date

Алик Хадарцевнинг Ўзбекистон байроғи остида кураш тушиши рад этилди

Алик Хадарцевнинг Ўзбекистон байроғи остида кураш тушиши рад этилди

Спорт арбитраж суди (CAS) россиялик курашчи Алик Хадарцевнинг спорт фуқаролигини ўзгартириш масаласига нуқта қўйди. Суд ҳукмига кўра, полвон энди халқаро мусобақаларда Ўзбекистон байроғи остида қатнашиши мумкин эмас.

Маълумотларга кўра, 2025 йил бошида Хадарцев Ўзбекистон паспортини қабул қилган ва шу орқали маҳаллий кураш ассоциацияси уни жамоага расман қўшиш учун ариза тақдим этган. Бироқ, Бутунжаҳон кураш уюшмаси (UWW) бу илтимосни рад этди. Асос сифатида Россия спорт курашлари федерацияси (FSBR) бериши мумкин бўлган махсус квоталарнинг тугаб қолгани кўрсатилган. Қоидага кўра, бундай квота йилига уч нафар спортчигагина тааллуқли.

Хадарцев вазиятни ҳал қилиш мақсадида Спорт арбитраж судига мурожаат қилди, аммо CAS унинг шикоятини қаноатлантирмади. Шу тариқа, россиялик полвоннинг Ўзбекистон терма жамоаси сафида халқаро турнирларда қатнашиш имконияти вақтинча йўққа чиқди.

Алик Хадарцев ўз фаолияти давомида Россия чемпионатларида бир неча марта совриндор бўлган. Шунингдек, Ўзбекистон чемпионлигида ҳам муваффақият қозонгани спортчилар ва мухлислар орасида катта қизиқиш уйғотганди.

Эътиборлиси, россиялик спортчиларнинг Ўзбекистон байроғи остида қатнашиши аввал ҳам кузатилган ҳолат. Масалан, 2024 йилги Париж Олимпиадасида доғистонлик Разамбек Жамалов 74 кг вазн тоифасида беллашиб, олтин медални қўлга киритганди.

Ҳозирги вазият эса халқаро майдонда спорт фуқаролигини ўзгартириш масаласининг қай даражада мураккаб ва тортишувларга бой эканини яна бир бор намоён этди. Мухлислар ва экспертлар Хадарцев келажакда бу масала бўйича яна имконият топиши мумкинлигига умид қилишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Алик Хадарцевнинг Ўзбекистон байроғи остида кураш тушиши рад этилди