзура ШАМС

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тўйлардаги бошбодоқлик ёхуд “фотогириф” хизмати