Фарғонада юк машина ғилдиракларидан 20 кг наркотик фош этилди

Фото: Давлат хавфсизлик хизмати
Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳудудида йирик миқдордаги гиёҳванд моддалар савдосига оид ҳолат фош этилди. Махсус тезкор тадбир давомида юк машинасининг ғилдираклари ичига яширилган наркотик воситалар аниқланиб, олиб қўйилди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Маълумотларга кўра, қўшни давлатдан кириб келган Volvo юк машинаси режалаштирилган тарзда текширувга олинган. Текширув жараёнида ғилдираклар ичига моҳирлик билан яширилган жами 20 килограммга яқин гиёҳванд модда борлиги маълум бўлган.
Аниқланишича, ушбу яширин юк таркибида 3 кг 408 грамм “опий” ҳамда 16 кг 405 грамм “гашиш” моддаси бўлган. Улар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Тадбир давомида мазкур ноқонуний ҳаракатни амалга ошираётган пайтда ҳайдовчи ҳамда буюртмачи сифатида кўрсатилган икки нафар шахс қўлга олинган. Кейинчалик ушбу ишга алоқадорликда буюртмачининг отаси ҳам гумонланувчи сифатида процессуал тартибда ушланган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчиларга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!