Дунёдаги энг машҳур қаҳвахоналар тармоқларидан бири саналган Starbucks молиявий қийинчиликлар фонида кенг кўламли қисқартиришларни амалга оширмоқда. Компания расмий баёнотига кўра, айни дамда АҚШда 900 нафар ходим ишдан бўшатилиб, ой якунига қадар Шимолий Америка бўйлаб 400 га яқин дўкон фаолияти тугатилади. Европа ҳудудида ҳам айрим филиаллар эшикларини ёпиши мумкинлиги билдирилди.
Starbucks раҳбариятининг таъкидлашича, бу қарорлар орқали компания харажатларни камайтиришни ва даромадли ҳудудларда савдо ҳажмини оширишни кўзламоқда. Шу билан бирга, янги тартиб орқали мижозлар учун қатор қулайликлар яратилиб, қаҳва сотиб олиш жараёнидаги кутиш вақтлари сезиларли даражада қисқариши кутилмоқда.
Маълумот учун, шу йилнинг феврал ойида ҳам Starbucks АҚШда 1100 та иш ўрнини қисқартиради ва меню таркибини оптималлаштиради, деб эълон қилган эди. Натижада, компания бир йил ичида мамлакат ичида жами 2000 дан ортиқ иш ўрнидан воз кечишга мажбур бўлмоқда.
Starbucks бош директори Брайан Никколнинг айтишича, янги қисқартиришлар нафақат Америкада, балки Британия, Швейцария ва Австриядаги айрим қаҳвахоналарни ҳам қамраб олади. Бироқ шунга қарамасдан, компания Британияда 80 та, шунингдек Европа, Яқин Шарқ ва Африкада жами 150 та янги филиал очиш режасидан воз кечмаган.
Компаниянинг июл ойидаги чораклик ҳисоботидан кўриниб турибдики, Starbucks’нинг АҚШда очилганига бир йилдан ортиқ бўлган қатор филиалларида сотув ҳажмлари кетма-кет олтинчи чоракда ҳам пасайган. Эътиборлиси, АҚШ Starbucks учун энг йирик ва асосий бозор ҳисобланади.
Сотувларнинг камайиши ортидан Starbucks акциялари йил бошидан бери 8 фоизга арзонлашган. Молия бозори таҳлилчилари бу ҳолатни бир неча омиллар билан изоҳлашмоқда. Жумладан, TD Cowen мутахассислари фикрига кўра, АҚШда оммалашган "drive-thru" формати – автомобилдан тушмаган ҳолда қаҳва харид қилиш имконини берувчи кофешоплар Starbucks учун жиддий рақобатга айланмоқда.
Шунингдек, мижозлар ўртасидаги сўровномалар ҳам компания учун салбий хулосалар берди: харидорларнинг 70 фоиздан ортиғи Starbucks қаҳвахоналарига нархлар баландлиги сабаб ташрифларини камайтирганини билдирган.
Бундан ташқари, қатор шаҳарларда Starbucks баристалари касаба уюшмалари орқали ўз норозиликларини очиқ билдиришни бошлашган. Бу эса менежмент учун қўшимча муаммо сифатида намоён бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда АҚШ меҳнат бозоридаги вазият ҳам мураккаб кечмоқда. Жорий ой бошида эълон қилинган расмий статистикага кўра, ишсизлик ва қисқартириш кўрсаткичлари кутилгандан анча ёмонроқ бўлиб чиқди. Кўплаб таҳлилчилар бу жараёнларни президент Доналд Трампнинг савдо сиёсати билан ҳам боғлашмоқда.
Starbucks олдида турган муаммолар жуда жиддий. Аммо компания бир вақтнинг ўзида қисқартиришлар орқали молиявий барқарорликни таъминлаш ва янги дўконлар орқали брендининг нуфузини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!