date

Самарқандда қирғовул овлаганлар табиатга 288 миллионлик зарар етказди

Самарқандда қирғовул овлаганлар табиатга 288 миллионлик зарар етказди

Самарқанд вилоятида яна табиатни авайламаслик билан боғлиқ нохуш ҳолат қайд этилди. Пастдарғом туманида икки фуқаро ноқонуний равишда Зарафшон қирғовулларини овлагани аниқланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Пастдарғом тумани “Туркман” маҳалласида яшовчи фуқаролар С.Т. ва З.Н. Нуробод тумани “Юксалиш” маҳалласи ҳудудига бориб, қонун билан ҳимоя қилинадиган 7 та ёввойи Зарафшон қирғовулини овлаган.

Текширув давомида уларнинг бу ҳаракати фаол муҳофаза этиладиган турларга нисбатан жиноят деб топилди. Чунки Зарафшон қирғовули Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, яъни у камёб тур сифатида муҳофаза қилинади. Мутахассислар таъкидлашича, бу турнинг сони сўнгги йилларда бироз кўпайган бўлса-да, уни ҳимоя қилиш чоралари ҳали ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Ҳисоб-китобларга кўра, ноқонуний ов натижасида ҳайвонот дунёсига етказилган иқтисодий зарар 288 миллион 400 минг сўмни ташкил этган. Ҳозирда ҳодиса бўйича тўпланган материаллар Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилиб, ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли жазо чораларини кўриш ишлари бошланган.

Экологлар таъкидлашича, табиатдаги ҳар бир жонзотнинг экотизимда ўз ўрни бор. Бир турнинг йўқолиши ёки сони камайиши бутун биологик мувозанатга таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабдан ҳам бундай ҳуқуқбузарликлар нафақат молиявий, балки экологиявий талафот деб баҳоланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда қирғовул овлаганлар табиатга 288 миллионлик зарар етказди