22:33 / 22.08.2020
2 228

Қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш: муаммо ва ечимлар

Қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш: муаммо ва ечимлар
Сўнгги йилларда республикамизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар натижасида қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиб, кўплаб янги қонун ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Натижада барча соҳаларда ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Бироқ қонун ҳужжатларини қабул қилиш ёки ўзгартириш – бу ҳали ислоҳотларнинг ҳаммаси эмас. Қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини амалда самарали қўлланилиши, ортиқча маъмурий-тартиб таомилларни қисқартириши ва халқ манфаатларига мос бўлиши ҳам катта аҳамиятга эга.

Қонун ҳужжатлари реал ишлаши учун эса улар аввал бошданоқ ҳар томонлама пухта ўйлаб, турли таҳлиллар ва баҳолашлар, муҳокамалар ва асослантиришлардан сўнг қабул қилиниши лозим. Акс ҳолда ушбу ҳужжатларни тез орада ўзгартириш, бекор қилиш ёки янгидан қабул қилиш эҳтиёжини юзага келтириши мумкин. Бу эса ислоҳотлар самарасини ва келажагини “катта сўроқ остида” қолдирувчи ёпиқ доирани ҳосил қилади.

Нима қилмоқ керак?
Маъмурий тартиб-таомилларни илғор миллий ва хорижий тажриба асосида мунтазам такомиллаштириб бориш, асоссиз чекловлар, ортиқча
ва эскирган тартибга солиш механизмларидан воз кечиш лозим.

Бунинг учун, аввало, ҳужжатларни ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичидаёқ уларнинг таъсирини баҳолаш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтказишнинг самарали механизмларини жорий этишнинг аҳамияти катта. Яъни “ишлаб чиқилаётган қонун ҳужжати қанчалик муҳим, ундан қандай натижалар кутилмоқда ва ҳужжат мазкур кутилаётган самарали натижаларга эришиш имконини берадими” деган муҳим саволларга ҳали у қабул қилинмасдан туриб, аниқ жавоблар бўлиши шарт. Бир сўз билан айтганда, сувни кўрмай, этикни ечмаслик керак.

Навбатдаги муҳим масала, бу қонун ҳужжатлари қабул қилингандан сўнг 2-3 йилда амалиётда унинг ишлаши, кутилган натижага олиб келиши, бўшлиқлари каби муҳим меъзон ва кўрсаткичлар бўйича таҳлил қилиниб, баҳоланиши ҳамда баҳолаш натижалари кенг жамоатчиликка эълон қилиниши керак.

Бу бизга нима беради?
Қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш, шунингдек, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, энг аввало, қабул қилинаётган ҳужжатнинг халқчил бўлишига, кенг омманинг фикр-мулоҳазалари билан бойитилишига олиб келади.

Шунингдек, бу жараёнда лойиҳани амалга ошириш давомида юзага келиши мумкин бўлган ижобий ва салбий натижалар баҳоланади. Асосийси, ортиқча маъмурий тартиб-таомиллар, бюрократик тўсиқлар, самарасиз тартибга солиш жараёнларининг олди олинади.
Қонун ҳужжатларини қабул қилишнинг дастлабки босқичида ва қабул қилинганидан сўнг унинг таъсирини баҳолаб бориш ҳар бир қонун ҳужжатининг самарадорлигини ва натижадорлигини таъминлайди.

Жамоатчилик муҳокамасини ўтказилиши ва унинг натижалари бўйича ваколатли органлар томонидан кенг оммага ахборот берилиши, уларнинг фикрлари инобатга олинган-олинмаганлигининг тушунтирилиши аҳолининг кейинги қабул қилинаётган қонунчилик жараёнига фаол иштирок этишини таъминлайди ҳамда қонун устуворлигига бўлган ишончини оширади.

Хулоса қилиб айтганда, тартибга солиш таъсирининг тўғри баҳоланиши инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини таъминлашга, ортиқча тартибга солиш ва бюрократияни бартараф этишга, тегишли муносабатларни адолатли тартибга солишга, қонун ижодкорлиги ҳамда давлат бошқарувининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Мазкур ҳуқуқий бўшлиқларнинг ечими сифатида қуйидаги таклифларни амалга ошириш муҳим ҳисобланади:
1. Янги қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини ва қабул қилинганига 2-3 йил бўлган қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш механизмини жорий қилиш.

2. Тартибга солиш таъсирини баҳолашни мувофиқлаштириш бўйича ваколатли органни ҳамда баҳолашнинг аниқ меъзонларини белгилаш.

3. Шаффофликни таъминлаш мақсадида тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича “махсус платформа” ташкил қилиш, унинг мобил версиясини ишга тушириш.

4. Қонун ҳужжатларини амалиётда қўллаш турли қийинчиликларни келтириб чиқармаслиги учун:
– дастлабки баҳолашни лойиҳани ишлаб чиқиш жараёни билан бирга амалга ошириш (“ex-ante” усули);
– лойиҳа қабул қилингандан сўнг 2-3 йилда унинг таъсирини баҳолаш, баҳолаш натижаси бўйича хулоса тузиб, жамоатчиликка ОАВ орқали ёки “махсус платформа”да эълон қилиб бориш (“ex-post” усули).
Баҳолаш натижалари бўйича тузилган хулосаларда қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомиллар тўғри бажарилганлиги, белгиланган мақсадларга эришилганлиги ёки янги муаммолар пайдо бўлганлиги каби ҳолатлари аниқ кўрсатилиши керак.
Заруратга кўра, хулоса натижаси бўйича қонун ҳужжатига ёки уни амалга ошириш жараёнига ўзгартириш киритилиши мумкин.

5. Қонун ҳужжатларини халқчил бўлишини таъминлаш мақсадида:
– лойиҳа билан бирга уни тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳужжатини мажбурий тартибда жамоатчилик муҳокамасига қўйиш;
– келиб тушган барча таклифлар бўйича уларни қабул қилинганлиги ёки қабул қилинмаганлиги юзасидан кенг жамоатчиликка ахборот бериш;
– телевидениеда “қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси” кўрсатувини ташкил қилиб, ҳар бир қонун ҳужжати ва уни баҳолаш натижалари бўйича кенг жамотчиликка ахборот бериб бориш.

6. Лойиҳани Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритилгунга қадар тартибга солиш таъсирини баҳолаш ва унинг натижалари бўйича ахборот бериш, эълон қилиш жараёнини ўтказиш, акс ҳолда лойиҳа ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмасдан рад қилинишини белгилаш.

Мазкур ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.

Адлия вазирлигининг Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш
ва мониторингини юритиш бошқармаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш: муаммо ва ечимлар