17:20 / 30.01.2019
8 725

«Ундан эшитган сўзларни ҳаттоки энг қўпол эркаклардан ҳам эшитмаганман»

«Ундан эшитган сўзларни ҳаттоки энг қўпол эркаклардан ҳам эшитмаганман»
Интернет тармоқларида, «Ўzxalqharakati.com» сайтида Шаҳноза Бойқунусова номидан мурожаат тарқатилаётгани ва унда аёл айбдор деб топилган жиноят иши бўйича суриштирув нохолис олиб борилганлиги, процессуал ҳужжатлар эса гўёки сохталаштирилганлиги таъкидланаётгани ҳақида хабар берилган эди.

Шаҳноза Бойқунусованинг жиноий ҳаракатларидан жабрланганлар ва унинг интернет тармоғидаги хабарларидан ғазабланганлар Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мультимедиа марказига интервью беришга рози бўлиб, ўз фикрларини билдирди. ИИББ матбуот хизмати тақдим этган мақола қуйида тўлиғича келтирилади.

Гапни 2016 йилдан бошласак, айнан шу йили Шаҳноза Бойқунусова ўз жабрланувчилари билан танишган. Нақдсиз тўлов тури ривожланиши ва ўша йилларда мавжуд бўлган банк пластик карточкаларидаги маблағни нақд қилиш муаммоси фирибгарлар учун қулай даромад турига айланди. Икки-уч йил олдин одамлар «пластикдаги» пулни маълум фоиз эвазига нақд қилиб берадиган шахсларни излашарди. Аммо «нақд қилиш операцияси» ҳамма учун ҳам ижобий якунланмас эди. Худди Шаҳноза Бойқунусованинг фирибгарлик ҳаракатларидан жабр кўрган беш нафар фуқаролар каби:

«Икки йил олдин, 2016 йилнинг август ойида лизинг компанияси директори бўлиб ишлаган давримда, Зафар Усмонов исмли эски ҳамкасбим мендан 396 миллион сўм пулни пластик картадан 15 фоиз эвазига ечиб беришни илтимос қилди. Мен рози бўлдим. Ярим пулни ўз вақтида, қолганини эса 10 кун ичида етказиб беришларига келишдик. Аммо ҳатто пулнинг биринчи қисмини ҳам уч ой давомида бўлак-бўлак ҳолда олдим! Аввал пулни Зафар келтирарди, у Шаҳноза билан бирга унинг машинасида келар эди. Кейинчалик икки марта Шаҳнозанинг ўзи келди. Унинг муомаласи мулойим эди: пулни олиш учун унинг машинасида борар эдик, кейин у мени машинамни қолдирган жойимга олиб бориб қўяр ва яна сабр қилишни илтимос қилар эди. Аммо пулни иккинчи қисмини тезроқ беришини талаб қилганимда, Шаҳноза ҳаммасини Зафарга тўнкаб, менинг пулларимни унга берганлигини айтди. Шундан кейин у ўзининг асл қиёфасини кўрсатди: ҳақорат қилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга унга нисбатан товламачилик қилаётганим ҳақида ариза ёзаман деб қўрқитмоқчи бўлар эди. У ўз ваъдасида турди: мени у ариза ёзган барча ички ишлар бўлимларига чақиришарди. Мен ўзим томонимдан 2017 йилнинг март ойида Шайҳонтохур тумани IIО ФМБга ёзилган аризани кўрсатганимдан кейин, қўйиб юборишар эди. Бойқунусова мени асабларимни чарчатишда ҳозиргача давом этмоқда. У турли хил йўллар билан терговни чўзишга ҳаракат қилар эди: терговчилардан арз қилар, судьяларга раддия билдирар эди... Тўғрисини айтсам, мен бу ҳодисалардан чарчадим. ИИББ ходимлари бу аёлни фирибгарлигини фош этишгани мени хурсанд қилди. Терговчилар ўз ишларини усталик билан олиб боришди, уларнинг бардош ва сабрларига ҳавас қилса арзийди. Афсуски, бу фирибгарнинг дастидан жабр кўрганларнинг ҳаммаси ҳам ариза ёзмади. Бойқунусова 15 ёки 20 миллионга алдаган яна бир инсонни танийман. Аммо унинг бу каби шахс билан алоқа қилиш нияти йўқ. Ариза ёзган бошқа жабрланганлардан эшитишимча, Бойқунусовага алданганларнинг сони кўп. Уни кўплар танийди. Бу ҳодисаларни оммага чиқариб тўғри йўл тутилди. Интервьюга ҳақиқатни айтиш учун келганимни қайд этиб ўтинг. Бу ишда у билан телефон орқали сўзлашувимизнинг 11 та аудиоёзуви бор. Бойқунусова аслида кимлигини билганим заҳоти суҳбатларимизни ёзиб юрдим», – дейди жабрланувчи Илдар Минуллин.

Маълумот учун, Тошкент шаҳар жиноий ишлар бўйича судининг апелляцион босқичи қарори билан Зафар Усмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми бўйича айбдор деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 5 ой 18 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ва ойлик маошининг 20 фоизини давлат ҳисобига ундириш жазоси қўлланилди.

Илдар Минуллиндан ташқари, беш нафар жабрланувчиларнинг ҳар бири бўлиб ўтган воқеалар ҳақида сўзлаб берди. Фақат улардан бири Қашқадарё вилоятида бўлганлиги сабабли етиб кела олмади.

«Шаҳноза менга ўзини ‘Дори дармон’ дорихоналар тармоғи эгаси деб таништирди. У одатда Шароф Юсупов исмли шериги билан келиб, машинасидаги коробкаларда дорилар борлигини айтарди, шу сабабли унга ишонишим осон бўлган бўлиши мумкин. Бундан ташқари у дорихоналарга қайси дорилар кераклигини аниқлаб олиш учун киришини тушунтирарди. У асли ‘Дори дармон’ корхонасига алоқаси йўқлигини кейинчалик, суд жараёнида ушбу корхона вакиллари кўрсатма берганларида билдим. Аслида эса у дорихоналарга пластик карточкасининг балансини текширишга кирар экан. Мен унга тўртта пластик карточкаларни бердим, учтасини – ўз қўлига, биттасини эса шериги Шароф Юсупов орқали бериб юбордим», – дейди 39 ёшли Камолиддин Ортиқов.

Жиноий иш материалларидан маълумот учун: жабрланувчи Камолиддин Ортиқов жами 88 миллион 700 минг сўмдан 61 миллион сўмни «йўқотди».

«Охирги пластик карточкани Камолиддиндан мен олдим, буни мендан Шаҳноза илтимос қилган эди. У Камолиддиндан учта пластик карточкаларини олиб улгурганлигини аммо пулларни тўлиқ бермаганлигини айтиб, Камоллиддинда унга бўлган ишонч йўқолганлигини айтди», — дейди шартли маҳкум Шароф Юсупов.

Шароф Юсуповни Миробод тумани жиноий ишлар бўйича суди 2018 йилнинг май ойида айбдор деб топиб унга нисбатан 2 йил муддатга шартли равишда жазо қўллади.

«У пулларни бўлак-бўлак қилиб берарди. Аввали мен унинг тижоратдаги қийинчиликлари ҳақидаги гапларига ишонар эдим, у ҳам мен билан яхши муомалада бўлар эди. Мен ҳатто ўз танишимга уни тавсия этганман. Бундан ташқари уни гаплашиш маданияти ҳам тезда ўзгарди, айниқса мен ундан Сергели тумани прокуратурасига арз қилганимдан кейин. Ундан эшитган сўзларни ҳаттоки энг қўпол эркаклардан ҳам эшитмаганман», – дейди Камолиддин Ортиқов.

Камолиддин Ортиқов Шаҳнозани Билолов М.га пулларни нақд қилиш учун тавсия қилган эди. У Шаҳнозага ҳисобида 94 миллион сўм бўлган пластик карточкасини берди.

«У аёл менга фақат 38 миллион сўмни қайтариб берди. Терговда эса у ҳамма нарсани рад этди! Мени эса ҳаттоки танимаслигини айтди! Менинг эса гувоҳим бор. У Шаҳнозага карточкани берганимда ёнимда эди, мен билан Шаҳноза билан учрашишга борар эди. Бу фирибгар аёл тергов ва судни сунъий равишда чўзиши сабабли, мени гоҳ терговга, гоҳ судга чақиришарди – бу ҳолат эса онамнинг саломатликларига салбий таъсир қилди. Отам менинг олдимга шарт қўйди: ё пулларим учун курашишда давом этаман, ё онамни саломатликлари учун ҳаммасини унутаман. Мен, албатта, иккинчи йўлни танладим ва судда фирибгарга нисбатан ҳеч қандай даъвоим йўқлигини билдирдим. Аммо мен унинг жиноятчи эканлигини яхши биламан. У албатта содир этган барча ноқонуний ҳаракатлари учун жавоб бериши керак. Мен Шаҳнозанинг интернетда ёзган хабарларини ўқидим – барчаси сафсатадан бошқа нарса эмас. Унга қулоқ солсак, у бизни эмас, биз уни алдаган бўлиб қоламиз. Шахсан мен олиб борилган тергов жараёнидан мамнунман. Мен, терговчи Шаҳноза билан суҳбатлашаётганига гувоҳ бўлдим: ҳеч ким унга нисбатан овоз кўтармади, қўпол муомалада бўлмади. Аксинча, у ўзини ноўрин тутар эди», — дейди Камолиддин Ортиқов.

Шаҳноза Бойқунусовага ҳисобида 95 миллион 970 минг сўм бўлган пластик карточкаларини берган Ҳамид С. (унинг илтимосига биноан тўлиқ исмини келтирмадик) бир йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилмаганлигини айтди. Боиси – фирибгар аёл унинг устидан арз қилиш билан қўрқитар эди.

«Пластик картадан пулни 15 фоиз эвазига ечиш учун жавобгарлик бор эди. Шаҳноза мени айнан шу билан қўрқитар эди. Менинг эса оилам, икки нафар фарзандим борлиги тўхтатар эди. Кейинчалик эса чидай олмадим, «бўлар иш бўлди» дея ариза ёздим. Шахсан мен ИИББ ходимларига фирибгар жавобгарликка тортилгани учун миннатдорман. У шу жазога лойиқ. Интернет орқали бизни бутун дунёга ёлғончи қилиб кўрсатиб, туҳмат қилгани учун ҳам қонун олдида жавоб бериши керак», – дейди Ҳамид.

Хусусан, жабрланувчилардан бири Тошкент шаҳар ИИББга ариза билан мурожаат қилиб, Шаҳноза Бойқунусованинг интернет тармоғида чоп этган туҳматлари учун унга нисбатан қонуний чора кўришни сўрар эди. Бу каби хабарларни интернетда эълон қилинишини сабаби маълум: жамиятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига қаршилик кайфиятини уйғотиш, содир этган қилмишига яраша жазодан қочишга ҳаракат қилиш ёки ҳеч бўлмаганда муқаррар жазони кечиктириш.

Энди эса Шаҳноза Бойқунусованинг саволларига жавоб берсак. Биринчидан, унинг I.Минуллин, К.Artиков ва М.Билоловга нисбатан фирибгарлик жиноятини содир этганлиги фактлари бўйича қонунан кучга кирган Миробод тумани жиноий ишлар бўйича судининг ҳукми мавжуд.

А.Аминов ва Х.Садиковларга нисбатан содир этилган жиноятлар бўйича Шайхонтохур тумани жиноий ишлар бўйича суди 2018 йил 18 октябрь куни Шаҳноза Бойқунусовани 2 йил 2 ой 13 кун муддатига ахлоқ тузатиш ишларига ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ундириш шарти билан ҳукм этди. Аммо кейинчалик Ш.Бойқунусова суд ҳукмидан норози бўлиб шикоят аризасини берди.

Иккинчидан, жиноий иш бўйича олиб борилган тергов ишларининг якунига кўра, прокуратура органлари томонидан қонунан тасдиқланган айблов хулосаси тузилди. Юқорида қайд этилганидек, биринчи инстанция суди томонидан жиноий иш кўриб чиқилиб, прокуратура органлари томонидан ҳам, суд органлари томонидан ҳам терговчи процессуал хатоларга йўл қўйганлиги ёки у томонидан жиноятга йўл қўйилганлигининг аломатлари топилмади.

Дастлабки тергов муддатига тўхталадиган бўлсак, аввало жиноий иш фирибгарлик факти асосида қўзғатилан эди, шахсан Шаҳноза Бойқунусовага нисбатан эмас. Шу сабабли, жиноят содир этган шахсларни аниқлагунча жиноий иш тўхтатилиб, яна давом этарди. Тергов натижаларига кўра Шаҳноза Бойқунусова айбланувчи сифатида жалб қилиниб, унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўлланилган эди.

Мақолада Шаҳноза Бойқунусова ва унинг шериклари томонидан содир этилган жиноятлар бўйича олиб борилган жиноий ишларда кўрсатилган пул маблағларининг умумий қиймати кўрсатилди.

«Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Сиздан Шаҳноза Бойқунусованинг суратини эътибор билан кўздан кечиришни сўраймиз. Агар сиз расмда сиздан пластик карточкалар олиб нақд қилиб беришда ёрдам беришни ваъда қилган аёлни таниган бўлсангиз, бу ҳақда яқинда жойлашган Ички ишлар бўлимига, Тошкент шаҳар ИИББга ёки ‘102’ телефон рақами орқали хабар беринг», — дейилади мақолада.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Ундан эшитган сўзларни ҳаттоки энг қўпол эркаклардан ҳам эшитмаганман»

Жамият янгиликлари