Саида Мирзиёева Тошкентда иссиқхоналарни текшириш бўйича тунги рейд ўтказди

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Махсус комиссия йиғилишидан сўнг экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатаётган ноқонуний иссиқхоналарни текшириш мақсадида мутасаддилар билан биргаликда тунги рейдга чиқди. У шундай объектлардан бири раҳбари билан суҳбатда унинг фаолияти аҳоли саломатлигига зарар келтираётганини тушунтириб, бу амалиётни дарҳол тўхтатишни талаб қилди.
«Бу нотўғри, ноқонуний. Сиз тирикчилик қилаяпсиз, биз эса шу ҳаводан нафас оляпмиз. Тўхтатинглар… Одамларимизнинг, болаларимизнинг соғлиги жуда муҳим», — деди Саида Мирзиёева вазиятга муносабат билдириб.
Бугунги йиғилишда таъкидланганидек, экологияни яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар бир марталик акция эмас. Ҳаво сифатининг вақтинча яхшиланишига қарамай, бу йўналишдаги чора-тадбирлар изчил ва тизимли давом эттирилади. Ҳар бир раҳбар бу ишнинг аҳамиятини чуқур англаши шартлиги катта урғу билан қайд этилди.
«Миллат саломатлиги — президентимиз учун устувор вазифа. Муаммо тубдан ҳал бўлмагунча тўхтамаймиз», — деди Саида Мирзиёева йиғилишда.
Эслатиб ўтамиз, 24 ноябрь куни Тошкентда ҳаво ифлосланиши кучайганидан кейин Саида Мирзиёева масъул идоралар билан фавқулодда йиғилиш ўтказган, шундан сўнг президент Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан экологик чора-тадбирлар тасдиқланиб, махсус комиссия тузилганди.
Ҳозирда мазкур комиссия Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳавони ифлослаётган объектлар бўйлаб ҳар куни рейдлар ўтказмоқда. Бу ишлар аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш ва пойтахт экологиясини барқарор яхшилашга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!