
Тошкент шаҳрида аёлни ҳимоя қилишга уринган эркакни қаттиқ жароҳатлаган шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Мирзо Улуғбек туман суди ахборот хизмати маълумотига кўра, айбдор 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Маълум бўлишича, воқеа жорий йил март ойида соат тахминан 02:30ларда пойтахтдаги ресторанлардан бирида содир бўлган. Можаро чоғида аёлни ҳимоя қилишга ҳаракат қилган эркакга оғир тан жароҳати етказилган. Жабрланувчи ҳушини йўқотган ҳолда шифохонага етказилган ва унга беш соат давом этган жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Амалиётдан сўнг шифокорлар уни сунъий комага туширишга мажбур бўлган.
Суд материалларида қайд этилишича, 1995 йилда туғилган А.Ш. жиноят содир этиш вақтида нафақат оғир тан жароҳати етказган, балки фирибгарлик ва безорилик ҳолатларига ҳам қўл ургани аниқланган. Тергов давомида унинг қилмишлари юзасидан барча далиллар тўпланган ва жиноят иши суд муҳокамасига оширилган.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчи А.Ш. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “е” банди (қасддан оғир тан жароҳати етказиш), 168-моддаси 4-қисми “а” банди (катта миқдордаги фирибгарлик) ҳамда 277-моддаси 3-қисми “г” банди (безорилик) бўйича айбдор деб топилди.
Жиноят кодексининг 59-моддаси талабларига асосан, бир нечта жиноятлар содир этгани учун жазоларни йиғиштириб, унга нисбатан 8 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. У ҳукмга кўра, жазосини умумий тартибли колонияда ўтайди.
Суд томонидан таъкидланишича, жабрланувчи ҳозирда тикланиш жараёнини ўтамоқда, унинг соғлиги устидан шифокорлар назорати давом этмоқда. Шу билан бирга, тарафлар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳукм устидан аппеляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ҳуқуқига эга.
Мазкур воқеа жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Кўплаб фуқаролар аёлни ҳимоя қилган эркакнинг жасоратини юқори баҳолаб, жиноятчининг жазоланиши адолат қарор топиши деб таъкидлашди. Суд ҳукми орқали бундай ҳолатларга нисбатан қонун устуворлиги яна бир бор тасдиқланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!