Техас штатида яшовчи Пеарл исмли товуқ дунёнинг энг кекса тирик товуғи сифатида тан олинди. У 14 ёшга тўлди ва Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди, деб ёзади Pravilamag.
Эгасининг сўзларига кўра, Пеарл 2011 йил 13 март куни инкубаторда тухумдан чиққан. “У барча умидларни ортда қолдирди, чунки бу зотдаги товуқлар одатда атиги 5–8 йил умр кўради”, — дейди эгаси Соня Халл.
Ҳозирда Пеарл мустақил юришда бироз қийналади, шу сабабли кўп вақтини оиланинг кир ювиш хонасида ўтказади. “Баъзан биз уни меҳмонхонага олиб чиқамиз, чунки телевизор ёқилганида томоша қилишни жуда яхши кўради”, — дейди Халл. Пеарл уй ҳайвонлари, хусусан, кекса мушук ва баъзан унинг устида ухлаб қоладиган мушукчани ҳам яхши кўради.
Гиннеснинг рекордлар китоби 22 май куни Пеарлнинг ёшини тасдиқлаб, уни расман дунёдаги энг кекса тирик товуқ деб эълон қилди. Қизиқ томони, бу хабар эълон қилингач, Пеарл дарҳол битта тухум қўйган, одатда эса жуда кам тухум қўяди.
Маълум бўлишича, Гиннеснинг рекордлар китобига Канададаги бошқа бир товуқ ҳам киритилган — у рақамлар, ҳарфлар ва рангларни таний олади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!