17:35 / 24.04.2020
3 845

Саховат ва кўмак: жамғарма маблағлари қандай сарфланади?

Саховат ва кўмак: жамғарма маблағлари қандай сарфланади?
Пандемия шароитида бутун дунёда ишсизлар ва ёрдамга муҳтож аҳоли сонининг ўсиб бориши кузатилмоқда. Бундай шароитда халқпарвар давлат ва жамиятлар ёрдамга муҳтож аҳолисини ўз ҳолига ташлаб қўймайди, албатта.

Ўзбекистонда ҳам давлат коронавирус касаллиги тарқалмаслиги учун амалга оширилаётган карантин ва даволаш тадбирлари билан бир қаторда моддий ёрдамга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш бўйича барча чораларни кўрмоқда. Хусусан, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Хайрияларни мувофиқлаштириш маркази ҳамда 1197 қисқа рақамли колл-марказ ташкил этилди. Ушбу марказга ҳар куни минглаб оилалар қўнғироқ қилишмоқда ва ёрдам олишмоқда.
Шу билан бирга, бугунги вазият аҳолининг ёрдамга муҳтож қисмини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чоралар кўришни талаб қилади.

Вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармон билан таъминлаш кўламини янада кенгайтириш керак. Чунки, карантин чекловлари киритилганига қарийб бир ой бўлди. Вақт ўтган сари аҳолининг мавжуд захираси камайиб бораверади, муҳтожлар сони кўпаяверади.
Энг ёмони, бу пандемия ва у сабабли бутун дунёда юзага келган иқтисодий қийинчиликлар қанча давом этиши номаълум.

Эзгу ташаббус
Жорий йилнинг 20 апрель куни Президентимиз томонидан, халқимизнинг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.
Мавжуд вазиятни яхши тушунган халқимиз, жамоатчилигимиз ҳозирги оғир пайтда аҳолининг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ҳақидаги ташаббусни кўтаринки руҳда, қизғин кутиб олди.

Бу масала бўйича ОАВларда, ижтимоий тармоқларда самимий муносабат билдирилди.
Ушбу ташаббуснинг амалга ошириш механизмларидан бири сифатида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 апрелдаги фармойиши билан “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) бўлинмалари ташкил этилди, Жамғарма тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу Низомга кўра, Жамғарма ва унинг бўлинмалари Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари, туман ва шаҳар бўлинмалари ҳузурида очилади. Улар юридик шахс ҳисобланмайди.

Жамғарма маблағларининг шаклланиши
“Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларининг ҳомийлик ва хайриялари, маҳаллий бюджетлар даромадининг режадан ташқари бажарилишидан тушган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан шакллантирилади. Яъни, асосий манба бу ихтиёрий ҳомийлик ва хайриялар, шунингдек маҳаллий бюджет маблағларининг бир қисми.

Жамғармага маблағларни ҳам миллий, ҳам чет эл валютасида ўтказиш мумкин. Бунинг учун тижорат банкларида Жамғарманинг алоҳида сўм ва валюта ҳисобварақлари очилади.
Демак, ҳомийлик ва хайрия қилишни истаган ҳар қандай Ўзбекистон ёки хорижий мамлакат резиденти бўлган юридик ва жисмоний шахслар,
шу жумладан тадбиркорлар ҳам ушбу Жамғармага миллий ва чет эл валютасида маблағ йўналтиришлари мумкин.

Шу ўринда, давлатимиз раҳбари айтиб ўтганларидек, давлат ўз навбатида саховатпеша тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, уларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар беради.

Энг асосийси кам таъминланган инсонлар ва оилаларга меҳр ва ҳурмат билан ёрдам қўлини чўзиш бу тадбиркорлар ва фермерлар, хўжалик бирлашмалари вакиллари, вазирлик, идора ва ташкилотлар ишчи-ходимлари ва умуман ҳар қандай инсон учун ҳам савобли иш, ҳам ватанпарварлик намунаси бўлади.

Жамғарма маблағларининг сарфланиши
“Саховат ва кўмак” жамғармасига келиб тушган маблағлар коронавирус пандемияси ва карантин даврида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга ва ёлғиз қарияларга, ўз даромадини йўқотган вақтинча ишсиз бўлган жисмоний шахсларга ёрдам беришга йўналтирилади.
Бундай ёрдам пул маблағлари, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар кўринишида бўлиши Жамғарма низомида белгилаб қўйилди.

Жамғарма маблағларини тасарруф этиш:
- республика миқёсида – Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Васийлик кенгаши;
- Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар миқёсида – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари;
- туман (шаҳар) миқёсида – халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашлари томонидан амалга оширилади.

Жамғарма низомида белгиланишича, туман ва шаҳарларда ҳар бир сектор раҳбари тегишли маҳаллалар билан биргаликда маҳаллалардаги ҳар бир оиланинг, фуқароларнинг моддий аҳволини ўрганган ҳолда ҳафталик ёрдам кўрсатиладиган эҳтиёжманд оилалар рўйхати ва уларга берилиши керак бўладиган маблағлар, кундалик истеъмол товарлари, дори воситалари ва бошқа маҳсулотлар ҳажмини шакллантиради ва йиғилган маълумотлар халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига киритилади.

Агар Жамғарманинг муайян туман (шаҳар) бўлинмасида йиғилган маблағ шу ҳудуд эҳтиёжлари учун етарли бўлмаса, унда тегишли юқори турувчи жамғармага мурожаат қилинади.

Яъни, ҳар бир туманда (шаҳарда) Жамғарма маблағларининг етарли бўлиши ва рационал сарфланиши ҳудудлардаги халқ депутатлари кенгашлари томонидан зарур ҳажмларни тасдиқлаш ҳамда маблағларни тасарруф этишни мувофиқлаштириш йўли билан таъминланади.

Маблағлар сарфланиши устидан назорат
“Саховат ва кўмак” жамғармасига маблағлари сарфланиши устидан давлат ва жамоатчилик назорати ўрнатилади.
Бу масалада биринчи навбатда жамоатчилик назоратини таъкидлаш лозим. Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ жамоатчилик назорати субъектлари, яъни фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ҳам ушбу Жамғарма маблағлари сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эгалар.

Шунингдек, Жамғармани ташкил қилиш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг 213-Ф-сонли фармойишида ҳам жамоатчилик назорати субъектларига Жамғарма ва унинг ҳудудий бўлинмалари маблағлари сарфланиши устидан кунлик жамоатчилик назоратини ўрнатиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, Жамғарма низомида маблағларнинг келиб тушиши, улардан фойдаланилиши ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши белгилаб қўйилди. Бундай шаффофликни ўзи ҳам халқ назоратини таъминлашга хизмат қилади.

Ва албатта Жамғарма маблағлари сарфланиши устидан давлат назорати ҳам таъминланади.
Маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати идоралари доимий назорат қилиб туради. Бундан ташқари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам ўз ваколати доирасида назоратни таъминлашига шубҳа йўқ.

P.S. Ишончимиз комилки, “Саховат ва кўмак” жамғармаси фаолияти халқимизнинг инсонпарварлик ва саховатпешаликдаги яна бир намунаси бўлиб тарихда қолади.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида тили бошқа, дини бошқа 1 миллион нафардан ортиқ қочқинларга бошпана берган, 200 минг етим боланинг катта қисмини оиласи бағрига олиб, ўз фарзандидек тарбиялаган халқ бугун ўзининг ёрдамга муҳтож юртдошларини мушкул аҳволда ташлаб қўймаслиги аниқ.

А.Мадаминов
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Саховат ва кўмак: жамғарма маблағлари қандай сарфланади?