
Ҳиндистонда юракларни эзган, бироқ умид бағишлайдиган воқеа содир бўлди. Қарийб ярим аср аввал бедарак йўқолган Рикҳи исмли эркак ортиқча ишонч ҳам қолмаган бир пайтда, 45 йил деганда ўз оиласини топди. Бу ҳақда “Times of India” ёзди.
Маълумотларга кўра, Рикҳи Ҳимачал-Прадеш штати Сирмаур туманидаги Сатаун минтақасида, Шимладан 120 километр нарироқ жойлашган Нади қишлоғида туғилган. У 1980 йилда уйини тарк этиб, Ҳаряна штати Ямунанагар шаҳрида меҳмонхонада ишлай бошлаган. Орадан кўп ўтмай, у оғир автоҳалокатга учраб, бош мия зарбаси оқибатида бутун хотирасини йўқотган.
Шу туфайли Рикҳининг ота-онаси унинг омон қолганига ишонмаган, ҳатто қайтишини ҳам умид қилмаган. Таъқдир айланиши билан ёш йигит кейинчалик Мумбайга кўчиб ўтиб, ўзини Рави Чаудҳарй деб танитади, уйланиб, янги ҳаёт қуриб юраверади. Бу жараёнда ўтмишини тўлиқ унутган.
Бир неча ой аввал эса тақдир яна уни синовга солди: бошига яна зарба тегиши натижасида болалик хотиралари парча-парча бўлиб қайта бошлади. Хотинининг кўмаги билан Рикҳи ўз келиб чиқишини аниқлаган ва туғилган қишлоғини излаб топишга қарор қилган.
15 ноябрь куни у 1600 километрлик узоқ йўлни босиб ўтиб, Нади қишлоғидаги уйига қайтди. Унга эшик очганлар — узоқ йиллар давомида уни йўқотганига ишонган ака-ука ва опа-сингиллари эди.
Оила аъзолари билан учрашув — 45 йиллик оғриқ, сўниш ва интизорликка чек қўйган, кўз ёш ва қувончга тўла дақиқа бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.