Трамп режаси Европа учун янги молиявий зиддиятларни кучайтирмоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп таклиф этган Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича «тинчлик режаси» Европа Иттифоқининг Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича режаларини жиддий қийинлаштириши мумкин. Politico’нинг Европа таҳририяти билан суҳбатлашган бир нечта манбалар айтишича, режадаги молиявий механизмлар Брюсселнинг Киевга «репарациявий кредит» ажратиш бўйича тайёрланаётган дастури билан кескин зиддиятга киришяпти.
Европа амалдорларидан бири Трампнинг Европа ҳудудида сақланаётган Россия активларини тасарруф этиш бўйича ҳеч қандай ҳуқуққа эга эмаслигини очиқ таъкидлаган. ЕИга аъзо яна бир давлат вакилининг айтишича, Вашингтон томонидан таклиф этилган схемалар Европа учун «ҳақоратли» равишда қабул қилинган, ҳатто Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф ҳақида жуда кескин фикрлар ҳам билдирилган.
Манбалар таъкидлашича, ЕИ узоқ вақтдан бери музлатилган активлардан Украина манфаати йўлида қандай қилиб адолатли ва хавфсиз фойдаланиш мумкинлигини излаб, жуда мураккаб механизмлар устида ишлаб келган. Трамп режасида эса бу маблағларни катта қисми АҚШ назорати остига ўтиб кетиши, фойданинг ярми Вашингтонга тегишли бўлиши назарда тутилган. Бу эса европалик таҳлилчилар фикрига кўра, «деярли барча томонлардан рад этиладиган» ғоя.
Вашингтон таклифига кўра:
– Европа ва АҚШ музлатилган активлардан 200 миллиард долларлик пакетни Украина тикланишига йўналтиради;
– Бу маблағнинг 100 миллиард доллари АҚШ назоратида ҳаракатланади ва ундан келадиган фойданинг 50 фоизи Америкага тегишли бўлади;
– Қолган сумма Европа зиммасига юклатилади;
– Маблағларнинг қолган қисми АҚШ–Россия қўшма инвестиция жамғармасига йўналтирилади.
Европа Иттифоқи томонидан тайёрланaётган «репарациявий кредит» эса бошқача механизмга қурилган. Бу кредит Украинага фақат уруш тугаганидан ва Москва етказилган зарарни расман қоплашга розилик билдирганидан кейин юкланади. Шунда маблағлар Еuroclear депозитарийсига қайтарилади ва Россия улардан яна фойдаланиш имконига эга бўлади.
Лойиҳа ҳажми тахминан 140 миллиард евро (162 миллиард доллар) бўлиб, 2026–2027 йилларда Украина иқтисодиёти учун «энг муҳим эҳтиёжлар» сифатида белгилаб қўйилган.
Белгия бош вазири Барт де Вевер жорий йил октябр ойида ЕИ саммитида, агар Европа иттифоқчилари хавфни биргаликда бўлишмасалар, Брюссел бу ташаббусни ёпишга мажбур бўлишини айтганди. Европа мамлакатлари Белгияни ҳимоя қилишга келишиб олган ва активлар тақдири 18–19 декабр саммитида ҳал этилиши кутилмоқда.
Бироқ Трамп режаси бу жараённи янада мураккаблаштирмоқда. Европа манбалари фикрича, АҚШ томонидан музлатилган активларни тўлиқ блокдан чиқариш талаби Брюсселни кескин сиёсий босим остида қолдиради. Агар шундай вазиятда ЕИ «репарациявий кредит»ни барибир берса, кейинчалик уни Россияга қайтариш масъулияти айнан Европа мамлакатлари зиммасига тушиши мумкин.
Европа дипломатларининг таъкидлашича, Трамп режасининг бу банди нафақат молиявий рискларни оширади, балки Украина учун режалаштирилган ёрдам тизимини ҳам издан чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Шубҳасиз, декабрь ойидаги ЕИ саммити бу борада ҳал қилувчи босқич бўлади.