date

Ангренда ноқонуний зиплайнда хавфли ҳолат юз берди

Фото: Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кадр

Тошкент вилояти Ангрен шаҳри яқинидаги Лашкарак тоғли ҳудудида зиплайн билан боғлиқ хавфли ҳолат содир бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода тросли тушиш аттракционидан фойдаланаётган икки киши тўқнашиб кетгани акс этди. Яхшиямки, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида улар жароҳат олмаган.

Видеоларда кўринишича, номаълум сабабга кўра зиплайн тросида бир киши тўхтаб қолган. Ортидан тушиб келаётган иккинчи одам эса унга келиб урилган. Бир қарашда бу оддий “экстрим” ҳолатидек туюлиши мумкин, аммо аслида бундай вазият инсон ҳаёти учун жуда жиддий хавф туғдиради.

Текширув давомида маълум бўлишича, мазкур зиплайн аттракциони тегишли ташкилотларнинг ҳеч қандай рухсат берувчи ҳужжатларисиз фаолият юритиб келган. Яъни у расмий тартибда текширилмаган, хавфсизлик талаблари бўйича зарур хулосалардан ўтмаган ва қонуний асосга эга бўлмаган.

ФВВ хабарига кўра, Ангрен шаҳридаги “Лашкарак” МФЙ ҳудудида жойлашган ушбу зиплайн 2026 йил 15 январ куни ўрганилган. Ўшанда ҳолат бўйича далолатнома расмийлаштирилган ва аттракцион узиб қўйилган. Бироқ кейинчалик зиплайн фаолияти ўзбошимчалик билан яна тиклангани аниқланган.

14 май куни ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа масъул идоралар вакиллари етиб борган. Ишчи гуруҳ хулосасига кўра, мазкур зиплайн демонтаж қилинган. Аттракцион фаолиятини ноқонуний ташкил этган фуқароларга нисбатан эса жарима қўлланилган.

ФВВ мутахассислари фуқароларни расмий рухсатномасиз, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ва ноқонуний фаолият юритаётган аттракционлардан фойдаланмасликка чақирди. Чунки бундай жойларда бир лаҳзалик ҳаяжон жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

“Ҳурматли фуқаролар, ноқонуний фаолият олиб бораётган аттракционлардан фойдаланиш орқали ўз ҳаётингизни хавф остига қўяётганингизни унутманг”, — дейилади ФВВ баёнотида.

Қисқаси, Лашкаракдаги зиплайн воқеаси барча учун жиддий огоҳлантириш бўлди. Экстрим яхши, адреналин ҳам керак, лекин хавфсизликсиз қилинган “кайф” умуман керак эмас. Расмий рухсат, техник назорат ва хавфсизлик қоидалари бўлмаган жойда таваккал қилиш — ҳаёт билан ўйнашиш дегани.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ангренда ноқонуний зиплайнда хавфли ҳолат юз берди