09:08 / 09.07.2019
2 722

Электр энергияси нархини оширишдан мақсад нима?

Электр энергияси нархини оширишдан мақсад нима?
Сўнгги кунларнинг энг кўп муҳокама қилинаётган мавзуси электр-энергияси нархининг либерализация қилиниши, яъни бозорга мосланиши, оддий тил билан айтганда ошиши билан боғлиқ. Бу мавзу «Электр энергияси нархини либераллаштириш: кутилаётган натижа, эҳтимолий салбий оқибатлар ва уларнинг олдини олиш» сарлавҳали мақола орқали сайтимизда ҳам атрофлича ёритилди. Хўш, аксарият аҳолининг кўнгли тўлмайдиган бу ислоҳотдан қандай мақсад кўзланган?

Мавзуга оид саволларга жавоб олиш учун биз Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирининг ўринбосари Шерзод Ходжаев билан суҳбатлашдик.

– Шерзод ака, бу ислоҳот кечиктириб бўлмас эканлиги энг юқори доираларда гапирилди. Бундай вазият юзага келишига сабаб нима? Биз соҳа тўлиқ бозор механизмларига ўтишига тайёр бўлдикми?

– Ҳозир шундай бир вазиятдамизки, ё нархларни оширмаймиз, ҳаммаси борича сақлаймиз, ўз-ўзидан соҳага инвестиция жалб қилмаймиз. Натижада электр таъминоти кундан-кунга, ҳозиргидан ҳам ёмонлашаверади. Биздаги ҳар қандай энергетика соҳасида қурилишлар маълум миқдорда захира қуввати билан ишга туширилган. Биз бугунги кунда ўша захира қувватларидан фойдаланиб бўлганмиз ёки фойдаланиб бўляпмиз. Ривожланишни, талабнинг ортиб боришини ҳисобга олиб, энди жуда катта ҳажмларда инвестиция киритмасак, соҳамиз талабга жавоб бермай қолади. Иккинчи йўл – ҳар томондан инвестиция жалб қилиб, янги қувватларни ишга туширамиз.

Албатта, бугун ҳам мавзумиз ҳудудлардаги электр таъминотидаги узилишларга бориб тақалади, бусиз иложи йўқ. Сиз журналистлар ҳам албатта бу мавзуни кўп кўтаряпсизлар, бу яхши, халқимизга ҳамма гапни рўй-рост айтиш керак.

Энди мавзумизга қайтсак, ҳаммаси қиёслашда маълум бўлади, дейдилар. Биз ҳозирча ривожланган давлатлар билан ўзимизни солиштира олмаймиз. Иттифоқдан биз билан бир вақтда ажралиб чиққан қўшни давлатлар билан солиштирганимизда улар энди-энди бундан 30 йил олдинги ишлаб чиқариш ҳажмига етганларининг гувоҳи бўламиз. Биз собиқ иттифоқнинг сўнгги йилларида 55 млрд киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарган бўлсак, бугунги кунда бу кўрсаткич 65 кВ.с.га етди. Лекин бу ҳам камлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Аҳоли сони ошиб бормоқда, ишлаб чиқариш ҳажми кўтарилмоқда. Демак биз кечаги ёки бугунги кун билан яшай олмаймиз, эртани ўйлашимиз керак. Эртанги кун учун эса бугун ҳаракат қилиш шарт.

Соҳага инвестиция киритишнинг икки хил йўли бор – барчасини давлат қилади ёки давлат хусусий тизимга йўл очиб беради, шароит яратади. Давлат яхши менежер эмаслиги бутун дунёда тан олинган, демак ўз ўзидан иккинчи йўл қолади – хусусий инвесторлар.

Аммо бу ерда ҳам давлат аралашувисиз иложи йўқ. Биз бу ислоҳотлар натижасида инвесторларга имконият бериш билан бирга давлат кафолатини ҳам берамиз. Бу нима дегани? Инвестор келади, электр энергияси ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, давлатимиз эса ундан маълум муддат (айтайлик 20 йил) аниқ нархда ва ҳажмда бу энергияни харид қилади. Савол туғилади, буни ҳозир ҳам амалга оширавериш мумкин эмасми? Ислоҳотларнинг асл моҳияти ҳам шунда – инвестор ўзининг катта ҳажмдаги инвестициясидан ҳадиксирамасагина инвестиция киритади.

Яъни бу ўринда уни бир нарса ўйлантириши мумкин, у ишлаб чиқарган электр энергиянинг асл таннархи мисол учун 300 сўм бўлгани ҳолда, давлат ундан харид қилсаю, аҳолига ёрдам тариқасида 250 сўмдан етказиб берса. Инвесторда табиий ҳадик пайдо бўлади – бу узоқ давом этиши мумкин эмас, давлат қачонгача уни қўллаб-қувватлаши мумкин? Ана шунинг учун ҳам нархларни либераллаштириш лозим.

– Ўзбекистоннинг энергетика тизимига қизиққан, шундай катта кўламдаги ишлаб чиқаришларни йўлга қўйишга тайёр инвесторлар борми?

– Албатта бор. Биз деярли ҳар ҳафта ўзлари қизиқиб келувчи инвесторлар билан учрашамиз ва уларнинг аксарияти қиймати 500 млн АҚШ долларидан баланд бўлган лойиҳалар билан келишади. Ўзбекистоннинг салоҳияти жуда юқори ва бу баландпарвоз гаплар эмас.

Энди нега бу инвесторлар дарҳол ишга киришиб кетишмаяпти, деган савол туғилиши табиий. Аввало, юқоридаги ислоҳотлар бўйича тугал фикрга келиб, зарур қарорларни қабул қилишимиз керак. Иккинчидан дунёдаги бирор банк, бирор ташкилот тижорий тузилмаларга, бу ўринда инвесторларга давлатларга бергани каби паст фоизларда кредит бермайди. Яъни инвесторнинг маҳсулоти таннархи шунинг ҳисобига ошиб кетиши мумкин. Мана шундай пайтда давлат аралашуви керак бўлади, бу ўз навбатида навбатдаги муаммони келтириб чиқаради – бевосита бўлмаса ҳам ташқи қарзлар ошади. Ислоҳотларга эҳтиёж мана шу сабаблар туфайли юзага келади.

– Маълумки, охирги йилларда мамлакатда инфляция даражаси юқори. Бундай вазиятда ушбу ислоҳот билан боғлиқ яна иккита ҳолатни инобатга олиш керак. Биринчидан, ислоҳот натижасида инфляция янада тезлашиши мумкин. Иккинчидан, тарифларни ошириш кутилган натижани бермаслиги мумкин. Бу ҳолатлар инобатга олинганми?

– Инфляция юқорилиги тўғри. Аммо айни бу ислоҳот инфляцияга кескин таъсир қилади деб ўйламайман, янаям аниқ баҳони иқтисодчилар беришар. Ишлаб чиқаришда маҳсулотлар баҳоси фақат ўша ошган энергия баҳосига мутаносиб равишда ошса, буни тушуниш мумкин ва бу арзимас сумма бўлади. Лекин тадбиркорларимиз буни баҳона қилиб, маҳсулот баҳосини кескин ошириб юборишларини оқлаб бўлмайди. Мен уларга шундай савол берган бўлардим: сиз энергия қиймати туфайли маҳсулот нархини шу қадар кўтаряпсиз. Аммо электр энергияси биздан анча қиммат бўлган давлатлардан айни шу маҳсулот арзонроқ нархда бизга импорт қилинаётганини қандай изоҳлайсиз?

Ўрни келганда тадбиркорларимизга яна бир эътироз борки, айни пайтда бу масалага деярли ҳеч ким эътибор қаратмаяпти. Кўплаб тадбиркорлар хориждан (асосан Хитойдан) катта ускуналар олиб келишяпти ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишяпти. Бу албатта яхши. Аммо улар биринчи навбатда нарх арзонлигига учиб, бу ускуналарнинг энерготежамкорлигигига деярли эътибор беришмаяпти. Ҳозир ривожланган давлатларда ускуна харид қилишда аввало энергия сарфи ҳисобга олинади.

Буни бир мисолда тушунтираман: ҳозир Хитойдан инвесторлар жуда кўп келишяпти. Авваллари улар хом ашёни олиб чиқиб кетишарди. Энди ускуналари билан келиб, тайёр ёки ярим тайёр маҳсулотни бизда ишлаб чиқариб, олиб кетишни режалаштиришмоқда. Асосий сабаблар тушунарли – электр энергияси баҳоси пастлиги, ишчи кучи арзонлиги, яратилаётган имкониятлар. Аммо бунинг салбий жиҳатлари ҳам бор. Улар эски ускуналар билан келиб, электр энергиямизни исроф қилмасликлари, экологиямизни бузмасликлари керак.

Яна бир жиҳат – сўнгги 2-3 йилга қадар бизда электр энергияси нархи ҳар йили икки марта, ўртача 25 фоиздан ошиши оддий ҳолга айланганди. Ҳозир бу амалиётдан воз кечилди.

· Қачон доимий узилишларга чек қўйилади?
· Нима учун биз ўзимизда танқис бўлган электр энергиясини Афғонистонга сотамиз?
· Давлат аралашувисиз ҳам электр таъминотини йўлга қўйиш мумкинми?

Бу ва бошқа саволларга жавобни интервьюнинг давомида ўқишингиз мумкин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Электр энергияси нархини оширишдан мақсад нима?