Сурхондарёда йўқолган икки ёшли бола ҳануз қидирилмоқда

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида жойлашган Сангардак дарёси атрофида вояга етмаган боланинг бедарак йўқолиши ҳолати бўйича терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда вилоят прокуратураси маълумот берди.
Таъкидланишича, Термиз шаҳридаги “Юлдуз” маҳалласида истиқомат қилувчи, 2024 йил 25 июнда туғилган ўғил бола Сангардак ҳудудида йўқолиб қолган. Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан текширув ҳаракатлари амалга оширилаётгани, болани топиш мақсадида масъул ташкилотлар билан ҳамкорликда барча керакли чора-тадбирлар кўрилаётгани билдирилди. Шунингдек, текширув жараёни вилоят прокуратураси назоратига олинган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, воқеа 26 апрель куни тахминан соат 15:00 атрофида содир бўлган. Маълум қилинишича, бола онаси уни қисқа вақтга назоратсиз қолдирган пайтда бедарак бўлиб қолган. Шундан кейин яқинлари ички ишлар органлари ҳамда фавқулодда вазиятлар хизматига мурожаат қилган.
Болакайнинг отаси эса ижтимоий тармоқлар орқали унга номаълум шахслар томонидан фарзанди тирик экани ҳақида турли хабарлар юборилаётганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, айрим фойдаланувчилар сунъий интеллект ёрдамида боланинг суратларини таҳрирлаб тарқатган, алоқа учун телефон рақами юборилганидан сўнг эса ёзишмаларни ўчириб ташлаган. Ота қидирув ишларига янада жиддий ва тезкор эътибор қаратилишини сўраган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!