19:05 / 10.01.2019
3 832

Калтакка эмас, каллага зўр берсайдик!

Калтакка эмас, каллага зўр берсайдик!
Иқтисод, ишлаб чиқариш, тижорат соҳаларига айтарли қизиқмай келганман. Шу мавзуларга доир мақолаларни ўқишга ҳеч тоби-тоқатим бўлмаган. Лекин икки-уч йил олдин “Педагог минбари” журналида иш бошлаганимда бошлиғимиз Ўзбекистондаги индустриал зоналар ҳақида мақолалар ёзиб бориш вазифасини бўйнимга юклаб қўйди. Ўзингиз зериккан мавзуда қизиқарли мақола ёзишингиз мумкинми? Лекин йўқ деёлмадим. Ўрганиш жараёнида амин бўлдимки, бу соҳалар муҳим, қизиқарли, фойдали бўлиб, мамлакат биносини тутиб турадиган асосий устунлардан бири экан.

Афсуски, ушбу йўналишларга доир чуқур билимга эга эмасман, таҳлилий мақолалар, фикрлар тақдим қилолмайман.

Лекин Жанубий Кореяда бир ишчи сифатидаги кузатишларим билан ҳар замон ўртоқлашиб келяпман.

Бир икки ой олдин заводимиз ишини тўхтатиб, кўпгина ишчиларга жавоб бериб юборган эди. Ҳозир “Арабайт самушил”, яъни мардикорлар идораси орқали турли-туман ишларга чиқиб турибман. Завод бошлиғи қайтадан ишга чақирган эди бормадим. Сабабларидан бири, Корея ҳаёти билан яқинроқдан танишиш. Қилмаган ишинг, кўрмаган балонг қолмайди. Деҳқончилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ишларига, ҳаммоллик каби юмушларга ёлланиб келяпмиз.

Идора иш топиб бергани, ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга бел боғлаб тургани учун кунлик иш ҳақингиздан 10% дан 20 %га қадар ушлаб қолади. Яқин-яқингача ўртача 120 000 вондан ўн бир минг вон хизмат ҳақи олиб келар экан. Ҳозирда ишчилар кўпайиб кетгани, иш аввалгига нисбатан камайгани сабаблими, 20 минг, 25 минггача ушлаб қоляпти. Бу ерда мардикорлар кўчада бирга турнақатор бўлиб ўтириб, хизмат келса, ҳар томондан ёпирилиб иш талашмайди. Ёзда иссиқ, қишда салқин хонада ўриндиқда ўтириб, кофе ичганча, текин интернет, телефон титкилаб ўтиради. Ким қаёққа боришини идоранинг бошлиғи ҳал қилади. Иш маъқул келмаса, бемалол бош тортаверасиз. Мисол учун чўчқахоналар билан боғлиқ ишларга ўзини билган мусулмонлар бормайди. Ишга ёлловчи тушлик, ишга олиб бориб, қайтариб олиб келиш хизматларини бўйнига олади.

Гоҳида қурилиш ишларига чиқиб тураман. Устаман деганининг шахсий юк машинаси бор. Унинг ичи тўла ўзига тегишли қурол-аслаҳа. Шундан ҳам биласизки, устанинг машаққати анча енгил. Анча нима деган гап! Бизнинг усталар қўл меҳнати билан соатлаб, кунлаб бажарадиган ишларни икки тамаки орасида битиришади. Қурилиш асноси қандай ашёга эҳтиёж туғилса, уловига ўтиради, ғиз этиб дўконга чиқиб келади. Уйнинг эгаси уни қаердан олсам, буни кимнинг тракторини гаплашиб юклаб келсам, дея бошини қотириб ўтирмайди. Одатда устанинг ўзи ҳамма нарсани муҳайё қилади ва бинони қуриб битказгач, ҳақини олиб бошқа ишига отланади. Иш оғирроқми, ёрдамчи керакми, бизга ўхшаган дастёрларнинг сон-саноғи йўқ. Қурилиш молларими, хуллас, ҳар қандай маҳсулотни дўконлардан дарров топасиз. Шаҳарма-шаҳар изғишга ҳожат йўқ, энг оддий қишлоқларда ҳам маиший ҳаёт учун зарур бўлган ҳамма нарса сотилади. Нархларни интернетга бир кўз югуртириб билиб олаверасиз. Айтгандек, биз томонларда почта деган сўз истеъмолдан чиқар ҳолда эди, адашмасам. Бу ерда эса почта хизматлари шу қадар фаол ишлайдики, ҳайрон қоласиз. Бозорга, дўконга чиқишга ҳам ҳожат йўқ. Интернет бозори қайнайди. Почта юклаган уловларнинг ёнилғи пулининг ўзи давлатнинг бир томонини обод қилаётган бўлса, ажаб эмас.

Сиз бехавотир буюртмангизни бераверинг йўллар теп-текис, буюртмангиз ўз вақтида, зиён-заҳмат кўрмай остонангизгача етиб келади.

Ҳа йўллар...
Йўллар мамлакат тараққиётида жуда катта роль ўйнайди. Кореяда шаҳар, қишлоқларни қўяверинг, дала майдонларига чиқинг. Асфальт қилинмаган экин майдонини кўрганимни эслолмайман. Аҳоли тирикчилигини қилиши, ишбилармон тадбиркорлигини, деҳқон экинини, уста ҳунарини кўрсатиши учун йўлларда ҳеч бир моддий-маънавий тўсиқ учратмайди...

Сув
Корея доим арчадек ям-яшил. Сув қувурлари етиб бормаган бирор хонадон, бирор дала топа олсангиз, сизга қойил қоламан. Сув - ўз номи билан оби ҳаёт! Сув ақл билан, инсоф билан тақсимланмаса, инсоннинг ҳоли нима кечади?! Касалликлар урчишининг асосий сабабларидан бири ҳам сув тақчиллиги, ифлосланган сувлар, ачиб-бижиб ётган ариқлар, анҳор, ҳовузлар эмасми?! Деҳқонни қон қиладиган, бор меҳнатини ер билан яксон қиладиган сув тақсимотида йўл қўйиладиган, эътиборсизлик, инсофсизлик, жабр-у зулм, лоқайдликлар эмасми?!

Ишчи ва мутахассислар
Ҳа, инсон омили - энг бирламчидир. Кореялик ким деб сўрасангиз, мен ҳеч иккиланмасдан, бир оғиз гап билан ИШЧИ деб жавоб берган бўлардим. Ишини пухта биладиган, пухта қиладиган одамлар. Ишлаш учун яшаётган одамлар. Бундан эришадигани ҳам кўп, йўқотадигани ҳам. Эришадигани - дунё, йўқотадигани - охират! Кошки, шу одамлар эътиқодли мусулмонлар бўлганида! Қонунлар яхши ишлагани, ҳамма ёқда камералар ўрнатилгани учунми, ёлғончилик, ўмариш, кўз бўямачилик, хуллас давлатни, миллатни орқага тортадиган ҳолатлар кўзга ташланмайди. Аммо барибир, динсиз адолат тўкис бўла олмаслигини ҳам кўзларим билан кўряпман. Бу йил Кореяда ишлар анчагина орқага кетди. Инқирозга учраётган заводлар ортиб боряпти. Четдан келган ишчилар кўпайиб, иш эса камайиб боряпти. Дўпписи тор келиб қолган айрим “инсофли” деб таниганимиз кореялик ошналар ишчиларнинг ҳақидан очиқ-ойдин уриб қолишга, ишлатиб-ишлатиб ҳақини бермасликка қадар боришмоқда. Мен танийдиган одамлар орасида иш ҳақини ололмай юрган мусофирлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Жумладан, камина ҳам:).

Эътиқод эркинлиги
Корейс халқи ҳаётини эътиқод асосида эмас, иш, касби кор устига қурган. Ҳар ҳолда мен шундай ўйлайман. Кўчалар насронийларнинг хочига, бутпарастларнинг бутларига тўла. Жуда кўплаб одамлар эса ҳеч қайси динга ишонмайди. Бу мамлакат ривожида АҚШ катта роль ўйнайди. Балки шу боисдандир ҳар кўчада хочларга дуч келамиз. Миссионерлар яхши ишлайдиган кўринади. Гоҳида ижара уйимиз эшигини тақиллатиб ҳам келиб қолишади. Йўлимни тўсиб ҳам аллам балолар деб ўзларига оғдирмоқчи бўлишган. Шундай мулойим, шундай чиройли табассум қиладиган хонимлар. Бутпарастлар эса қачон қандай ибодат қилишади, гувоҳи бўлмадим. Фақатгина кўчаларда сотиш учун қўйилган тош ҳайкалларни кўп кўраман. Бутхона қўнғироқлари ора-сира жаранглаб туради.

Мусулмонлар асосан четдан келган ишчилардан иборат. Корейс бошлиқлар бизнинг соқол қўйишимизга, қизларнинг рўмол ўрашига, намоз ўқишимизга ҳеч қандай қаршилик қилишмайди. Ҳозир кўпинча мачалка заводига ишга бориб тураман. Иш бошқарувчи бизни ишга олиб кетаркан, неча киши намоз ўқишини сўраб, намоз тақвимига кўз ташлаб олишни канда қилмайди. Шунга қараб, намоз иш вақтига тўғри келса, ўзи келиб бир-бир ўрнимизга ишлаб туради, биз ҳам навбат билан ибодатимизни қилиб оламиз. Истаса, намоз ўқимайдиган ишчиларни ёллаши мумкин. Лекин иймони бўлмаса ҳам, инсофи бор! Бундай ҳолат жуда кўп бўлган, илгари ҳам бир заводда ишлаганимда ўнлаб одам намоз ўқигани турар, корейс ишчилар уларнинг ўрнига ишлаб турарди. Ибодат ҳам бўлади, иш ҳам. Яна бир заводда ишлаганимда ҳаммамиз ёмон кўрадиган муомаласи қўпол бир корейс фақат намозга келганда юмшаб қоларди. Картон қоғоз, гиламча, мачалкага ўхшаган нарсалар қўлига илиниб қолса, ибодат қиласизлар деб бизга келтириб берадиган одати бор эди...

Гапимиз узайди. Шу қадари ҳам етар. Зора, бизнинг диёрларда ҳам раҳбарларимиз ақл ва тадбир, инсоф-у адолат билан иш қилишса, силласи қуриган одамларимизни бадтар эзмасалар! Халқимизни, мўмин-мусулмон халқимизни тинчгина иши ва ибодатини қилишига, таълим-тарбиясини олишига қўйиб берсалар! Озгина эшик-деразани очсалар, динига ташна халқ учун сувнинг жўмрагини бироз бураб қўйишлари кераклигини англаб етсалар зора!

Одамларни ўз ҳолига қўйинг, ишласинлар. Автоуловлар арзонроқ қилиб қўйилса кошки, ҳар бир деҳқон, ҳар уста-ҳунарманд, ҳар бир хонадон, ҳар қайси маъмурнинг ҳожатига ярайдиган улови, инсонга ўхшаган ҳаёти бўлсин! Одамлар кам харажат билан кўп ва сифатли маҳсулотлар етиштирсин, ишлаб чиқарсин! Аввало ички эҳтиёжни таъминлаб, кейин хорижга охири кўринмаган карвонлар жўнатсин! Давлат мана шундай ривожланади, халқнинг косаси оқарса, давлатнинг косаси оқаради. Элнинг егани ҳазм бўлса, ишбошиларнинг егани буюради. Монополия қилиб олинган ташкилотлар давлатга бир сўм фойда берса, минг сўмлик зиён беради!

Хуллас, калтакка зўр берадиганмас, каллага зўр берадиган маҳаллар аллақачонлар эди келгани...
Ғолиб БАҲРОМ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Калтакка эмас, каллага зўр берсайдик!