22:21 / 29.03.2018
4 003

Вазирликнинг изоҳи: «Прописка» масаласи қачон ҳал бўлади?

Вазирликнинг изоҳи: «Прописка» масаласи қачон ҳал бўлади?
Барчамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январда ПФ-5308 сонли фармони асосида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган. Мазкур давлат дастурига вилоятдан келган фуқаролар учун доимий ва вақтинча рўйхатга олиш тартибини соддалаштириш масаласи киритилган. Адлия вазирлиги мутахассислари мазкур мавзуга оид саволларимизга жавоб бериб ўтишди.

Давлат дастурида вақтинчалик рўйхатга олиш масаласи 20 мартга қадар ҳал қилиниши лозим дейилган. Нега ҳануз натижадан дарак йўқ?

Давлат дастурининг 56-бандида жорий йилнинг 20 мартига қадар доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштиришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Шунга кўра, Адлия вазирлиги томонидан қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида 3та лойиҳа (Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони, Ҳукумат қарори лойиҳалари) тайёрланди ва жорий йилнинг 5 март куни Ҳукуматга киритилди, яъни муддатидан олдин. 20 март бу қонун ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш муддати, уларни қабул қилишнинг охирги муддати эмас. Дастурда бу аниқ ёзиб қўйилган.

Лойиҳалар Вазирлар Маҳкамасида қайта ишланди (қонунчилик техникаси, нормаларни баён этиш стилистикаси) ва ҳозирда уларнинг сўнгги варианти тайёрланди. Шу билан бирга, масалани Президент девонида ҳам кўриб чиқиш назарда тутилган. Бу лойиҳалар қабул қилиниш процессида одатий ҳол, чунки лойиҳаларда республика учун жуда муҳим масалалар акс эттирилган ва бевосита Президент ваколати билан боғлиқ.

Ишчи гуруҳ кимлардан иборат?

Лойиҳани тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи таркибига Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилган.

Лойиҳанинг тайёргарлик ишлари тахминан қайси муддатга қадар амалга оширилади? Тайёргарлик босқичи, тартиби қандай?

Лойиҳанинг тайёргарлик ишлари одатда 10-15 кун вақт талаб этади, ундан кейин уни кўриб чиқиш масаласи туради. Ҳукумат қарори лойиҳаси ҳозирда Вазирлар Маҳкамасида қабул қилиш учун тайёрланмоқда. Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Девонида ҳам лойиҳалар устида ишлар олиб борилмоқда. Яқин кунларда лойиҳалар бўйича охирги қарорлар қабул қилиниши кутилмоқда. Бу дегани улар дарров қабул қилинади дегани эмас. Чунки, масалан қонуни оладиган бўлсак у Олий Мажлис регламентига асосан киритилиб, 3 ўқишда кўриб чиқилиб, ундан кейин Сенатга маъқуллаш учун киритилади. Сенатдан кейин Давлат раҳбарига имзолаш учун берилади.
Юқори турувчи органлар номидан айнан қачон қабул қилиниш санаси айтишнинг иложи йўқ.

Лойиҳага бирор ўзгартириш, қўшимча қилиш масаласи кўтарилганми?

Ишлаб чиқилган лойиҳалар жорий йилнинг 14 февраль куни ижтимоий тармоқларда ва regulation.uz сайтида муҳокама учун жойлаштирилди, вазирлик ва идораларга келишиш учун берилди. Келиб тушган таклифлар асосида лойиҳалар қайта кўриб чиқилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, сунъий равишда ушбу масаладан қандайдир сенсация чиқариш жуда нопрофессионалликдан далолат беради. Масалани чуқур ўрганмасдан туриб, лойиҳалар қайси босқичда эканлигини билмасдан туриб бундай хулосаларга келиш ачинарли албатта.

Давлат органларидаги мутасаддилар тинмасдан лойиҳалар устида ишлашяпти, бирон бир муҳим масала «эсдан чиқиши» мумкин эмас. Бу яхлит тизим, биологик инсон эса ниманидир эсдан чиқариши мумкин. Ҳаракатлар Стратегиясига кирган ҳар бир банд бўйича, унинг ижроси ҳолати ва бориши тизимли назорат қилиб борилади. Ҳар ҳафта муаммоли хужжатлар бўйича Вазирлар Маҳкамасида икки марта муҳокама ўтказилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Вазирликнинг изоҳи: «Прописка» масаласи қачон ҳал бўлади?