16:06 / 01.10.2019
2 894

Дин, давлат ва дунёвийлик: олтин ўрталиқ қаерда?

Дин, давлат ва дунёвийлик: олтин ўрталиқ қаерда?
Диндорларнинг ҳуқуқлари бузилса, секуляр қатламнинг жим кузатиб туришини тушунмайман. Миллий қадриятларимизга зид деб сериалларни ҳукумат тақиқласа, бундан мусулмонлар хурсанд бўлишини ҳам тушунмайман.

Унутманг, агар мусулмон қизнинг бошидаги рўмол тортиб олинса, бундан секуляр қатлам ҳам ютқазади. Маънавиятимизга зид деб амалдор қизнинг калта юбкасига ёпишса, бундан мусулмонлар ҳам ютқазади.

Нега? Чунки ҳукумат ҳаммани бирдек кўрмагунча, барча учун бир хил ўйин қоидаларини яратмагунча, кимдир ютқазаверади. Ҳоким шахс сифатида қайсидир мафкуранинг ашаддий ҳимоячиси бўлиши мумкин, лекин ҳоким сифатида курсига ўтириши билан у мафкурасиз шахсга айланади. Бу вазифада у на мусулмон, на насроний, на даҳрий бўлади. Қонун асосида барчани бирдек кўриши, барчага бирдек шароит яратиб бериши керак.

Барчани қандай рози қилиш мумкин?
Ўзбекистон том маънода мафкуралардан холи демократик-секуляр жамият бўлмагунча, диндорлар ҳам, дунёвийлар ҳам ютқазишда давом этади.

Конституция бўйича, бирор мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас. Соқол ва рўмол маънавиятимизга зид деб ҳокимият вакилининг ўз қарашини аҳолига мажбуран ўтказиши мана шу конституциявий модданинг қўпол бузилишидир.

Ғаниев назаридаги маънавият бошқа бир фуқаро учун ёт қадрият бўлиши мумкин. Мусулмоннинг эътиқоди ғайримусулмон ёки даҳрий учун маънавиятсизлик бўлиши табиий ҳол. Шу боис ҳокимият вакили кимнинг қандай яшаши, кийиниши билан шуғулланиши нафақат кулгили, балки ноқонунийдир. Давлат институтлари универсал ахлоқ ва морал нормалари бузилмаслиги учунгина масъул, холос.

Радикализмчи?
Ҳукумат хавотирига кўра, агар диндорларга кўпроқ ҳуқуқ берилса, жамиятда радикализм ва экстремизм авж олиши мумкин. Бу қарашнинг хато экани илмий жиҳатдан ўз исботини қайта-қайта топган.

Яъни, диндорлик эмас, балки зулм одамларни экстремизмга бошлайди. Жамиятдан, давлатдан адолат топа олмаган одам радикал ғоялардан нажот қидиради. Инсон ҳуқуқларининг мунтазам бузилиши одамларни зўравон усуллардан фойдаланишга мажбур қилади. Диний таълим олиш эҳтиёжи қондирилмаган йигит дуч келган жойга ўзини уриб, ёт мафкуралар домига тушиб қолиши мумкин. Ўзини жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси деб ҳисобламаган, ўзини бу жамиятда бегонадек, ажратилгандек ҳис қилган одамгина радикал ўзгаришларни истайди.

Виждон эркинлиги ҳуқуқини бузмасдан туриб ҳаддидан ошадиган диндорларни назоратда ушлаб туришнинг чоралари кўп. Дунёда терроризмдан энг кўп қўрқадиган, террорчиларнинг энг кўп таҳдидига учрайдиган АҚШ тажрибасини олинг. Хавфсизлиги учун ресурсларни аямайдиган, барча сўнгги технология ва илмга, тажрибага эга бу давлат терроризмга қарши қандай курашяпти? Соқолларни қириш, рўмолларни тақиқлаш орқалими? Мусулмонларнинг ҳуқуқларини чеклаш орқалими? Албатта, йўқ.

Хулоса
Илмий далиллар орқали исботланган ва халқаро тажриба кўрсатаётган реал воқелик шуки, диний экстремизмга диний ҳуқуқларни чеклаш орқали курашиб бўлмайди. Диндорлар ҳуқуқларининг чекланиши экстремистлар сонини оширишга ҳисса қўшади, холос. Бу эса Ўзбекистон учун фақат бошоғриқни кўпайтиради.

Хоҳлаймизми йўқми, аҳолиснинг 90 фоиздан зиёди ўзини мусулмон сановчи жамият учун дин ва давлат муносабатлари ҳар доим зиддиятли мавзу бўлиб қолиши аниқ. Бу зиддиятли муносабатларда олтин ўрталиқни топиш учун давлат диний сиёсатини юритишда тахминларга эмас, балки илмий далилларга асосланиб иш тутиши; мусулмонлар озчилик ва кўпчилик бўлган бошқа дунёвий давлатлар тажрибасини ўрганиб, шундан хулоса чиқариши лозим.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Дин, давлат ва дунёвийлик: олтин ўрталиқ қаерда?