
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш асосий вазифалардан бири этиб белгиланди.
Унда коррупцияга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай хизматларни рақамлаштириш, уларни “ягона дарча” тамойили асосида бериш ва давлат хизматлари марказларига ўтказиш назарда тутилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги Фармони билан Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги ташкил этилиб, бу фуқароларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқасининг янги босқичини бошлаб берди. Унинг муҳим вазифаларидан бири бюрократияга барҳам бериш, коррупция ҳолатлари юзага келишининг олдини олиш, давлат хизматларидан фойдаланиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни соддалаштиришдан иборат этиб белгиланди.
Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича жами давлат хизматлари марказлари сони 201 тани ташкил қилиб, республикамизнинг ҳар бир туманида фаолият юритмоқда. Улар орқали 120 та давлат хизматлари кўрсатилмоқда ва уларинг сони тобора ошиб бормоқда. Жорий йилнинг охирига қадар Марказлар орқали 160 дан ортиқ шаффоф, қулай ва тезкор давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, шу қисқа давр мобайнида яратилган мазкур тизим халқимизга тезкор ва сифатли хизматлар кўрсатадиган ишончли “кўприкка” айланди. Энг асосийси, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг шаффофлиги таъминланди, фойдаланиш сифати ва имконияти тубдан яхшиланди.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Марказлар орқали аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 2017 йилда 120 мингга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, хизмат турлари ортганлиги ҳисобига, жорий йилнинг 10 ойи давомида ушбу кўрсаткич қарийб 9 млндан ошиб кетди.
Давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантириш ва сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси асосида давлат хизматларини ташкил этишда ташриф буюрувчилар навбатини бошқариш, ходимлар фаолиятини баҳолаб бориш ҳамда хизмат кўрсатиш самарасини автоматик тарзда таҳлил қилиб борувчи “ақлли” тизим жорий этилди. Шунингдек, Буюк Британиянинг “Компанис хаус” компанияси илғор тажрибасига асосланган ҳолда, бизда ҳам тадбиркорларга бўлажак бизнес ҳамкорига оид, масалан, рўйхатдан ўтган вақти, устав жамғармаси миқдори, муассислари ҳақидаги маълумотларни онлайн режимда олиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларнинг навбатини тартибга солиш ва уларга хизмат кўрсатишни баҳолаб бориш мақсадида, Швециянинг “QMATIC” компаниясидан олинган электрон навбат ҳамда баҳолаш тизимлари ўрнатилди.
Яна бир мисол, яқинда Давлат хизматлари агентлиги томонидан ваколатли идоралар билан биргаликда кўчмас мулк объектларини Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали давлат рўйхатидан ўтказишда юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектига нисбатан қайси ваколатли орган томонидан, қандай асосларга кўра таъқиқ ёки хатлов қўйилганлигини аниқлаш имконияти яратилди.
Шу кунга қадар, жисмоний ва юридик шахслар бу жараёнда турли идора ва ташкилотларга бирма-бир ёзма ариза билан мурожаат қилишларига мажбур бўлишарди. Сабаб шуки, амалдаги қонунчиликка мувофиқ таъқиқ ёки хатловнинг мавжудлиги кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни рад қилиш учун асос бўлади.
Бундан ташқари, хозирги кунда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан ҳам давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ жорий этишга қаратилган таҳлил-тадқиқот ишлари амалга оширилди.
Таҳлил-тадқиқот жараёнида 50 та давлат хизматлари турлари ва уларни тартибга солувчи 34 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилиниб, шундан 27 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳамда 7 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида тегишли қонун ҳужжати лойиҳалари тайёрланди.
Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизимини изчиллик билан такомиллаштирилиши ва модернизация қилиниши, аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради. Мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймасдан, жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатилиши, марказлар томонидан давлат хизматлари сервисининг юқори сифати, тезкорлиги, шаффофлиги, қулайлиги ва фойдаланиш имкониятининг таъминлаб берилиши коррупция ва бюрократия ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
бўлим бошлиғи
С.Авезов
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
бўлим бошлиғи
С.Авезов
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар