17:17 / 18.07.2020
6 154

Коронавирус касаллигини бошидан ўтказган шифокор ўз тавсияларини берди

Коронавирус касаллигини бошидан ўтказган шифокор ўз тавсияларини берди
Маъруф Норбўтаев, шифокор
Касбим тақозоси ва худонинг хоҳиши билан «халққа келган тўй»дан мен ҳам бебаҳра қолмадим, беморлик етди. Ортда қолган 10 кун давомида касаллик билан курашиш билан бирга ўзим учун бир қанча хулосалар олдим.

Ҳам врач, ҳам касалликни бошидан ўтказаётган инсон сифатида айрим хулоса ва тавсияларимни сизлар билан бўлишмоқчиман.

Касаллик бошланиши:
1-кун: 6-июль куни эрталаб бўйин ва бел мушакларимда оғриқ билан уйғондим, кечга бориб еган овқатимда таъм сезмай бошладим.

2-кун: Эрталаб лоҳаслик ва чарчоқ билан уйғондим, мушаклардаги оғриқлар кучайди. Томоқда ачишиш ҳисси пайдо бўлди, тиш пастасининг ўткир таъмини ҳам деярли сезмадим ва ҳароратимни ўлчадим — 36.5. Жуда кўп терлай бошладим.

Менда касаллик бошланаётганини сезардиму, лекин ҳароратим кўтарилмаганига яхши умид қилиб турдим. Ниҳоят, тушга яқин ҳароратим кўтарилди — 38-38.5. Даволаш муолажаларини бошладим. Кеча яқин ҳарорат 39.0 гача етди.

Иситма тушириш учун кун давомида 2 марта Парацетамол 500 мг қабул қилдим, кўп-кўп суюқлик ичдим, ҳароратим 37.2 гача тушди.
Кечаси билан шу ҳарорат ушланиб турди, лекин ҳаддан ортиқ кўп терладим ва бундан ўзимни бироз енгил ҳис қилдим.

3-кун: Эрталаб бироз енгил бўлиб турдим, ҳароратим 37.0. Албатта, ҳамма қатори менда ҳам COVID-19 борми-йўқми, билиш учун тест топшириш ҳаракатига тушдим. Шаҳар СЭС, туман СЭС, 1003, 1104, оилавий поликлиника, хусусий клиникалар, хуллас, термаган рақамим қолмади ҳисоб. Ҳеч ким касалланган одам уйда туриб қандай тест топшириши мумкинлигини аниқ айта олмади.

Ниҳоят, туман ва шаҳар СЭСларига ўзим боришга мажбур бўлдим, гарчи ҳарорат билан кўчага чиқиш мумкин бўлмаса-да. Чунки мен ишга чиқишим ёки больничний очтиришим керак эди, лекин бунинг учун аввал тест топширишим лозимлигини айтишди. СЭСлар дарвозаси олдидаги ҳолат ҳақида эса аввалроқ ёзгандим. Хуллас, кун бўйи ҳаракат қилиб, ҳеч қаерда тест топширолмадим. Аҳволим ёмонмаслиги ва ҳароратим тушгани мени бироз хотиржамликка ундади.

4-кун: Эрталаб ҳолсиз ва терга ботган ҳолда уйғондим, ҳароратим йўқ, лекин қисқа-қисқа қуруқ йўтал ва томоқда ачишиш пайдо бўлди. Иштаҳа деярли бутунлай йўқолди. Кўкрак қафасимда тош осиб қуйгандай ҳис пайдо бўлгач, менда пневмония бошланаётганини англадим ва антибиотик Азитромицин 500 мг ичишни бошладим. Кунига 1 маҳалдан 3 кун. Қўшимча «Аскорутин» витамин 2 таблеткадан 3 маҳал. Суюқликка асосан наъматак дамламаси ичиб турдим.

5-кун: Аҳволим оғирлашди, йўтал, ҳолсизлик, ҳид, таъм сезмаслик, кўнгил айниши, иштаҳасизлик ва энг ёмони — нафас сиқиши бошланди. Тест топширишга умидимни узиб, хусусий клиникада ўпка МСКТсини қилдирдим. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, эрталаб телефон орқали сўраганимда 200 минг деб айтилган МСКТ текшируви тушдан кейин борганимда 300 минг сўмга кўтарилибди. Шу нархда ҳам навбат қатор. МСКТ да икки томонлама бронхопневмония хулосасини беришди, биргина қувончли жиҳати енгил формада. Кечга яқин бир ҳафта олдин кўрган касалим қўнғироқ қилиб, уларда оилавий COVID-19 тести ижобий чиққанини айтди (манба деярли аниқлашди).

6-кун: Уйда даволанишни давом эттирдим, нафас машқларини бошладим. Нафас сиқиш бошлаганда бироз ваҳимага ҳам тушдим. Ҳар эҳтимолга қарши касалхонага қандай бориш ва уйдагиларни хавотирга қўймаслик учун буни қандай билдирмасликни ўйлардим (улар вилоятда).

Айтишим мумкинки, кечга бориб аҳволим ёмонлашаётганини ҳис қилдим, интоксикация белгилари: ҳолсизлик, кўнгил айниши, бош айланиши кучайди. Иштаҳа йўқлиги туфайли деярли ҳеч нарса еёлмадим.

Томир ичига Реосорбилакт 200 мл қуйишни бошладим, бироз енгиллик сездим.

7-кун: Кун давомида аҳволим бироз яхшиланди, поликлиникага телефон қилиб уйдан тест олишлари учун навбатга ёзилдим. Муолажаларни давом эттирдим, йўтал, ҳолсизлик, иштаҳасизлик давом этарди. Нафас сиқиши бироз қўйворди. Таъм сезиш мақсадида бир дона конфет сўрмоқчи бўлдим ва айтишим керакки бу хато фикр эди, таъм ҳам сезмадим, овозим ҳам бўғилиб қолди.

8-кун: Муолажаларни давом эттирдим, аҳволим ҳам бироз яхшиланди, нафас сиқиши ва ҳолсизлик камайди, бироз қувват қайтди.

9-кун: Ниҳоят, бироз таъм сеза бошладим, иштаҳа қайта бошлади. Тушга яқин поликлиникада тест топширишга муваффақ бўлдим. (Деярли тузалганимда!!! Агар аҳволим яхшиланмаганда ҳолат қанақа бўлишини тасаввур қилишга ҳам қўрқаман). Витаминдан ташқари дориларни тўхтатдим.

10-кун: Нафас сиқиши деярли тўхтади, таъм ва ҳид сезиш бироз тикланди, иштаҳа билан овқатлана бошладим. Ҳолсизлик ва терлаш, йўтал сақланиб турди.

11-кун: Бугун, мана ўзимни анча яхши сезяпман, шукр. Лекин ҳали ҳам ўзимни тўла соғлом сезмаяпман. Тест натижаси эса ҳали ҳам чиқмади.

Хулосалар:
  • Бу касаллик одатий шамоллашлардан фарқ қилади, бурун оқиши, аксириш, балғамли йўтал унчалик хос эмас. Энг хавфли тарафи тезда ўпкани зарарлаши мумкин.
  • Касаллик белгилари сезилса, энг аввало, яқинлардан алоҳидаланиб, ваҳимага тушмасдан таниш шифокор ёки оилавий шифокор билан боғланиб муолажаларни бошлаш керак, агар касалхонага ётишга кўрсатма бўлмаса (ҳансираш, ёши 50 дан ошган, қўшимча касали бор, ҳарорати 39 дан юқори) тез ёрдам 103 чақиришни кераги йўқ, улар сизга ҳеч қандай ёрдам бера олишмайди, шунчаки сиздан оғирроқ бошқа касални вақтини олган бўласиз.
  • Тест топшириш асосий мақсад бўлмаслиги керак, касаллик белгилари бошланса, даволашни бошлаш муҳимроқ! Чунки, тест натижаси кўпчиликда ковидни тасдиқламаяпти негадир!
  • Касалликнинг 6-7-8 кунлари энг оғир кунлари ҳисобланади, ҳарорат тушиши сизни алдаб қўймасин. Одатда кўпчиликда ҳарорат 3 кун ичида тушади, бу ҳали тузалиш дегани эмас!

Муолажа:
1) Суюқлик ичиш керак, суткасига 5-6 литр, совуқ ҳолатда ичиш мумкин эмас, наъматак, лимон, асал, мойчечак, хуллас, турли дамлама ва чойлардан ичиб туриш мумкин. Овқатни асосан суюқ ҳолатда, тез тез мажбуран бўлса ҳам қабул қилиб туриш керак, ширинликлардан чекланиш керак.
2) Нафас машқлари (Googleни ёрдамга чақирасиз), тоза ҳавода сайр, шар пуфлаш.
3) Ҳарорат кўтарилса 38< парацетамол ёки аспирин (ошқозон-ичакда яраси борларга аспирин тавсия этилмайди!)
4) Йўтал бошланса:
Азитромицин 500 мг катталарга, 250 мг болаларга кунига 1 маҳалдан 3 кун.
5) Аскорбинкани хоҳлаган шаклда кун давомида қабул қилиш керак.
6) Амброксол 30 мг 1 таб х 3 маҳалдан 5 кун.
7) Агар уйда медиклар бўлса ва интоксикация белгилари кучайса, томирдан дорилар қабул қилиш мумкин (NaCl+аскорбинка, ёки Реосорбилакт).
8) Вирусга қарши препаратлар (арбидол, атцикловир, гроприносин, арпефлю, эргоферон) таъсири исботланмаган, шунингдек зарари ҳам исботланмагани учун агар бор бўлса ичиш керак, йўқ бўлса излаб юришга арзимайди.
9) Плаквенил (гидроксихлорин)нинг таъсири ҳам тўлиқ исботланмади, ножўя таъсири кўп. Шунинг учун енгил беморларга тавсия қилмаган бўлардим.
10) Бу касалликни енгиш учун, энг аввало, иммунитетимизга ишонишимиз керак, шуни унутмаслик керакки, бу вирусга қарши аниқ дори ҳали МАВЖУД ЭМАС! Ваҳима, тушкунлик иммунитетни кескин пасайтиради!

Маъруф Норбўтаев, шифокор

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус касаллигини бошидан ўтказган шифокор ўз тавсияларини берди