date
views 9 964

Коррупция — қонунни менсимасликми?

Коррупция — қонунни менсимасликми?
Бугун энг кўп ишлатилаётган сўзларимиздан бири — «коррупция». Ижтимоий ҳаётда унинг домига тушиб, оёғи қоқилаётганлар оз эмас.

Қадимги дунёда баъзи қабилаларда муайян мавқега эга бўлиш учун унинг сардорига турли совға-салом бериш одатидан коррупциянинг илдизлари бошланган экан. У вақтларда бу амал одатий ҳол деб қабул қилингани табиий. Бироқ жамият ҳаётининг мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг мамлакат ривожига катта тўсиқ эканини кўрсатди.

Тез-тез эшитиб қолаётганимиз: болалар боғчасидан то олий ўқув юртларигача, қоровулдан то ҳокимгача, айбланувчидан то қозигача бу иллат қурбонига айланиб, қанча жазоланса-да, тамагирликка қарши қаттиқ курашилса-да, коррупцияга тўла барҳам бериб бўлмаяпти. Хўш, нега шундай? Сабаби оддий: одамлар унча-мунча ишни азбаройи вақтини беҳуда сарфламаслик учун эмас, ўша юмуши айрим нопок, тамагирлар томонидан ўрнатилган турли сохта ғовлар сабаб битмай қолишидан қўрқув туфайли ҳам пора бериш пайида бўлади. Шу зайлда кўпчилик «бераверади», камчилик «олаверади». Албатта, бундайлар сафи ошиши ва нафси ҳакалак отишида сизу биз ҳам, барчамиз айбдормиз!

Бир кишининг интернетда «Ҳатто коррупцияга қарши курашадиган идораларда ҳам коррупция бор», дея қолдирган изоҳи кишини чуқур ўйлантириб қўяди. Бу фикрни XVII асрда яшаган Томас Гоббснинг «Коррупция — даврлар оша ўсиб келаётган илдиз бўлиб, у ҳар хил орзу-ҳаваслар ортидан бирортаям қонунни менсимасликдир», деган гапи янада мустаҳкамлайди.

Аслида инсоният тарихида коррупцияга қарши кураш қадимдан бошланган. Геродотнинг хабар беришича, қадимги форс давлати — Аҳамонийлар салтанатида шоҳ Кир II нинг ўғли Камбис II даврида пора олган судьянинг тириклайин териси шилиниб, курсисига тортиб қўйилган ва унинг ўғли шу вазифага тайинланганки, токи судда иш кўраётган чоғида қайси курсида ўтирганини унутмасин.

Русларда 1556 йилда Иван Грозний томонидан порахўрлик учун ўлим жазоси жорий этилган.

Японияда бу масала бола онгига элементар усулларни сингдиришдан бошланган. Яъни, дарс машғулоти вақтида китобдан кўчираётган ўқувчи ёнида ўтирган дўсти ўша пайтнинг ўзида ўқитувчига хабар берган. Ўқитувчи айбдорга жазо бали ва хабардор қилган ўқувчига эса, рағбатлантирувчи балл қўйган.

Сингапур ҳозирги пайтда коррупциянинг йўқлиги, иқтисодий эркинлик ва тараққиёт даражаси бўйича дунё рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаган. Қатъий авторитар давлат номини олишига ҳам у ерда жорий этилган «Виждонли бўлиш ва сотилмаслик» тамойили сабаб бўлган. Сингапур мисоли сиёсий ирода, коррупцияга қарши самарали қонунчилик ва сотилмайдиган мустақил агентлик (Коррупция ҳолатлари юзасидан суриштирув олиб бориш бюроси) бир неча йил ичида коррупцияни жуда паст даражага туширишга қодир эканини кўрсатди. Бу давлатдаги асосий ислоҳотлар судьяларнинг ойлигини кескин оширишга (1990 йилда 1 миллион доллар), судьялик лавозимига энг яхши адвокатлар жалб этишга қаратилди. Жиноят олами гуруҳлари шафқатсизлик билан йўқ қилинди. Масъулиятли лавозимларни эгаллаб турган давлат хизматчиларининг маоши хусусий корпорациялар топ-менежерлариники даражасигача оширилди.

Ҳозирда порахўрлик учун қўлланиладиган Хитойдаги жазо тури бошқа ҳеч бир давлатда бўлмаслиги табиий. Сабаби, у ерда бундай жиноят жиддий саналиб, жиноятчига нисбатан қатл жазоси белгиланади.

Жанубий Корея Конституциявий маҳкамаси коррупция туфайли бундан олдинги ўз давлат раҳбарини кечирмади ва лавозимидан четлатди. Бу давлатда барча раҳбар амалдорларнинг фаолиятини ишдан кетгандан кейин ҳам чуқур тафтиш қилиш амалиёти кенг жорий этилган.

Коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсда олиб борилиб, БМТ томонидан 9 декабрь — «Халқаро коррупцияга қарши кураш куни» деб эълон қилинган. Энг ачинарлиси, дунёнинг деярли барча давлатлари қонунларида коррупцияга қарши курашишга доир нормалар мавжуд бўлса-да, порахўрлик дунёнинг исталган бурчагида бор, фақат қаердадир кескин авж олган, бошқа ерида эса бир қадар камроқ учрайди.

Тадқиқотлар бирор бир иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи эмас, балки сабаби билан курашиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин курашиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда бу иллатга қарши кураш бўйича аниқ мақсадли стратегия белгиланди. Жумладан, 2017 йилда «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ҳам жамиятимизда мазкур иллатнинг пайини қирқишда янги босқични бошлаб берди. Мазкур қонун билан коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш, тамагирлик қилиш каби жиноят ҳолатларига йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

Кўриниб турибдики, қонун ва қонуности ҳужжатларимизда коррупцияга қарши кураш бўйича хорижий амалиёт нормалари ҳам сингдирилиб, кучайтириб борилмоқда. Қабул қилинган қонун ҳужжатлари ўзининг самарасини бера бошлади ҳам. Хусусан, мамлакатда бюджет очиқлигининг таъминланиши, Ўзбекистон турли халқаро рейтингларда («Халқаро бахт индекси»да 47-ўрин, «Қонуний тартибларга итоат қилиш индекси»га кўра 2-ўрин ва ҳ.к.) кўтарилиб бораётгани бежиз эмас.

Шу ўринда қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишда яна айрим жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ. Хусусан, ОАВнинг шу йўналишдаги фаолиятини янада ривожлантириш, коррупция ҳолатларини аниқлаш, оқибатларини ёритиш борасидаги фаолиятини рағбатлантириб бориш лозим. Аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш ва меҳнатга муносиб ҳақ тўлашнинг энг долзарб масаласи ҳисобланган «Истеъмол саватчаси»ни жорий этишни тезлаштириш зарур.

Диний уламоларимиз масжид ва мадрасаларда мунтазам равишда коррупция ва унинг салбий оқибатлари хусусида тарғиботлар олиб бориши, «Коррупциядан холи ҳудуд» мавзусида кенг жамоатчилик ўртасида ижтимоий сўровлар ташкил этиш орқали, танловлар ўтказиш, олимлар, тадқиқотчилар ва изланувчиларнинг коррупцияга қарши кураш бўйича тадқиқот натижаларини амалиётга жорий этиш механизмини ривожлантириш, инновацион ёндашувларни қўллаб-қувватлаш даркор. Аҳоли томонидан энг кўп мурожаат этиладиган жабҳалар, хусусан, коррупция аломатлари мавжуд тармоқларда кафолатланган шаффоф электрон тизимни жорий қилиш ҳам яхши самара берадиган чоралардан бири бўлиши, шубҳасиз.

Бир сўз билан айтганда, тараққиёт кушандаси, одамларни йўлдан оздирувчи қабоҳат — коррупция аталмиш жиноятга қарши кескин курашиш, унинг йўлига қатъий тўсиқ қўйиш эртанги кунимизнинг фаровонлигига, халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиб яшашида ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнайди.
Исломжон ЗОКИРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати


Қарши кураш кучайдими ёки нафс ҳакалак отмоқдами?
P.S. Сўнгги вақтларда коррупция билан боғлиқ жиноятлар ҳақида турли оммавий ахборот воситалари, ҳуқуқ-тартибот органларининг расмий хабарлари орқали эшитяпмиз, кўряпмиз. Оддий фуқаролардан тортиб, турли лавозимдаги мансабдор шахсларнинг пора бериши ёки олиши чоғида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан воқеа жойида ушланаётгани айтилмоқда.

Айниқса, айрим вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳоким ўринбосарларининг мана шундай жиноий ишга қўл ураётгани аён бўлмоқда. Мана, куни кеча Қува тумани ҳокими ўринбосари пора олаётган вақтда қўлга тушганига оид хабар берилди. Бундан ташқари, депутат, ўқитувчи, шифокор, молиячи, тадбиркор, талаба кабилар ҳам бундай иш билан қўлини булғаётганига нима дейиш мумкин?

Ўтган 2017 йил сарҳисоб қилинса, мансабдор шахсларга пора бериш билан боғлиқ 1 минг 700 дан ортиқ жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилган. Оқибатда 2,5 минг нафарга яқин шахс жиноий жавобгарликка тортилган.

Хўш, буларнинг ҳаммаси нимадан дарак беради? Бу мамлакатимизда коррупция деган иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашга жиддий киришилдими ёки мансабдорларнинг пора олиш иштаҳаси очилиб кетдими? Ўша мансабдорларни коррупцияга қўл уришига нима мажбур қилмоқда?

Бу борада ҳам тегишли мутахассислар, қилни қирқ ёрадиган қонуншуносларимиз ўз мулоҳазаларини баён этса яхши бўлар эди. Айниқса, депутатларимизнинг бу масалалар ҳақидаги муносабатларини халқимиз, яъни ўз сайловчилари доимо кутишлари аниқ.

Албатта, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Ким бўлишидан қатъи назар, бу иллат ботқоғига оёқ қўйганлар қонун олдида баравар жавоб беряпти.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралар­аро комиссияси томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ушбу жиноятнинг сабаблари ва юзага келиш шарт-шароитларини комплекс бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган 2019-2021 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Давлат дастури лойиҳаси қуйидаги бешта йўналиш бўйича шакллантирилади:

— коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;

— фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

— таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар;

— коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, оқибатларини, сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

— коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар, тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ҳамкорлик.

Ҳар бир фуқаро Давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Бунинг учун у anticorruptionuz телеграм-ботига кириб, коррупция ҳолатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни тақдим этиши ёки коррупция билан тўқнашилган ҳоллар хусусида ўз фикрларини билдириш имкони бор.


Манба: Od-press.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупция — қонунни менсимасликми?