22:50 / 15.10.2018
5 475

Ўсмирлар нега ўз жонига қасд қилади?

Ўсмирлар нега ўз жонига қасд қилади?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунёда ҳар 40 дақиқада бир марта суиқасд содир этилади, 1 йилда қурбонлар сони миллион нафардан ошади.

Эътиборли томони, суиқасд ҳолатлари аҳоли яшаш даражаси паст мамлакатларда кўпроқ кузатилади. Жорий йилда ЖССТ ўз жонига қасд қилиш даражаси энг юқори 10та давлат рўйхатини тузиб чиқди. Аниқландики, қўшни Қозоғистон ушбу рўйхатнинг 4-поғонасида жойлашган, Марказий Осиё бўйича рўйхатда эса Ўзбекистон Қозоғистондан кейинги иккинчи ўринда бормоқда.

Ўз жонига қасд қилганларнинг асосий қисми 14-19 ёшдаги ўспиринлар ҳиссасига тўғри келади. Кўплаб давлатлардан фарқли ўлароқ, Қозоғистонда ёш авлоднинг ўз жонига қасд қилиш ҳолати ҳар йили аввалги давр билан таққослаганда 23 фоизга ошиб бормоқда. Мактабдаги безорилик, қўрқитиш ва қийноққа солиш бу ҳолатларнинг асосий сабаблари бўлмоқда. Ажабланарли томони, ўз жонига қасд қилаётганларнинг 70 фоизи соғлом бўлиб, уларнинг аксарияти қишлоқларда яшаган.

Хўш, Қозоғистонда ўсмирлар орасида суиқасд нега кескин суръатларда ўсиб бормоқда?

Оила ва ўқишдаги муаммолардан ташқари, ОТМларга кириш имтиҳонлари ҳам одам боласини тушкунликка солиб қўяди. Таълим тизими муаммолари билан шуғулланувчи «Ұлағатты жанұя» жамоат фонди президенти Марианна Гуринанинг фикрича, имтиҳонда инсон психикасига мос келмайдиган қийин саволлар берилиши ўсмирлар суиқасдига энг кўп сабаб бўлаётган омиллардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда эса 1990-2016 йиллар давомида ўсмирлар ўлими икки баравар (400 нафар) ошди. 2018 йилнинг 4 ойида 153 нафар ўсмир ўз жонига қасд қилган. Қўрқинчли ва хавотирли статистика. Табиийки, савол пайдо бўлади: катта ҳаёт остонасида турган ўспириннинг бундай оғир гуноҳга қўл уришига нима сабаб бўлмоқда? Уни қандай муаммолар қийнамоқда?

Асосий сабаблар қаторига носоғлом оилавий муҳит, ажримлар, ёлғизлик, тушкунлик, моддий етишмовчилик, терроризм ва бошқа ўнлаб сабабларни келтириш мумкин. Оқибатлари ҳам анчагина. Масала эса вақт ўтган сайин ҳар қандай кураш чораларига қарши ўзида иммунитет ҳосил қилмоқда.

Тошкент шаҳридаги «Wise school» хусусий мактаби ўқитувчиси Нигора Сайдалиева шундай дейди:

«Ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг кўпайишига олиб келаётган асосий сабаблардан бири ота-она ва фарзанд ўртасида катта жарлик мавжудлиги, унинг тобора кенгайиб кетишидир. Тезкор ва шиддатли замонда катталар бола тарбиясини таълим муассасаларига юклаб қўйишмоқда. Ваҳоланки, ўсмирлар асосий вақтини уйда, оилада ўтказади, унга дўст керак. Афсуски, биз - катталар дилбандимизга керакли меҳрни беролмаяпмиз. Яна бир ўринда айтиш лозимки, таълим муассасасида юзлаб ўқувчилар таҳсил олишади. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос ёндашув зарур. Битта мутахассис ҳар бир болага эътиборли бўлолмайди. Шу боис мактабларда битта эмас, балки кўпроқ руҳшунослар жамоасини шакллантириш лозим. Руҳий кўмакка муҳтож ўсмирга аниқ ташхис қўйиб, уни нормал ҳаётга қайтариш жиддий ёндашувни талаб қилади».

Ўзбекистон мактаб таълими ўтган йиллар давомида битта асосий ғоя билан шаклланди: тарбия ва таълим ажралмас бўлак. Лекин, ҳеч ким асосий саволни бермади, беролмади ҳам. Ким таълим берсин, ким тарбия? Бизнингча, тарбия масаласида аниқ ва ягона жавобгарлик оилада шаклланмай, унинг мактаб ё маҳаллага кўчиб ўтиши, кейинчалик салбий оқибатларга олиб келди. Масалан, мактаб ўқитувчиси энди фақат таълим беришни ўйламайди, унинг дарс беришга ортиқча вақти ҳам қолмаяпти.

«Ота-оналар жигарбандидан фарқли равишда руҳияти мустаҳкам шаклланган бўлади. Ўсмир бола депрессиясининг профилактикаси низоли вазиятларда қочишдан иборат эмас, у ҳали бунга тайёр эмас. Бунинг имкони йўқ. Шундай психологик иқлим яратиш керакки, ўсмир ўзини ёлғиз, тан олинмаган ва номукаммал ҳис этмасин. Шундай даврда ота-оналар ва психологлардан сезгирлик талаб қилинади. Депрессиянинг белгиларини эрта аниқлаш жуда муҳимдир. Ота-оналар ўз фарзандини эшитмайди, самимий суҳбатдош бўлолмайди. Оилавий ажримлар, ота-оналардан бирининг хорижга ишлаш учун кетиши, натижада болаларнинг қаровсиз қолиши кабилар ҳам муаммонинг илдиз отишига сабаб бўляпти.

ОАВда ўсмирларнинг ўз жонига қасд қилган ҳолатлари ёритилган хабарларни умуман бермаслик лозим, деган фикрдамиз. Агрессив хабарлар тўғрисидаги ахборот онг остига жойланади. Қачондир бу ўзини намоён қилмаслигига эса кафолат йўқ. Бу борада бир тавсиям бор: мудҳиш вазиятнинг олдини олиш учун библиотерапияни қўллашни тавсия қилардим. Ўқувчилар ўқиган китоб ва мақолаларидан олган маълумотларига таяниб қайта тикланишнинг шахсий ресурсларига эга бўлишлари мумкин. Соғлом ахборот майдонини яратиш ўсмирга ўзининг қийинчилик ва кечинмалари ягона эмаслигини англашга ёрдам беради», дейди амалиётчи психолог Вилоят Давлетова.

Айбни фақат оиладаги муҳитга боғлаш бир томонлама ёндашувни келтириб чиқаради. Аввало, суиқасд жараёнига етаклаб борувчи омиллар ҳақида гапирганда аниқ 3та омилни ажратиб кўрсатиш мумкин: турли ижтимоий қатламлардан чиққан боланинг тенгдошлари олдида ўксиб қолиши, оилавий низо ва босимлар, қўпол муносабат ҳамда беписанд бўлиш, ниҳоят, номукаммалликни ҳис этиб, шу каби туйғуларни енгиб ўтолмаслик, муаммолар олдида ожиз қолиш. Бундан ташқари, қуйидаги омиллар ҳам суицидлар сонини оширмоқда.

Биринчидан, таълим муассасаларида диншунослик асослари талаб даражасида ўқитилмайди. Бу фанни чуқур ўргатадиган мутахассислар бор. Аммо амалиётда улардан, кўп ҳолларда, фойдаланилмайди. Фикримизни асослашга ҳаракат қиламиз: таълим муассасаларида «Дин тарихи» фани тарих ёки маънавият фани ўқитувчилари томонидан ўқитилади. Тўғри, уларнинг мутахассисликлари диншуносликка яқиндир. (Албатта, мактаб ресурсларининг чекланганидан хабаримиз бор) Дин ва ҳаёт фалсафаси ҳақида ҳақиқий билим берадиган диншуносларни таълим тизимига жалб этиш керак. Онги шаклланаётган ўспирин дин ҳақида фундаментал билимга эга бўлиши ортидан унда эътиқод, ирода хислатлари пайдо бўлади. Қалбда бўшлиқ бўлса, уни носоғлом ғоялар эгаллашга ҳаракат қилади.

Иккинчидан, мамлакат миқёсида аҳолининг суиқасд ҳолатини мониторинг қилувчи ва олдини олиш билан шуғулланувчи ягона тизим мавжуд эмас (Мавжуд бўлса-да, ишонинг, жуда ёмон аҳволда ишлаяпти). Ушбу масалаларни тадқиқ қилувчи марказ ташкил қилинса, малакали психологлар жамоаси шакллантирилса, ўлим ҳолати кескин камайишига эришиш мумкин.

Учинчидан, афсуски, ўқув масканларида ҳаётни севиш, атрофдагиларни қадрлаш, кучли иродани тарбиялаш, руҳиятни нопок ниятлардан сақлаш сирлари борасидаги мотивацион машғулотларга аҳамият берилмайди. Ватан туйғуси, маънавият ва маърифат фанлари борку, дерсиз. Айни вақтда ёшлар онгида маънавият ҳақида чуқур билим мавжуд эмаслигини тан олишимиз керак. Аслида маънавият ҳақида кўп гапириб, унинг қадрсизланиб кетишига ҳам биз сабабчимиз.Ўқув юртларида маънавият соатларига энг паст даражада эътибор қаратилганидан хабардормиз, буни ҳар бир талаба ё кулиб, ё хомуш айтиб беради. Шу пайтгача ва ҳозир ҳам бунга панжа ортидан қаралмоқда. Европада вояга етган катта кишилар ҳам тирбанд навбатларда ҳурмат билан атрофдагиларга хуш кайфият ато этса, бундай меҳрибончиликни Ўзбекистонда боғча ёшидаги боладан бошқасидан топмайсиз.

Масалани ташқаридан эмас, ичкаридан туриб асл моҳиятига кирилмаса, ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари кўпайиб бораверади. Ўсмир бундай ҳолат билан тўқнашса, бунда атрофдагиларни айблаш ҳар доим тўғри ечим эмас. Энг аввало, уни руҳиятини емираётган хаёллардан қутқаришимиз керак. Носоғлом ғоя нима эканлигини англашга туртки бўлсаккина, у ўзини ичкаридан туриб тафтиш қила олади.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўсмирлар нега ўз жонига қасд қилади?