Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида жойлашган 7-мактабда содир бўлган ҳолат жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлди. Жорий йилнинг 21-сентябрь куни ижтимоий тармоқларда инглиз тили ўқитувчиси 3-синф ўқувчиларининг пешонаси ва юзига “икки” баҳо қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳолат кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, вазият бўйича тезда ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари бошланган. Текширувлар натижасида ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотлар тўлиқ тасдиқланган. Маълум бўлишича, ўқитувчи дарсга тайёрланмаган ўқувчиларни жазолаш мақсадида уларнинг пешонасига “2” баҳосини ёзиб чиққан.
Бошқарма баёнотида қайд этилишича, ўқитувчи бу хатти-ҳаракати учун чин дилдан афсус билдирган ва қилган ишидан пушаймонлигини айтган. Унинг ёши ва тажрибасизлиги ҳисобга олинган ҳолда унга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган. Шу билан бирга, унга педагогик этика қоидалари бўйича тушунтириш ишлари ўтказилган.
Мутахассислар таъкидлашича, бу каби ҳолатлар таълим жараёнида йўл қўйиб бўлмайдиган хатолардан ҳисобланади. Ўқитувчиларнинг асосий вазифаси болаларни руҳан қўллаб-қувватлаш, эмас, уларни жамоа олдида шарманда қилиш эканлиги эслатиб ўтилди.
Шунингдек, вилоят таълим бошқармаси барча мактабларга ўқувчи шахсини хурмат қилиш ва педагогик ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиш бўйича қўшимча кўрсатмалар юборган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги 62-мактаб раҳбари 1-синф ўқувчилари олдида мактабнинг аёл педагогларини ҳақорат қилгани учун лавозимидан озод этилганди. Бу ҳолат ҳам жамоатчилик томонидан кескин танқид қилинган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!