20:01 / 29.01.2020
2 449

«Умримнинг охиригача етадиган дарс бўлди» – Аҳмадбойга пул берганлар ҳикояси

«Умримнинг охиригача етадиган дарс бўлди» – Аҳмадбойга пул берганлар ҳикояси
28 январь куни Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармасида ўтган матбуот анжуманида Аҳмадбойдан жабрланган бир гуруҳ фуқаролар ҳам иштирок этишди.

Ўғилой Аҳмедова (Сирдарё вилояти):
– Аҳмадбойга ҳамма пул берган пайтда мен ҳам 16500 доллар бергандим. Ўша пайтдаги аҳволимни тасаввур ҳам қилолмайсизлар. Унга пул берганлар қандай кўйга тушган бўлса, мен ҳам шу ҳолни бошдан кечирдим. Анча тушкунликларга тушдим. Энди умуман Аҳмадбойларга ишонмайман, ҳеч кимга пул бермайман, бошқаларни ҳам молиявий пирамидаларга ишонмасликка чақираман.

Берган пулларимни олишдан умидимизни узгандим. Пулимнинг учдан бир қисмини бугун пластигимга ташлаб беришди. Бунинг учун барча мутасаддиларга катта раҳмат.

Абдуқаҳҳор Қўчқоров (Жиззах вилояти):
Пенсионерман, иккинчи гуруҳ ногирониман. 2016 йил март ойида пенсиямни йиғиб, тўплаган пулларимни Аҳмадбойга бергандим. Беришдан олдин Чинозга бориб, суриштириб кўрдик. Ҳамма топшираётган экан, навбат катта. Борганимизда пулларни банкнинг машинасида мелисалар билан олиб кетишганди. Шуларни кўргач, биз ҳам пулимизни ишониб бердик. Шундан фойда оламиз, деб ўйлагандик.

Икки ой фоизини олдик, учинчи ойга бориб ташкилот ёпилди. Шундан кейин пулларимиздан умидимизни узгандик.
Хато қилганман. Аҳмоқчилик дейдими, бошқами, нима бўлсаям, нотўғри қилганман. Шошиб қолганмиз. Бугун топширган пулларимнинг учдан бирини қайтариб беришди. Хурсандмиз.

Маҳфуза Ҳожиматова (Тошкент шаҳри):
– 2016 йил кўчадан, таниш-билишлардан эшитиб, Ипотекабанкда турган 27 млн сўмимни Аҳмадбойга олиб бориб берганман. Ҳар ойнинг 23-санасида келиб, фоизингизни олиб кетасиз дейишди. Биринчи ойнинг фоизини олишимга бир ҳафта қолганда ёпилиб қолди. Жудаям қаттиқ сиқилдим. Бошимда эрим, бола-чақам йўқ, ўша пайтда ишсиз эдим, шу пулга яшаётгандим. Ишим ҳам йўқ, пулим ҳам йўқ, энди нима қиламан деб «шок»ка тушдим, тўғриси.

Кейин одамлар ариза билан турли идораларга мурожаат қилаётганини эшитиб, мен ҳам ёздим. 5 йил давомида ҳамма жойга мурожаат қилдим. Аризаларимга жавоб келди, терговларда қатнашдим, қаерга чақиришса бордим.

Аризаларимда келтирган важлар тасдиғини топгани учун пулимни қайтаришларини айтишганди. Очиғи, умидимни узиб қўйгандим. Бугун хурсандчилигимнинг чеки йўқ, пулимнинг учдан бир қисмини пластик карточкамга ташлаб беришди. Қолганини Аҳмадбойнинг мол-мулклари сотилгандан кейин беришаркан. Бу иш умримнинг охиригача етадиган дарс бўлди. Бошдан кечирганларимни душманимга ҳам раво кўрмайман.

Эслатиб ўтамиз, «Аҳмадбой иши» доирасида 11700 нафар жабрланувчига умумий ҳисобда 418 млрд. 293 млн. 345 минг сўм зарар етказилган.

Халқ орасида Аҳмадбой номи билан танилган Аҳмад Турсунбоев ва бошқаларга оид жиноят иши юзасидан дастлабки тергов даврида хатланган кўчмас мулк, автотранспорт ва заргарлик буюмлари сотувга қўйилган. Суд қарори билан сотувдан тушган пулларни жабрланувчиларга тенг миқдорда тақсимлаш белгиланган. Тергов давомида хатланган ҳамда ҳозиргача онлайн аукцион орқали сотилган мол-мулк сотувидан тушган пул 146 млрд. сўмни ташкил этади. Бу барча жабрланувчиларга етказилган зарарнинг тахминан 35 фоизини ташкил этади.

28 январдан бошлаб Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси сотувдан тушган пулларни жабрланувчиларнинг пластик карточкаларига ўтказиб бера бошлади.

МИБ Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бекзод Менглиев:
– Шу пайтгача бизга 4 мингга яқин фуқаро пулларини пластик карточкага ўтказиб берилишини сўраб мурожаат қилди. Шундан қарийб минг кишига банк билан келишган ҳолда бепул пластик карточкалар очтириб бердик. Ҳозир ушбу пластик карталар эгаларига тарқатилмоқда. Қолганлари пластик карталари борлигини айтгани учун тўланадиган пуллар ўша ҳисобларга ўтказиб берилади. Қолган фуқаролар ҳам бизга ариза билан мурожаат қилишса, уларга ё пластик карта очтириб берамиз, ёки пулни ўзларининг пластикларига тушириб берамиз. Унгача пуллар бошқармамизнинг депозит ҳисобларида сақлаб турилади.

Тўғри, ҳозирда депозитларимиздаги пул жабрланувчиларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш учун етарли эмас. Аммо ҳали онлайн аукционда сотиладиган бир қанча кўчмас мулк, автомобиль, заргарлик буюмлари бор. Улардан тушган пуллар ҳам босқичма-босқич жабрланувчиларга махсус дастур орқали тақсимлаб борамиз, бу борада фуқароларимизда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак.

Тошкент вилояти бошқармаси катта инспектори Абдурасул Абдушерозов:
– Бугун онлайн аукцион орқали суд томонидан хатланган «Каптива» русумидаги автомобиль сотилди. Айни пайтда Мажбурий ижро бюросининг бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «MIB-Ijro» электрон дастури орқали қарздорларга тегишли бўлган бошқа мол-мулкларни аниқлаш ва аниқланган мол-мулкларга тақиқ қўйиш чоралари ҳам кўрилмоқда.

Бугунги кун ҳолатига «MIB-Ijro» дастури орқали Аҳмад Турсунбоев ва унинг жиноий шерикларига тегишли бўлган, суд ҳужжатларида кўрсатилмаган битта автомобиль ҳамда кўчмас мулк қўшимча равишда аниқланди. Айни пайтда уларнинг сотилишига тақиқ қўйилган.

Маълумот учун, Ўзбекистон тарихидаги энг машҳур молиявий пирамидани қурган чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ва унинг шериклари 2016 йилнинг июлида Чиноз туманида қўлга олинганди. Фирибгарлик, ноқонуний молиявий пирамида ташкил этиш ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган Аҳмаджон Турсунбоевга 2019 йилнинг октябрида 14 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш ҳамда энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида (52 096 000 сўм) жарима жазолари тайинланганди. Озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган муддати Сенатнинг 2016 йил 12 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги қарорига асосан тўртдан бир қисмига қисқартирилган.

Жамшид Ниёзов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Умримнинг охиригача етадиган дарс бўлди» – Аҳмадбойга пул берганлар ҳикояси