12:09 / 06.03.2019
6 930

“Ўзбекистонда бир бемаъни ақида бор...”

“Ўзбекистонда бир бемаъни ақида бор...”
Ўтган йили Facebook ижтимоий тармоғида Тожикистонлик таниқли шоира Адиба Азиз мамлакат қонунчилигига ўзгартиришлар киритиб, тожик қизлари билан турмуш қуриш ниятида бўлган хорижликларга 50 минг доллар миқдорида қалин тайинлашни таклиф қилди. Шоира Адиба Азизнинг тожик аёли билан турмуш қуриш ниятида бўлган хорижлик 50 минг доллар миқдорида қалин тўлаши зарурлиги ҳақидаги таклифи интернетдаги ижтимоий тармоқлар, айниқса Facebook'да қизғин мунозараларни келтириб чиқарди (2011 йили Тожикистон парламенти Оила кодексига киритган иловаларга мувофиқ, фақат уй-жой билан таъминлаган ва никоҳ шартномасини имзолаган хорижий шахс тожик аёлига уйланиши мумкин).

Адиба Азиз 50 минг долларнинг 10 фоизини қизнинг оиласига, 10 минг долларни ногиронлар, етимхоналар, ёлғиз кексалар ва давлат бюжетига тақсимлашни таклиф қилган. Facebook фойдаланувчилари, айниқса аёллар ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, таклифни аёллар қадр-қимматига қаратилган муҳим қадам дея баҳолаган. Facebook фойдаланувчилари ёзишича, бир неча йил олдин Туркманистонда худди шундай қоида жорий этилиши ортидан хорижий фуқаролар билан турмушлари бузилган туркман аёллари ва фарзандларининг ҳуқуқлари ҳимоя этилган.

Тожик шоирасининг блогпости ва унга билдирилган мулоҳазаларни кузатиб, бироз муддат олдин ижтимоий тармоқларда тарқалиб кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган видеороликни эсладим. Унда корейс миллатига мансуб одамга турмушга чиқиш истагида бўлган қизнинг хорижий куёвликка номзод саволларига жавоб бераётгани тасвирланган эди.

Турмуш қуриш, никоҳланиш ҳар бир инсоннинг шахсий иши бўлиб, унга ҳеч ким таъқиқ қўйиш ёки дахл қилишга ҳақли эмас. Аммо гап аёл ҳақ-ҳуқуқи, қадр-қиймати ҳақида кетганида бир чеккада индамай ўтириш оқилнинг иши эмас.

Сир эмаски, бугун юртдошларимиз орасида ҳам хорижлик фуқаролар билан турмуш қурганлар ва чет эл фуқаролари билан никоҳланишни истаётганлар кўпчиликни ташкил қилади. Қиз-аёлларимизни мусулмонлар билан никоҳланишига-ку чидаса бўлади, бироқ ғайридинлар билан ҳам ҳеч тортинмай турмуш қураётган қизларнинг қисмати ачинарлидир. Анча олдин фейсбук ўзбек сегменти фойдаланувчиларидан бири ўзига таниш қизнинг Ҳиндистонга, ҳинд эркакка турмушга чиққанини, тўй маросими тўлиқ ҳиндча урф-одатлар асосида ўтганини оғриниб ёзган эди.

Ислом динида мусулмон эркак аҳлидан бўлган покиза (яҳудий ёки насроний) аёлга уйланиши жоиз дейилган. Аксинча, муслима аёлнинг ғайридин киши билан оила қуриши қатъий маън этилган.

Нега, дейилган саволга, айрим олимлар мусулмон эркак аҳли турмуш ўртоғи ҳақини адо этади, аммо ғайридин эркак муслима ҳақ-ҳуқуқларига эътибор бермаслиги, унга зулм қилиши, имон-эътиқодига зиён етиши мумкин. Қолаверса, фарзанд тарбиялашда ҳам отанинг ўрни муҳим бўлиб, муслима аёлдан туғилган болалар ғайридин отага ўхшашга, ундан ўрнак олишга ҳаракат қилади. Шу ва бошқа сабаблар билан муслима аёлнинг ғайридин киши билан турмуш қуришига рухсат этилмайди. Қолаверса, ўзбек аёлларининг ўзбекона маданиятимиз ва менталитетимизга тўғри келмайдиган муҳитда яшайдиган ажнабий кишилар билан оила қуришлари туғилажак фарзанднинг миллий руҳда ўсиб-улғайишига ҳам тўғаноқ бўлиши мумкин.

“Хорижга келин бўлдим”
– Ўзбек эркаклари аёлни қадрлашни билмайди,- дейди турк фуқароси билан турмуш қурган таниш аёл. – Ўзбекистонда эркаклар масъулиятни ҳис қилмайди. Ота-оналар қўлида касб-кори, ҳунари бўлмаган, оила масъулиятини ҳис қилиб, рўзғор таъминотини елкасига оладиган ҳолатда бўлмаган ўғлини ёш уйлантиришади. Мен магистратура таҳсилини тамомлаб, анча пайт ўзимизда илмий ишим билан шуғулланиб, ишлаб юрдим. Ўзбекистонда бир бемаъни ақида бор: йигирма тўртларга бориб қолса, ҳали турмуш қурмаган бўлса, унга жамиятда “қариқиз”, “ўтириб қолган қиз” тамғаси босилади. Ва ўқиб, илм билан шуғулланган қизлар турмуш қуришни ният қилганларида одамлар қўлини бигиз қилиб кўрсатиб: “Вой, фалончи қариқиз-ку!” дейди маломат билан...

Эрим инженер-қурувчи. Ўзининг ширкати бор. Бир сўз билан айтганда мен бахтиёрман, фарзандимиз бор. Турмуш ўртоғим мени қадрлайди. Қайнонам, қайинбўйинларим ҳурмат қилади. Бир аёл учун саодат ҳисобланган ҳамма нарса бор менда. Тўйдан олдин куёвимга Тошкентдан ўзимнинг номимга икки хонали уй олиб беришини талаб қилганман. Йилда бир марта Ватанга бориб бир ойча туриб, яқинлар билан дийдорлашиб қайтамиз...

– Турк ва араб эркаклари билан турмуш қурган ўзбек аёллари ҳаётлари яхши эканини таъкидлайди. Аммо ғайридинлар, айниқса корейс ва хитой миллатига мансуб эркаклар билан турмуш қурган аёллар, тўйдан кейин куёвнинг ваъдалари унутилиб, ҳаёти чидаб бўлмас ҳолатга етганида, ажрашишни истаган ўзбек аёлидан болалари тортиб олиниб, икки бўғча кийими билан аэропортга кузатиб қўйилар экан. Бир неча йиллар олдин sayyod.com сайтида Кореяга турмушга чиққан қизнинг аччиқ ҳикояси эълон қилинганди. Аудио ҳикояни юрагим қалтираб, кўзларимда ёш билан тинглаган эдим. Бу гапларга ҳам анча бўлди. Бироқ ҳануз қизларимиз хориж фуқаролари билан турмуш қуришга иштиёқманд. Ўзга миллатнинг сериалларидаги люкс ҳаётга интилган ўзбекнинг кўпгина содда қиз-аёллари пушаймонликда қовурилганига қарамай, чет эл фуқаролари билан никоҳланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Начора, буни ҳаёт учун кураш дейдилар. Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади. Ва ҳеч ким оила остонасига “Бахтсиз бўламан”, “Ажрашаман” деган ният билан қадам қўймайди. Шундай экан, бу борада қонуний чора-тадбирлар кўрилса, қиз-аёлларимизнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилинса яхши бўларди.

– Туркияга келин бўлган икки яқин танишим бор. Аёлларнинг иккиси ҳам турк фуқароси билан қонуний никоҳдан ўтишдан аввал пойтахтдан ўз номига икки хонали уй олдиришган. Бу келиннинг ўз мулки — маҳрдан ташқари мулк. Табиийки, мен таниган аёллар зиёли, оқ-қорани таниган бўлгани учун аввал эҳтиётини қилиб, сўнг хорижлик эркакка турмушга чиққан. Аммо оғзаки, қуруқ ваъдаларга ишониб турмуш қуриб, сўнг аттанг қилиб қолаётганлар кўпчиликни ташкил қилади.

Муддаомиз нима?
Оила кодекси бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритилса, унга кўра келиннинг номига банкда ҳисоб рақами очилса ва тўйдан олдин маълум миқдорда маблағ қўйилса мақсадга мувофиқ бўларди. Бу билан балки тўйлардаги дабдабавозлик, ҳашамат ва ортиқча сарф-харажатлардан ҳам қутулармидик? Энг асосийси, аёлнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳимояланган бўлади. Бугун аксар уйланиш ёшидаги йигитларнинг номида бирор кўчмас ёки кўчар мулк йўқ. Турмуши бузилган аёллар эр уйидан ҳеч вақо ололмай, ҳатто ўз сарпо-сепидан ҳам маҳрум бўлиб эгнидаги кўйлак билан қолиб кетяпти. Алимент можаросига ҳам “қулай” ечим топган бизнинг “ҳурматли” эркакларимиз; гарчанд миллион-миллион пул топсаларда, бир оддий ташкилотга чойчақа маошга иш расмийлаштириб қўйишади. Кўриб турибсизки, аёл на ўзи ва на фарзанди учун етарли таъминот олмайди.

Маълумки, мусулмон дунёсида турмушга чиқаётган аёлга куёв томонидан маҳр берилади. (Маҳр – тенг ҳуқуқли никоҳ тузилганда эрнинг хотинига ажратадиган мулки). Маҳр аёлнинг мулки бўлиб, ундан аёлдан бошқа ҳеч ким фойдаланолмайди. Фикримизча, мана шу мулк, яъни маҳрни қонунийлаштирилгани маъқул. Тўй харажатлари учун ажратилган маблағнинг маълум суммаси аёлнинг ўз номига очилган шахсий ҳисоб рақамига ўтказилади. Таъбир жоиз бўлса, бу иш нафақат аёлнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун, балки оила мустаҳкамлиги учун ҳам қўл келади.

Таклифимиз қонун доирасида кўриб чиқилса, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилиниши, оилалар мустаҳкамлиги учун асос бўлади деган умиддамиз.
Умида АДИЗОВА тайёрлади

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ўзбекистонда бир бемаъни ақида бор...”