date

Қизил китобдаги қуш овланиши жамоатчиликни хавотирга солди

Сурхондарё вилоятида ноёб қушларни овлаш билан боғлиқ ҳолат аниқланди. Вилоят Экология бошқармаси маълумотига кўра, Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро танишлари билан Термиз туманидаги Учкўл массивига борган вақтида икки бош ноёб қуш овланиб, кейин истеъмол қилинганига гувоҳ бўлганини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан тақдим этилган фото ва видео материалларда бир неча фуқаронинг жонсиз пушти сақоққуш билан суратга тушгани акс этган. Текширув давомида ушбу шахслар вазиятни “шунчаки қизиқиш” билан изоҳлашга уринган. Аммо табиатга етказилган зарар, айниқса, Қизил китобга киритилган жонзотлар ҳақида гап кетганда, бундай баҳона билан оқланмайди.

Экополиция томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида мазкур фуқароларнинг овчилик билан шуғулланиб келгани ҳамда уларда ов қуроллари мавжудлиги аниқланган. Шундан сўнг қуроллар вақтинча сақлаш учун ички ишлар бўлими томонидан олиб қўйилган.

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Қизил китобга киритилган ноёб қушнинг табиатдан ноқонуний равишда ажратиб олиниши оқибатида ҳайвонот дунёсига 206 миллион сўм миқдорида зарар етказилган. Бу рақам оддий жарима эмас, балки табиатга нисбатан масъулиятсиз муносабатнинг қанчалик оғир оқибатларга олиб келишини кўрсатади.

Пушти сақоққуш каби ноёб қушлар табиат мувозанатида муҳим ўрин тутади. Уларнинг ҳар бири табиий муҳитнинг бир бўлаги, келажак авлодлар ҳам кўриши керак бўлган бойликдир. Шу сабабли бундай жонзотларни овлаш нафақат қонунбузарлик, балки табиатга нисбатан ҳурматсизлик сифатида ҳам баҳоланади.

Ҳолат бўйича тўпланган барча ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган. Энди мутасаддилар ушбу ишга қонун доирасида баҳо бериши ва айбдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриши кутилмоқда.

Қисқаси, бу воқеа яна бир бор барчамизга муҳим ҳақиқатни эслатади: табиат — овунчоқ эмас. Қизиқиш учун қилинган бир ҳаракат бутун экотизимга зарар етказиши мумкин. Ноёб жонзотларни асраш — фақат экологларнинг эмас, ҳар бир инсоннинг виждон иши.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Қизил китобдаги қуш овланиши жамоатчиликни хавотирга солди