19:22 / 09.10.2018
2 898

Фредерик Бопертюи-Брессанд хонимнинг аждодлари ўзбек бўлганми?

Фредерик Бопертюи-Брессанд хонимнинг аждодлари ўзбек бўлганми?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифи доирасида 8 октябрь куни мамлакатимизнинг Париждаги элчихонасида Франциядаги Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси президенти, тарихчи олима Фредерик Бопертюи-Брессанд хонимга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.

Бутун илмий фаолиятини Самарқанд, хусусан, темурийлар даврини ўрганиш ва уни тарғиб этишга бағишлаган француз олимаси билан 2017 йил юртимизга сафари чоғида суҳбатлашган эдик. Ўшанда олима “Самарқанднинг фахрий фуқароси бўлиш менинг бир неча йиллик орзуим”, деганди. Қарангки, орадан бир йил ўтиб, унинг орзуси ушалди. Ўз навбатида биз ҳам маърифатли француз ҳамшаҳримиз борлигидан фахрланамиз!

Машҳур Ургут бозорининг каштадўзлик маҳсулотлари растасида беқасам нимча кийиб, каштали халта кўтариб олган, ўз фикрини русчада баён қилиб, ҳайратини французча “о-ля-ля!“, дея ифода этаётган чет эллик хоним барчанинг эътиборини тортди.

Сотувчилар хорижлик хонимга сотиш илинжида сўзанаю кашталарига таъриф бера бошлади. Француз хоними уларнинг баъзиларини эшитиб, мийиғида кулиб қўйди. Сўнг шеригига қараб: “Бу самарқандча нусхадаги сўзана, бу каштанинг гулини сурхонликлар тикади, мана бу машҳур бухороча нақш…“, дея кашталарни, улардаги нақш маъноларини таърифлай бошлади. Сотувчилар тилини тишлаб қолди: “Қалампиру қуёш нусхаларимизнинг таърифини келтираётган бу француз хоними ким ўзи?“.

Самарқандга илк муҳаббат

Либосидан тортиб қадим Бухоро ва Самарқанд меъморий обидалари тасвири туширилган эски суратларни авайлаб жойлаб қўйган сафар сумкаси-ю тақинчоқларигача самарқандлик ҳунармандлар томонидан ясалган. У бу либосларни кўз-кўз қилиш учун фақат Ўзбекистонда эмас, АҚШ, Испания, Франция – иш юзасидан қайси юртга бормасин, ўша ерда ҳам кияди. Унинг гардеробида бундай либослар, адрас чопон, нимча, лозим, кўйлак ва дўппиларнинг хилма-хили мавжуд.

Фредерик хоним шунчаки тарихий обидаларимиз ва маданий меросимиз, либосу санъатимизга ошуфта сайёҳ аёл эмас. Фредерик Бопертюи-Брессанд – тарихчи олима, Франциядаги Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганиш ассоциацияси президенти. Ассоциация муассислигида чоп этиладиган “La Timuride“ журнали бош муҳаррири. Фредерик хонимнинг Ўзбекистон, темурийлар тарихи билан боғлиқ тадқиқотлар олиб бориши-ю бу ўлкани чуқур тадқиқ этиши фақат ассоциация раҳбарлиги эмас, бу ишларнинг илдизи унинг муҳаббати туфайлидир. Ўзбекистонга, Самарқандга мафтунлиги бир пайтлар касбининг ҳам ўзгаришига сабаб бўлган.

– Биринчи марта Ўзбекистонга 1977 йилда келгандим, – дея хотирлайди Фредерик хоним. – Ўшанда Франциядаги университет талабаси бўлиб, рус ва хитой тилларини ўрганаётгандим. Рус тилини яхшироқ ўзлаштириш, унинг барча нозик жиҳатларини тушуниш учун собиқ иттифоқ таркибидаги қарийб барча давлатларда бўлдим. Шундай сафарлардан бирида Самарқандга ҳам келдим. Илк ташрифимданоқ бу ер мен учун англаб бўлмас даражада қадрдон туюлди. Францияга қайтгач, миноралару нилий гумбазлар тушларимга кира бошлади. Орадан бир неча йил ўтгач, яна келдим.

Шоҳи Зинда, Регистон, Бибихоним… Ҳар бирининг тарихию яқин ўтмишини қизиқиш билан ўрганар эканман, бу юрт одамларининг самимияти, ҳунармандлари маҳсулотларидаги жилоларга янада кўпроқ боғланиб қола бошладим. Фотоаппаратимни олдиму шаҳарни пиёда айландим. Обидалар, кўчалар, одамлару бинолар бир-бир фотоаппарат нишонига туша бошлади. Францияга қайтгач, уларни томоша қиларканман, фотокўргазма учун етарли суратлар борлиги хаёлимдан ўтди. Хаёл кўп ўтмай ҳақиқатга айланди. Кўргазмада Ўзбекистон тарихидан хабардор, темурийлар даврини ўрганган бир неча олимлар ҳам иштирок этди. Темурийлар даврининг бой маданий меросини тадқиқ этган франциялик олим Люсьен Керен билан ҳам шу кўргазмада танишдим. У билан темурийлар даври ҳақида анча суҳбатлашдик. Шундан сўнг бу давр тарихи, Амир Темур шахси, унинг ота, ҳукмдор, дипломат, жангчи сифатидаги қирралари ҳақида ҳар ҳафта суҳбатлашадиган бўлдик.

“Кўргазма баҳонасида сиз билан танишиб, темурийлар тарихи билан боғлиқ қизиқишларимни баҳам кўряпман. Эҳтимол, бу даврга қизиқувчилар кўпдир. Уларни жамлаб, ассоциация ташкил қилсак, нима дейсиз?“. Бу таклифим олимга маъқул келди. Шу тариқа кўп ўтмай, 1988 йилнинг 22 мартида Темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциацияси ташкил этилди. Узоқ йиллар ушбу уюшмага устозимиз, тарихчи олим, профессор Люсьен Керен бошчилик қилди. Суҳбатлар қизғин иш жараёнига айланди. Аввал Франция, сўнг бошқа давлатлардан ҳам темурийлар тарихини ўрганувчи, қизиқувчи олимларни ассоциацияга жалб эта бошладик. Ўша йилларни эслайман. Ўзбекистонга ассоциациямиз ташкил этилганини маълум қилиш ҳамда ҳамкорликда иш олиб боришни таклиф қилиш мақсадида ташриф буюрдик. Минг афсус, у пайтлар, собиқ иттифоқ таркибида бўлган юртда Амир Темур шахси ҳақида пичирлаб гаплашишар эди. Фақат 1991 йил, яъни Ўзбекистон суверен давлат сифатида эълон қилингандан сўнг алоқалар яхшиланиб, ҳамкорликда қатор ишларни амалга оширдик.

Ўзбек маданиятининг Франциядаги тарғиботчиси

Ассоциация томонидан амалга оширилган ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтсак. Уюшма томонидан ўтган йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археология институти, Темурийлар тарихи давлат музейи ва бошқа ташкилотлар билан алоқалар ўрнатилди. Фредерик Бопертюи-Брессанд 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллик юбилейи доирасида ўтказилган халқаро конференцияда “Темурийлар даври мусиқаси“ мавзуидаги маъруза билан иштирок этди. Шу йилларда Парижда “Мовий Самарқанд“ ва “Сеҳрли Самарқанд“ китоб-альбомлари нашр этилди. Самарқандда ўтказилган китоб тақдимотларидан бирида “Сиз туфайли Самарқандга бошқача назар билан қарай бошладик“ деган лутфни эшитган Фредерик хоним бу эътирофни ҳалиям кўнглида асраб юради. Ассоциация Ўзбекистон маданияти ва санъатини нафақат Франция, балки бутун Европа, АҚШда ҳам кенг тарғиб қилмоқда. Хусусан, Парижда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиеванинг концерти, рассом Бобур Исмоилов ва кулол Абдулла Нарзуллаевнинг кўргазмалари ташкил этилди.

2016 йилда Германияда ўтказилган “Алишер Навоий ва унинг жаҳон адабиёти ва маданияти ривожига қўшган ҳиссаси“ мавзуидаги халқаро конференцияда ассоциациямиз аъзолари ўз маърузалари билан қатнашдилар. Умуман, фаолияти давомида ассоциация томонидан Ўзбекистон маданияти, темурийлар даври, ўша даврга оид маданий ҳаёт мавзуларида турли давлатларда 200 га яқин конференциялар ташкил этилди.

Бу ишларнинг ҳаммаси ассоциация режаси ижроси учун эмас, балки Фредерик хонимнинг фидойилиги, Самарқандга муҳаббати туфайли амалга оширилган, десак кўпчилик ишонмаслиги мумкин. Аммо Фредерик хонимни бир неча йиллардан бери танийдиган самарқандлик дўстлари унинг бир сирини фош этиб қўйишди: “У кўпинча Ўзбекистон ҳақидаги китобларини нашр эттириш, хорижда ўтказаётган конференциялари учун маблағни оилавий бюджетидан ажратади“.

“Онамизнинг аждодлари ўзбек бўлган”

Оиладагилари Фредерик Бопертюи-Брессанднинг қадим Самарқандга муҳаббатини тўғри қабул қилишади. Париждаги хонадонидан катта бир уй фақат ўзбекистонлик ҳунармандлар ясаган маҳсулотлар билан безалган. Унда бешикдан тортиб турли каштаю сўзаналаргача, кўзадан тортиб офтобагача бор.

– Қизимнинг тили чиққанда айтган биринчи сўзи биласизми нима бўлган? – суҳбатни давом эттиради Фредерик хоним. – У “сю-за-не”, деб гапира бошлаган. Уни ҳатто бешикда катта қилмоқчи бўлгандим. Тўрт фарзандимнинг ҳаммаси ўзим каби Ўзбекистонга меҳр қўйган. Шарқ дунёси уларниям мафтун этган.

Ўзбекистонлик дўстларим уйимизга ташриф буюришади, мен ҳам уларникида меҳмон бўламан ва бу дўстликни жудаям қадрлайман. Ўғлимни уйлантиришим муносабати билан ўтказилган тўй маросимида дўстим Муножот Йўлчиеванинг ташрифидан бошим осмонга етганди. Унга қўшиқ айтиб беришини илтимос қилдим, у рад этмади.

Ҳа, ўз фарзандининг тўйида узун адрас либосда, ўзбек мумтоз мусиқасига рақс тушаётган француз хонимини тасаввур қилиш қийиндир, эҳтимол. Аммо ёнидагилари Фредерик хонимни шундай танийдилар. Унинг дўстлари ҳам Шарқ дунёсини чуқур тушунувчи инсонлар. Фарзандларининг “Онамизнинг аждодлари ўзбек бўлган”, деган ҳазиломуз гапларига жилмайиб қўя қоладиган хоним қарийб 40 йилдирки, кўнглидаги бу меҳр сабабларини айтиб бера олмайди, бу ҳолга изоҳ топишдан кўра, ҳар гал келганида мамлакат тарихи билан боғлиқ янгиликларни ўрганиб кетишни афзал билади.

Аллақайси эътиқодга кўра, инсон бир неча умрни яшаб ўтиши мумкин экан: турли асрларда, турли қиёфаларда. Агар шу фикрга таянадиган бўлсак, эҳтимол, Фредерик хоним ҳам XV асрларда айнан Самарқандда, янаям аниқроғи, темурийлар саройида яшаган бўлиши мумкин. Унинг Шарқ дунёси, хусусан, Ўзбекистон, Самарқандга нисбатан муҳаббати сабабини аниқлаш учун бошқа изоҳ топа олмадик.
Гулруҳ Мўминова

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фредерик Бопертюи-Брессанд хонимнинг аждодлари ўзбек бўлганми?