date

Сурхондарёда бир вақтда 3 та ҳуқуқбузарлик қилган фуқаро 15 суткага қамалди

Сурхондарёда бир вақтда 3 та ҳуқуқбузарлик қилган фуқаро 15 суткага қамалди

Сурхондарё вилоятида қонунни бир неча бор бузган фуқарога нисбатан суд томонидан қатъий чора кўрилди. Бу ҳақда “Замон” ахборот дастури орқали маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, воқеа Узун туманида содир бўлган. 52 ёшли фуқаро Cobalt русумли автомашинасини бошқариб кетаётганида, уни Йўл-патруль хизмати ходимлари тўхтатган. Текширув вақтида ҳайдовчининг спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда транспорт бошқаргани аниқланган.

Бироқ бу билан иш тугамаган — қонунбузарнинг автомобилида ўрнатилган авторақам “Жигули” автомашинасига тегишли бўлиб чиққан. Шу билан бирга, у ҳайдовчилик гувоҳномасисиз ҳаракатлангани ҳам маълум бўлган. Яъни у бир вақтнинг ўзида учта ҳуқуқбузарлик — маст ҳолда авто ҳайдаш, ҳужжатсиз ҳаракатланиш ва ёт рақамдан фойдаланиш ҳолатларини содир этган.

Ҳолат юзасидан иш судга оширилган ва фуқарога нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тегишли идоралар таъкидлашича, бундай ҳолатлар нафақат ҳайдовчи, балки бошқа фуқароларнинг хавфсизлиги учун ҳам жиддий таҳдид солади. Шу боис ички ишлар органлари маст ҳолда авто ҳайдаш ҳолатларига нисбатан курашни кучайтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти Жомбой туманида ҳам маст ҳолда автомашина бошқарган тўрт нафар ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми ўқилган эди. Улардан бири ҳам 15 суткага қамалган, қолганларига эса жарима жазолари қўлланилган.

Мутахассислар ҳайдовчиларни яна бир бор огоҳлантирмоқда: транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш нафақат маъмурий, балки оғир ҳолатларда жиноий жавобгарликка ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сурхондарёда бир вақтда 3 та ҳуқуқбузарлик қилган фуқаро 15 суткага қамалди