23:53 / 22.12.2019
4 181

“Ленинни тирик деб ўйлар эканман...”

“Ленинни тирик деб ўйлар эканман...”
Болалигимиз аллақандай тартибли, қарашларимиз муқим, фикрларимиз муайян эди. Бизга, асосан, битта шахс ҳақида гапиришарди. Унинг доҳийлигини, бахтли болалигимиз, нурафшон ҳаётимиз фақат у туфайли эканини уқдиришарди. Зулматда кечган халқлар турмуши унинг «чироқ»лари билангина ёришганини айтишарди. Бу гаплар ҳар куни, ҳар соат, ҳар дақиқада такрорланар, каттаю кичикнинг қулоғига, балки миясининг қат-қатига қуйилар эди. Ўша замонни кўрганлар буни яхши билади...

Биринчи синфда ўқиётган маҳалим эди. Бир куни унинг туғилган куни шарафига мактабимизда катта байрам ўтказилди. Бир қанча ўқувчилар қатори менга ҳам мукофот беришди. Қувончим ичимга сиғмай, қўлимга тутқазилган шапалоқдай китобнинг номини ўқийман: «Михаил Зошченко: Ленин ҳақида ҳикоялар». Муқовасининг ички бетида мени доҳийга муносиб ворис бўлишга, унинг таълимоти асосида ўқишга, ишлашга ва яшашга даъват этиб, табрик сўзлари ҳам ёзилган эди.

Китоб мени унга янада яқинлаштирди. Унинг болалиги, гимназияда қандай ўқигани, жандармларни қандай алдагани, сургунда нима ишлар қилгани, қанд-қурсларини болаларга улашганини катта ҳаяжон билан ўқиб чиққаним ҳали-ҳали ёдимда. Мен энди уни ҳақиқатда яхши кўриб қолган эдим. Уни ниҳоятда меҳрибон киши деб тасаввур қилардим. У билан кўришиш, суҳбатлашиш ишқи пайдо бўлган эди юрагимда.

Ҳеч эсимдан чиқмайди, бир куни раҳматли отамдан болаларча тасаввур билан: «Сиз Лелинни кўрганмисиз?» деб сўрадим. «Йўқ», деди. Сўнг: «Лелин ўлганми?» дея савол бердим. Яна: «Йўқ», деди отам. Кейин: «Уни ўлган деб бўлмайди», дея менинг хатойимни тўғирлаб қўйди. (Уни «ўлган» дейиш жиноят эди ҳатто)
Қулоғимизга қуйишаверганидан, болалигимга бориб, уни тирик деб ўйлаган эканман...

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, унинг иши узоқ яшамади. Қалблардан-да изи ўчди. Ҳақиқат устидаги пардалар кўтарилди. Фикру қарашларимиз ҳам ҳақиқий ўрнини топгандай. Болалагимнинг беғубор ҳисларини ўғирлаганлардан, фикратимни ҳақдан адаштирганлардан унчалик хафа эмасман. Аммо бир нарсадан хижолатим бор...

Бизга сохта доҳий «ясаб», уни севдиришган, уни соғинтиришган, унинг изидан юришга ўргатишган эди. Лекин биз фарзандларимизга ҳақиқий етакчимиз Пайғамбар алайҳиссаломни севдира олдикми, қалбларида у зотни кўришга иштиёқ уйғотолдикми, изларидан юришни ўргатолдикми? Менимча, кўпчилигимизнинг жавобимиз: “йўқ”. Чунки, шахсан менинг фарзандларимдан бирортаси: «Дада, сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» деб сўрамади. Демак, мен уларнинг мусаффо туйғуларию болалик қизиқишларини Пайғамбарим сийратига боғлай олмабман. Лекин...

Лекин умид узмайман. Фарзандларим менинг Пайғамбар алайҳиссаломни кўрмаганимни билишса-да, набираларим ҳали буни англашмайди. Ажабмас, бугун ё эрта улар: «Бува, сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?» дея савол бериб қолишса...

Абдуғафур Искандар

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ленинни тирик деб ўйлар эканман...”