date
views 1 923

«Чекловларсиз вазият издан чиқиб кетган бўларди» – Нурмат Отабеков


10 июлдан бошлаб Ўзбекистонда яна қаттиқ карантин режими жорий қилинди. Хўш, бу кўзланган натижани бердими? Чекловлар муддати узайтирилишидан қандай мақсад кўзланган? Kun.uz мухбири шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков билан суҳбатлашди.

– Нурмат Сатиниязович, 10 июлда бошланган карантин чекловларидан қандай мақсад кўзланганди ва уларга эришилдими? Яъни 20 кунлик бу чекловларнинг самараси қандай бўлди?
– Кўпчиликни рақамлар қизиқтиради, аммо афсуски вируснинг тарқалиши бўйича турли тахминлар қилиш ва барчасида адашиш мумкин. Агар бу чекловлардан олдинги давр билан солиштирадиган бўлсак, умумий қайд қилинган беморлар сони 10 минг нафар атрофида бўлгани ҳолда ҳар кунлик вирусга чалиниш кўрсаткичи 500 нафардан ошиб, 600 нафарга яқинлашиб қолган эди. Мана, ҳозир жами беморлар сони 19 мингга яқинлашяпти, бир кунда қайд этилган янги ҳолатлар сони эса 500дан кам бўлди.

Биз вируснинг камида бир яширин даврича муддатда қаттиқ карантин чораларини қўлладик, айниқса шанба-якшанба кунлари бу масалага ниҳоятда жиддий қаралди. Бу ўз натижасини берди. Албатта, юқорида айтганимдай тахминлар қилиш дуруст эмас, аммо реал ва минимал ҳисоб-китобларга кўра ҳам агар бу чораларни кўрмаганимизда, кунига ўртача 700та, балки 1000та янги ҳолатлар қайд этилаётган бўларди. Касаллик кескин кўпая бошлаган пайтда ана шу суръатни ушлаб қолганимизнинг ўзи натижа.
Карантин муддатининг охирларидан бу чекловларнинг ижобий натижалари кўрина бошлайди.

– Президент бу чекловлар муддатини узайтириш таклифини маъқуллади. Бу таклиф тарафдорлари орасида сиз ҳам бормисиз?
– Нафақат мен, балки соҳанинг кўплаб етакчи мутахассислари шундай қилиш тарафдори эдик ва Республика махсус комиссиясининг амалдаги карантин чекловларини узайтириш таклифи давлат раҳбари томонидан маъқулланди. Нима дейилганда ҳам, тиббиёт тизими узлуксиз танқидлар остида қолганда ҳам бир гапни айтишим керак – биз вирусни айнан ана шу карантин чоралари туфайли назоратда ушлаб турибмиз, эпидемиологик жараённи жиловлаб олганмиз. Чекловларни қўлламаганимизда, вазият чиндан издан чиқарди. Буни аниқлаш осон, қўшни давлатлар билан ҳам, аҳолиси биз билан тенг давлатлар билан ҳам солиштириш кифоя. Тасаввур қилайлик, ўша давлатлар сингари бизда ҳам кунига бир неча минглаб беморлар қайд этилганида нима бўларди?

Шу боис, карантин чоралари ўзини оқлаётганига, уни узайтиришга катта зарурат борлигига шубҳа йўқ. Бунинг яна бир сабаби, бирор давлат, бирор ташкилот бу касалликни жиловлаб олиш тугал, даволаб юбориш бўйича мақтана олмайди. Ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам бу касалликка қарши «мана бу эшикдан кирасан, мана бунисидан чиқасан» деган мазмундаги қатъий қўлланма тақдим қила олмади.

Ўзбекистон ўз тажриба ва услубларидан келиб чиқиб, ўзининг тактикасини танлаб оляпти. Яъни ўзи исботлаган тажрибани ўзи яна татбиқ этди. Одамларнинг тўпланишларини чеклаш, тиббий ниқоблар мажбурийлиги бўйича талаблар каби чекловларда қатъий турилгани ўз самарасини берди.

Албатта, хориж тажрибаси ҳам мунтазам кузатиб келиняпти, касалликка қарши ҳар қандай самарали усул бўйича маълумот дарҳол ўрганилмоқда ва лозим бўлса, қўллаб кўрилмоқда. Чунки бу ўз номи билан пандемия.

Бу сафарги карантин чекловлари даврида иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ишлашига рухсат берилган. Мана шу тартибда олиб бориш, яъни иқтисодни ҳам сақлаб туриш, карантинни ҳам сусайтирмаслик албатта яхши самара беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Чекловларсиз вазият издан чиқиб кетган бўларди» – Нурмат Отабеков