06:30 / 29.03.2018
4 281

Шавкат Мирзиёев: Хавф-хатарларни «бу ўзимизники», «бу бировники» деб ажратишга ҳаққимиз йўқ (видео)

Шавкат Мирзиёев: Хавф-хатарларни «бу ўзимизники», «бу бировники» деб ажратишга ҳаққимиз йўқ (видео)
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида ўтказилган халқаро конференциядаги нутқи давомида Ўзбекистон ва Афғонистонни бир-бирига чамбарчас боғлаб турувчи омиллар ҳақида сўз юритди.

Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеалар оқибатида Афғонистондаги вазият маълум бир вақт давомида халқаро сиёсат эътиборидан четда қолди. Аммо бунинг натижасида мазкур можаро ўз кескинлиги ва жиддийлигини йўқотгани йўқ.

Ўзбекистонда халқаро конференция ўтказиш таклифи ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати қуйидаги омиллар билан боғлиқ.

Биринчидан, бизнинг ташаббусимиз Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига тўла мос келади. Бу концепцияда аввало қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган. Азал-азалдан Амударёнинг икки томонида ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб турадиган халқлар яшаб келмоқда.

Амударё биз учун ҳамиша тириклик манбаи бўлиб келган, аммо одамларнинг эркин ҳаракат қилишига, савдо алоқаларини яқиндан ривожлантиришга, илм-фан соҳасидаги ютуқлар билан ўртоқлашишга ва бир-бирини маданий жиҳатдан бойитишга ҳеч қачон тўсқинлик қилмаган.

Афғон заминида Марказий Осиё Уйғониш даврининг Абу Райҳон Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби буюк намояндалари ва бошқа кўплаб бизнинг улуғ аждодларимиз яшаб ижод қилганлар.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида яқин сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқалар йўлга қўйилган. Афғонистонда миллионлаб ўзбеклар яшайди. Афғонистон Конституциясига мувофиқ ўзбек тили мамлакатнинг расмий тилларидан бири ҳисобланади.

Учинчидан, барчамиз қатъий ишонамизки, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Биз хавф-хатарларнинг баъзи бирларини «ўзимизники», бошқасини эса «бировники», деб қабул қилмаслигимиз керак, аниқроқ айтганда, бундай қилишга ҳаққимиз йўқ.

Афғонистон хавфсизлиги – бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осий минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир. Халқаро террористик ташкилотлар Афғонистонни ўзининг доимий маконига айлантириб олишига йўл қўйиб бўлмайди.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бўйича тажрибага эга.

Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар, Россия ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида «6+2» гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу учрашувда Шимолий Иттифоқ ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этган эди.

Музокаралар якуни бўйича Афғонистондаги низоларни тинч йўл билан бартараф этишнинг асосий принциплари ҳақидаги Тошкент декларацияси қабул қилинди ва у Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 54-сессияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг расмий ҳужжатига айланди.

Шу муносабат билан биз Афғонистон билан умумий келажагимиз, афғонистонлик биродарларимизни ҳам, бизни ҳам бирдек ташвишга солаётган масалалар ҳақида гапириш учун барча асосларга, сиёсий ва маънавий ҳуқуққа эгамиз.

Айнан мана шунинг учун ҳам Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларини бизнинг бу эзгу ишдаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашга даъват этади.

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Президенти

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: Хавф-хатарларни «бу ўзимизники», «бу бировники» деб ажратишга ҳаққимиз йўқ (видео)