12:57 / 24.06.2018
5 005

Жиноятчининг юрак сирлари...

Жиноятчининг юрак сирлари...
Суд-тиббий экспертиза ходими бу манзарани кўриб даҳшатдан ўлаёзди. Навбатдаги жасадни ёрди-ю…

Қочқин

— Кетдик! Эшитяпсанми, Кокон? Ҳозир эгалари кеп қолса, ўламиз!

Баланд бўйли, озғин эркак қимматбаҳо шубалар, тилла тақинчоқлар солинган катта сумкани кўтарганча олдинга зипиллади. Ортидан иккинчи босқинчи ҳам йўлга тушди. Улар сумкани машинанинг орқа ўриндиғига ташлашди-ю, жўнаб кетишди.

Ҳаммаси кўнгилдагидек кечаётганди. Челябинск деярли ортда қолганди. Аммо Кокон ва Миша барибир шошилишар, Челябинскдан 130 километр олисда бўлган Байнауш кўлига тезроқ етиб олишга, ер остидаги бекитиқча қурилган уйчага ўғирланган буюмларни жойлашга ошифта эдилар. Аммо Кокон беихтиёр безовталана бошлади.

— Миша, адашмасам ортимизда дум пайдо бўлди, — деди у орқадан келаётган машинага ишора қилиб. — Ментлармасмикан-а?

Миша кўзгучадан қараб машина полицияга тегишлими-йўқми, текшириб кўрмоқчи бўлди. Шу тобда ўқлар ёмғири улар томон уча бошлади. Бир неча лаҳза ичида Миша бошқараётган машина катта тезликда дарахтга бориб урилди. Бироздан сўнг икковлари ҳам сал ўзига келиб салондан амал-тақал чиқиб олишди ва дуч келган тарафга қараб кета бошлашди. Тор сўқмоққа етишганда, қуролдан отилган ўқ Мишанинг елкасига тегди ва у ерга қулади.

— Тур, тутиб олишади, — дея ҳамтовоғини тезларди Кокон. — Ментлар экан!

Миша турадиган аҳволда эмасди. Кокон буни дарров пайқаб, ердаги катта сумкани елкасига илди-ю, шеригини ташлаб ўзи олдинга чопди.

Байнаушдаги ерости уйчаси

Михаил Сухарев ва Иван Коконовлар илгари ҳам босқин, ўғирлик билан бир неча маротаба қамалиб чиққан. Афсуски, турма уларни тарбиялай олмади. Яқинда навбатдаги жазо муддатини ўтаб озодликка чиқишгач, яна ўғирликка қўл уришди. Бу гал асосан Челябинск шаҳрида, ўша атрофдаги қишлоқларда ўғирлик қилишди. Квартиралардан қимматбаҳо буюмларни ўғирлашарди-да, дарҳол Байнауш кўли ёнидаги ерости уйчасига яширишарди. Бу ер тинч жой. Ейишга балиқ сероб. Ҳеч ким халал бермайди. Полициячилар ҳам улар айнан кўл ёнига ўғирлик «мол»ларни беркитишларини етти ухлаб тушида кўрмайди. Аммо халқда «Кўза кундамас, кунида синади», деган гап бор…

Коконни полициячилар ярим соат ичида қўлга олишди. Йўлда Миша ҳам топилди. Аммо у жон бериб бўлганди. Суд-тиббиёт экспертизасига олиб боришди. Эксперт эса Мишанинг жасадига боқиб елка қисарди. Шундай бақувват, басавлат йигит қанақасига ўлиши мумкин? Ўқ елкасини ялаб ўтган холос…

Даҳшатли топилма

Эксперт Леонид Аверьянов ҳаётда бунақа жасадларнинг кўпини кўрган. Сувга чўкиб сасиб кетганлар, ўзини осганлар, номуси поймол этилганлар, қасддан ўлдирилганларни кўрган. Бироқ бунақаси…

Олдинига эксперт Мишани кўп қон йўқотиш туфайли ўлган бўлса керак, деган тахминга борди. Барибир ёриб кўришга аҳд қилди. Шундагина ўлим сабаблари аниқланишини билади. Одатга кўра ёришни бош миядан бошлади. Шунда жасаднинг қошидан паст қисмида шиш борлигини кўрди. Қизиқ, бу нима бўлди?..

Бош миядан сўнг кўкрак қафасини очди. Ички аъзоларни олди ва тарозига солди. Борган сари ўлим кўп қон йўқотиш сабабли содир бўлмагани аниқлашиб борарди. Юракни очганда эса даҳшатдан қотиб қолди. 35 ёшли Миша ўткир инфарктга учраганди. Ўткир инфарктнинг ҳам ўткирроғи — трансмураль инфаркт. Эксперт скальпелни қўлига олди-да, юрак деворини очди. Бу ердаги манзарани кўриб росманасига тамом бўлаёзди. Чап ошқозон оппоқ ипларга тўла эди, иплар ҳаракатланишда давом этарди. Ана шунда қошдан пастроқдаги шиш кўз олдига келди. Дарров у ерни ҳам очди. Қошдан паст қисмида ҳам худди шундай оқ иплар қимирлаб турарди. Дарҳол ҳаммасини йиғиб лабораторияга жўнатди.

Итми ё мушукми?


Тез орада жавоб келди. Бу «дирофиляриоз» деган хасталик. Аммо бу хасталик асосан ит ва мушукларда бўлғуси эди. Хасталикнинг маъниси шунда эдики, қуртлар ит ва мушуклар организмига кириб олгач, юрагига яқинлашиб боради. Юракка жойлашиб олгандан сўнг кўпайиш палласига киради. Қолган «иш»ни дунёга келган личинкалар адо этади. Личинкалар юракни еб битиради. Аммо суриштирувлар Кокон ҳам, Сухарев ҳам Байнаушда ит ёки мушук сақламаганини аниқлаб берди. Кейин эксперт интернетга кириб шу ҳақдаги маълумотлар билан қизиқди. Маълум бўлдики, қурт личинкалари организмда йиллаб яшаб қола оларкан. Қуртларнинг кўпайиш мавсуми эса айнан юрак ичкарисида кечаркан. Аммо жиноятчи ит боқмаган, бу жониворларнинг яқинига ҳам йўламаган. У ҳолда личинкалар қандай қилиб унинг организмига кириб қолди?..

Паразитологнинг хулосаси


Аверьянов эртаси куни интернет орқали профессор-паразитологнинг фикрини сўради.

— Жасад эгаси ўлим топгунга қадар қаерда яшаган? — сўради профессор. — Шундан хабарингиз борми?

— Албатта, — деди эксперт. — У Байнауш кўли ёнида яшаган экан.

— Ҳа-а, Байнаушми? — деди профессор. — Унда ҳаммаси равшан. Личинкалар кўл бўйидаги оқ пашшалар орқали марҳумнинг организмига ўтган. Шу пашшалар инфекция тарқатувчи паразитлар ҳисобланади.

— Оддий пашшалар-а?

— Улар оддий пашшамас. Бу пашшалар алоҳида туркумга киради. Одамми, итми, мушукми, бир марта чақса бас, инфекция ўша заҳоти ўтади…

Ана шундан кейин Аверьяновнинг фикрлари тиниқлашди. Энди у ўлимнинг навбатдаги сабабларини аниқлади. Демак, личинкалар анчадан бери Сухаревнинг юрагида яшаган. Елкасига келиб теккан ўқ зарби эса қонда адреналин миқдори ошишини таъминлаган ва бу юракни алғов-далғов қилиб, личинкалар фаолиятини тезлатиб юборган. Агар ўқ тегмаса, Сухарев яна анча йил яшаши мумкин эди.

Аверьянов шу воқеадан сўнг Коконни ҳам алоҳида текширувдан ўтказди. У ҳам шу хасталикка учраган, юрагида личинкалар йиғилган бўлиб чиқди ва уни дарҳол турма шифохонасига ётқизишди.

Оёққа тургач, суд уни 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жиноятчининг юрак сирлари...