
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев аҳолини янги уй-жойларга кўчириш масаласида бир қатор муаммолар юзага келаётганини таъкидлади ҳамда бу борада шаҳар кенгаши депутатларидан қўллаб-қувватлашни сўради, деб хабар бермоқда Kun.uz нашри.
«Уйлари бузилиб, янги турар-жойларга кўчирилаётган аҳолига тушунтириш ишларини олиб боришда зиддиятлар юзага келмоқда. Мисол учун, 16 нафар одамдан 14таси янги уйга кўчишга рози. Лекин иккитаси кўчмайман, бу менинг ота уйим, деб оёқ тираб туради. Компенсация тўланишига ҳам, уйнинг ошириб баҳоланишига ҳам рози бўлмай тураверади. Бундай вазиятда биз нима қилишимиз керак?!
Бу борада тушунтириш ишларини олиб боришда депутатларнинг фаолроқ бўлишини истардим. Чунки уларни халқнинг ўзи ишониб сайлаган. Халқ норози бўлса, дардини депутатларга айтсин. Улар аҳолига қонунда нима, қай тартибда белгиланганини тушунтирсин. Агар эътироз ўринли бўлса, келишсин, ҳал этамиз», — деди шаҳар ҳокими.
Тошкент шаҳри ҳокими ёрдам сўраётган депутатларнинг фаолроқ бўлиши, кези келса, шаҳар ҳокимидан ҳисобот сўраши ҳақида президент ҳам гапириб ўтганди.
«2019 йилда ҳокимнинг айни вақтда Халқ депутатлари кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатишига доир тартиб бекор қилиниши лозим.
Олий Мажлис палаталари раҳбарларига икки ой муддатда ушбу масалаларни депутат ва сенаторлар ўртасида ҳамда жойлардаги вакиллик органларида атрофлича муҳокама қилиб, амалий чоралар дастурини қабул қилиш тавсия этилади.
Ҳоким ҳокимлигини қилсин, лекин кенгаш олдида ҳисобот берсин. Икки йил олдин бу гаплар амалга ошмайдиган ишдек кўринарди. Аммо янги йилдан шундай бўлиши керак», — деган Шавкат Мирзиёев.
Аммо уй-жой қурилиши масаласида барча ҳудудларда ишлар бир хил ташкил этилмаяпти. Масалан, Фарғона шаҳри марказидаги «Гидролиз» шаҳарчасидаги 1946—1947 йилларда қурилган икки қаватли кўп хонадонли уйларни бузиб ташлашда ҳокимлик антиқа гапларни хонадон эгаларига айтгани маълум бўлганди.
«Ҳокимлик томонидан аввалига, «Уй топинглар, лекин қиммат бўлмасин», деган таклифлар берилган эди. Маълум вақтдан сўнг, умуман дараги йўқ бўлиб кетишди. Президентга муаммоимизни ёздик. «Натижаси бўлса керак», деб бемалол юраверганмиз. Ҳокимиятдан ҳеч қанақа ҳужжат келмаган. 2 январда келиб, «Фалончи фалончи жойга кўчади! Нарсаларингизни йиғиштиринг» дейишди. Уйни ҳали кўрмаган ҳам эдик. Бир ҳафта тин олишди-да, 8 январда бузилиш ишлари бошланди», — дейди фарғоналик Светлана Турсунова Kun.uz билан суҳбатда.
Айни пайтда вилоят, хусусан Тошкент марказида узоқ йиллик даврга мўлжалланган шаҳар бош лойиҳаси мавжуд эмаслиги кўплаб, тушунарсиз бузиш ишларига сабабчи бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар