date
views 4 877

Ҳар йили сув танқислигидан 1,2 млн. киши хасталикка дучор бўлмоқда

Ҳар йили сув танқислигидан 1,2 млн. киши хасталикка дучор бўлмоқда
Сув табиатнинг энг муҳим бойлиги. Усиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Бутун жаҳонни ташвишга солиб келаётган ичимлик суви аҳолининг ортиши, ишлаб чиқариш корхоналарининг кўпайиши ва ривожланиши, қўшимча суғориладиган ерларни ўзлаштирилиши, бефойда ва беҳуда исрофгарчиликлар туфайли миқдорини камайиши, сифатини пасаяётганлиги обу ҳаётга бўлган талабни оширмоқда. Халқ ибораси билан айтганда, қаерда сув бўлса ҳаёт ўша ерда, сув тугаган жойда ҳаёт ҳам тугайди.

Юртимизда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинаётган бўлса-да, айрим жойлардаги ичимлик сув таъминоти паст даражада эканини кўрамиз. Бу тоза ичимлик сув таъминотида муаммолар борлигидан далолат беради.

Айни пайтда аҳолига ўз вақтида давлат стандарти талабларига жавоб берадиган тоза ичимлик суви билан таъминлаш бугуннинг долзарб масаласидир. Айниқса, юртимизнинг чўл ҳудудларида бунга эҳтиёж юқори. Бу муаммоларни бартараф этиш учун сув захираларимиздан оқилона фойдаланиш, уни бефойда сарфланишига йўл қўймаслик, ифлослантирмасликни тақозо этади. Ҳеч кимга сир эмас, кўплаб вилоятларимизда аҳоли ичимлик суви сифатида ер ости сувларидан фойдаланади.

Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида чучук сув ишлатиш ҳажмининг йилдан-йилга ортиб бориши ва бунинг оқибатида сув танқислиги келиб чиқаётганлиги айни ҳақиқат. Ҳатто БМТ томонидан 2003 йилнинг “Халқаро тоза сув йили” деб эълон қилгани бунинг яққол мисолидир. БМТнинг “Атроф-муҳит муҳофазаси” дастури маълумотига кўра, ҳозирда дунёдаги мавжуд дарёларнинг ярми жиддий ифлосланган. Ер шари аҳолисининг қарийб 40 фоизи тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда. Ҳар йили тоза ичимлик сувининг танқислиги туфайли 1,2 млн. киши турли хил хасталикларга дучор бўлади, 5 млн. киши ифлосланган ва сифатсиз сувдан истеъмол қилишга мажбур.

1995 йилда “Гидро ахборот маркази” томонидан ер ости сувларнинг ифлосланиш даражаси бўйича олиб борилган мониторинг ва кузатувлар натижасида ер ости сувларнинг барча манбалар бўйича башорат ресурслари ва захиралари қайта ҳисоблаб чиқилди. Бунга кўра, минераллашгани 1кг/гача бўлган чучук сув захиралари сўнгги 30 йил давомида 40% камайган. Энг кўп камайиш республиканинг Ғарбида, Амударёнинг қуйи қисмларида, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида кузатилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда сув ресурсларининг ажралмас бир қисми бўлган ер ости сувларидан асосан аҳоли эҳтиёжи учун фойдаланилмоқда. Ишлаб чиқаришнинг жадал суръатларда ривожланиши, баъзи бир минтақаларда сув муҳофазаси билан боғлиқ тадбирларнинг амалга оширилмаётганлиги ва сув захираларининг ифлосланиши ҳақида огоҳлантиришнинг мавжуд эмаслиги, ер ости сувлари сифатининг ёмонлашувига олиб келмоқда.

Нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда ичимлик суви муаммоси бор. Гарчи, ер юзасининг катта қисми сувликдан иборат бўлса ҳам чучук сув захиралари икки фоизни ташкил этади. Бунинг ҳаммаси ҳам истеъмолга яроқли эмас. Баъзи бир мамлакатларда чучук сув захиралари етарли бўлмаганлиги ёки умуман йўқлиги сабабли қанчадан-қанча кишилар машаққат чекмоқда. Республикамизда ҳам шундай сув захираларига эга бўлмаган жойлар топилади.

Шу муносабат билан ер ости сув ресурсларини ўрганиш усулларини янада такомиллаштириш, миллий ва халқаро миқёсда ер ости сувларини комплекс бошқариш салоҳиятини ошириш, ер ости сувларидан фойдаланиш борасида илм-фан ва амалиётнинг ҳамкорлигини таъминлаш ва ривожлантиришга қаратилган муҳим масалалар ўз ечимини кутиб ётибди. Дунёнинг кўплаб давлатлари сингари мамлакатимизда ҳам лалмикор ва чўл ҳудудларида ер ости сувлари ягона чучук сув манбаи эканини ҳисобга олган ҳолда, у иқтисодий ва экологик тизимнинг барқарорлигини таъминлашда энг асосий омиллардан бири эканини унутмайлик.

Санжар ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳар йили сув танқислигидан 1,2 млн. киши хасталикка дучор бўлмоқда