21:38 / 14.11.2019
2 839

Бу йил сайлов қонунчилигида қандай янгиликлар бор?

Бу йил сайлов қонунчилигида қандай янгиликлар бор?
Марказий сайлов комиссиясининг «Сайлов қонунчилиги тарғибот ойлиги»ни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисидаги қарорига мувофиқ жорий йилнинг 12 ноябрь куни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти ҳудудида ташкил этилган 438-сонли участка сайлов комиссияси ташаббуси билан Институтнинг Конференциялар залида «Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Тошкент шаҳар Сергели тумани Адлия бўлими бошлиғи Рустам Абулхайров, Сергели тумани Адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Фозил Суюнов, туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси Нурилло Халилов ҳамда Институтнинг профессор-ўқитувчилари, Олий курс тинловчилари ва курсантлари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Конституциямизнинг 117-моддасига мувофиқ, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш – иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар».

Сайлов қонунчилигида бир қанча ислоҳотлар амалга оширилиб, Сайлов кодексининг қабул қилиниши билан фуқароларга янада кенг қулайлик яратилди. Жорий йилнинг 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларидаги барча муносабатлар эса Сайлов кодекси билан тартибга солинади.

Маълумки, Сайлов кодекси кучга киргунга қадар мавжуд бўлган 5 та қонунда, яъни Олий Мажлисга сайлов, республика Президенти сайлови, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайлов, Марказий сайлов комиссияси, Фуқаролар сайлов ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисидаги қонунларда жами 190 та модда мавжуд эди. Эндиликда улар тизимлаштирилиб, қайтарилишлар, такрорлар бартараф этилиб, 18 та боб, 103 моддадан иборат бўлган Сайлов кодекси қабул қилинди.

Кодексда аввалги қонунларда бўлмаган бир қатор алоҳида моддалар ўрин олди. Жумладан, сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати, участка сайлов комиссиясининг овоз беришдан олдинги фаолияти, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш кунидаги фаолияти, сайловчининг турган жойида овоз бериш, участка сайлов комиссиясининг овоз бериш тугаганидан кейинги фаолияти, Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз беришни ташкил этиш, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овоз бериш тартиби, Сенат аъзоларининг сайлови бўйича овозларни санаб чиқиш ва сайлов натижаларини аниқлаш, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, участ­ка сайлов комиссиялари жойлашган биноларни, хоналарни ва овоз бериш хоналарини жиҳозлашга доир талаблар шулар жумласидандир.

Шу боис, бу йилги сайловнинг аввалгиларидан энг муҳим фарқли жиҳатларидан бири унинг илк бор Сайлов кодекси асосида ўтказилишидир. Аҳамиятга молик жиҳати, кодексдан сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қиладиган ўттиздан ортиқ янги норма ва қоида жой олган. Амалда бўлган кўплаб чекловлар чиқариб ташланган. Яна бир муҳим янгилик – «Бир сайловчи – битта овозга эга» тамойилини таъминлаш мақсадида юртимиз миллий сайлов тизимига сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати татбиқ этилмоқда.

Бу йилги сайловда давлатимизда фаолият юритаётган бешта сиёсий партия – Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси қатнашади. Сайлов кодексига асосан, ҳар бир сиёсий партия ўзининг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида 40 минг сайловчининг имзосини тўплаши зарур. Шундагина сиёсий партия депутатликка номзодлар кўрсатиши мумкин бўлади.

– Бундай тадбирларни ўтказилиши замирида эса, ёшларнинг ҳам сиёсий жараёнлардаги иштирокини кучайтириш, сайлов қонунчилиги бўйича билимларини янада ошириш, уларнинг сайловларда фаол иштирок этиши ва мамлакатимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилади, — дейди полковник Икромжон Сиддиқов.
ФАРҲОДЖОН ХОЖАЕВ,
ФВВ Ёнғин хавфсизлиги
институти матбуот котиби

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бу йил сайлов қонунчилигида қандай янгиликлар бор?