Бухоролик қиз кондиционер ўрнатилган костюм яратди

Фото: Видеодан кадр
Бухорода иқтидорли ёш қиз томонидан инновацион ва амалий аҳамиятга эга лойиҳа ишлаб чиқилди — у кондиционер тизимига эга “ақлли костюм” яратди. Ушбу махсус кийим, айниқса, жазирама иссиқ шароитда очиқ ҳавода меҳнат қиладиган ишчилар учун мўлжалланган.
Мазкур костюм қуёш батареялари орқали қувватланади ва ичига ўрнатилган вентиляция тизими ёрдамида тана ҳароратини меъёрида ушлаб туришга хизмат қилади. Бундан ташқари, кийим ГПС-трекер билан ҳам жиҳозланган бўлиб, бу функцияси орқали ходимнинг жойлашувини кузатиш ва хавфсизликни таъминлаш имконияти яратилади.
Мутахассислар фикрича, бундай кийимлар қурилиш, йўлсозлик, қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда ишловчи ходимлар учун айни муддао бўлиши мумкин. Айниқса, глобал иқлим ўзгариши туфайли иссиқ кунлар бошланаётган бир пайтда бу каби технологиялар катта аҳамият касб этади.
Лойиҳа аллақачон эътироф этилиб, уни янада ривожлантириш учун 1 миллиард сўм миқдорида грант ютиб олинган. Эндиликда ушбу костюмларни такомиллаштириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва кенг оммага тақдим этиш режалаштирилмоқда.
Кутилишича, яқин келажакда бу инновацион маҳсулот нафақат ички бозорда, балки халқаро миқёсда ҳам ўз харидорини топади.
