date

АҚШнинг Украинага босими ортиб, Европа жиддий хавотирда

АҚШнинг Украинага босими ортиб, Европа жиддий хавотирда

Вашингтонда Украина бўйича қабул қилинган янги позиция Европа пойтахтларида кучли ташвиш уйғотди. АҚШ армияси вазири Дэниел Дрисколл Киевда ўтказилган ёпиқ мулоқотда президент Доналд Трампнинг «тинчлик режаси» юзасидан АҚШ ҳеч қандай «эгилувчанлик»ка бормаслигини очиқ баён қилди. Financial Times ёзишича, учрашув муҳити «ўта ёмон» тарзда кечган, европалик дипломатлар бу босимдан қаттиқ безовта бўлган.

Тадбир Украинадаги АҚШ вақтинчалик вакили Жули Дэвис резиденциясида бўлиб ўтди. Дрисколл сўзларига кўра, АҚШ ҳарбийлари Украинага ҳурмат билан қарайди, лекин фронтдаги вазият «жуда оғир» эканини ҳам яширмайди. Унинг таъкидлашича, ҳозир тинчликка эришиш эҳтиёжи долзарб, аммо АҚШ Трамп режасининг моҳиятини муҳокама қилишга киришмаган.

Учрашувда Жули Дэвис ҳам кескин баёнот берди. Унинг фикрича, Украинага қанчалик ёрдам кўрсатилмасин, ресурсларнинг ҳам чегараси бор. Шу билан бирга, Россиянинг кучли саноат салоҳияти мавжудлиги фронтдаги вазиятни узоқ давом эттиришни қийинлаштирмоқда. Дэвис таъкидлашича, «қандай бўлмасин, бир кун келиб Киев келишув имзолашга мажбур бўлади».

Дрисколл ва Дэвис иккиси ҳам Трамп белгилаган муддат — 27 ноябргача Украина «тинчлик режаси»га розилик билдириши лозимлигини яна бир бор эслатди. Бу талаб европалик дипломатлар орасида қаттиқ танқидга сабаб бўлди. FT манбаларига кўра, баъзи элчиларда шундай фикр пайдо бўлган: АҚШ ҳозирги сиёсий вазиятдан фойдаланиб, Зеленскийнинг заифлашган нуқтасини босим остига олишга уринмоқда.

Бир қатор Европа Иттифоқи мамлакатлари вакиллари Трамп режасини Россия учун стратегик ютуқ, Украина учун эса жиддий хавф сифатида кўришмоқда. Бунга жавобан АҚШ вакиллари Россиянинг сўнгги икки йилда миллионга яқин ҳарбий йўқотганини (Вашингтон ҳисоб-китоблари) мисол қилиб, буни «ғалаба» деб аташ нотўғрилигини айтди.

Учрашув якунида европалик элчилар Киевни музокараларга мажбур қилиш ўрнига Россияга босим кучайтирилиши кераклигини таъкидлади. Аммо АҚШ томони бу таклифлар фонида ҳам Трамп режасининг шартлари Украина умид қила оладиган «энг яхши имконият» эканини таъкидлашда давом этди.

Киевдаги ушбу кескин мулоқот Йоханнесбургдаги G20 саммитида ҳам муҳокамаларни қизитди. Италия бош вазири Жоржа Мелони, Франция президенти Эммануэл Макрон ва Урсула фон дер Ляйен иштирокидаги кечиктирилган музокараларда Европа етакчилари АҚШ президентини талабларни юмшатишга кўндириш йўлини излашди.

FT манбаларига кўра, айрим амалдорлар шундай хулосага келган: «Энди Трампнинг қулоғига пичирлаётганлар жимликни тўхтатиб, очиқ овозда гапирадиган вақт келди».

Музокаралар давом этади, аммо Европа билан Америка ўртасидаги муносабатларда янги тартиб, янги босим ва янги зиддиятлар юзага келаётгани барча томонлар учун сезиларли бўлиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » АҚШнинг Украинага босими ортиб, Европа жиддий хавотирда