
Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ҳолатини янада аниқроқ кузатиш ва ифлосланиш манбаларини вақтида аниқлаш мақсадида барча туманларда махсус мобил экологик лабораториялар фаолияти йўлга қўйилди. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълумот берди.
Қўмитага кўра, пойтахтнинг ҳар бир туманида 24 соат давомида кучайтирилган тартибда мониторинг олиб борилади. Мазкур лабораториялар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослашган аналитик назорат маркази томонидан тўлиқ жиҳозланган бўлиб, ҳаво таркибини реал вақт режимида таҳлил қилиш имконини беради.
Шулардан бири ҳозирда Юнусобод туманидаги “Туркистон” метро бекати атрофида ишлаяпти. Лаборатория ҳаводаги зарарли моддалар миқдорини ўлчаб, ифлосланиш манбалари ҳақида тезкор маълумот тақдим қилмоқда.
Экология қўмитаси томонидан пойтахтдаги экологик вазиятни яхшилаш учун махсус штаб ташкил этилгани ҳам қайд этилди. Тегишли идоралар билан ҳамкорликда зарар манбалари аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Маълумот учун, ҳаво сифатини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар доирасида Яккасарой туманида жойлашган Тошкент иссиқлик электр марказида мазутдан бутунлай воз кечилгани ҳам аввал хабар қилинганди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.