
АОКАги бўлиб брифингда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева муҳим саволлар юзасидан жавоб қайтарди.
Жумладан, синфда коронавирусга чалинган бола аниқланса ва бу таҳлилларда тасдиқланса, қандай чора кўрилиши ҳақида маълумот берилди.
Агар гуруҳда бир ўқувчида коронавирус аломатлари ёки умумий шамоллаш аломатлари пайдо бўлса мактаб тиббий ходими:
- тиббий хонага алоҳидалайди;
- ўқувчидан тест олинади ва агарда у тасдиқланса, Оилавий поликлиника умумий амалиёт шифокори ва педиатрига хабар берилади.
«Бу боланинг саломатлиги шифокорлар томонидан ўрганилади ҳамда касаллик кечувига қараб шифокор назоратида уй шароитида даволанади. Лекин боланинг саломатлик ҳолати касалликнинг ўрта ва оғирроқ кечувига мос келса, шифохонага йўналтирилади ва бола махсус шифохонада даволаниши керак.
Шунингдек, контактда бўлган синфдаги бошқа ўқувчиларнинг ҳаммасидан тест олинади ҳамда 14 кун карантин назоратида бўлишади. 14 кун давомида болаларда касаллик аломати пайдо бўлса поликлиника оилавий шифокори ва педиатри назоратига олинади. Уй шароитида даволаш олиб борилади.
Касаллик аломатлари пайдо бўлмаса, карантиннинг 12-14 кунларида қайта тест топширилади», деди Севара Убайдуллаева.
Шунингдек, ўқувчи коронавирус инфекцияси билан касалланиб тузалган бўлса, у мактабда қайта зарарланиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб берилди.
«Ўқувчи коронавирусдан соғайган бўлса, оилавий шифокор ёки оилавий поликлиника педиатирдан муолажа натижалари тўғрисида маълумотнома тақдим этиши лозим. Тиббий маълумотномада қондаги М ва G иммуноглобулинларни аниқлаш бўйича текшириш натижаси кўрсатилиши керак. Агар G иммуноглобулин М иммуноглобулинга нисбатан юқори кўрсаткичда бўлса бола камида 6 ой мобайнида вирусдан ҳимояланганини англатади, яъни организмда ҳимоя анитаначалари мавжуд.
Бироқ бу бошқа инфекция касалликларидан ҳимоя қилмайди, шунинг учун доимий ниқоб тақиш, масофа сақлаш ва қўлларни мунтазам ювиш ҳимояланишга ёрдам беради», деди штаб аъзоси.
Мутахассис мактабга фарзандини кузатаётган ота-оналар қандай тиббий талабларга риоя қилишлари шартлиги бўйича ҳам изоҳ берган.
«Ёши каттароқ болалар, яъни ўсмирлар бу ҳолатларга бироз эътиборсиз бўладилар, шу боис саломатликларидаги ўзгаришларни яширишлари мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ота-оналар доимий равишда болалар саломатлигидаги ўзгаришлар кузатилаётгани ёки йўқлиги ҳақида сўраб, ўрганиб туришлари керак.
Фарзандларингиз нафақат мактабда, балки уйда ҳам шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишига ўргатинг. Яъни доимий равишда қўл ювиш техникасининг 5та қоидаси бўйича 20 сониядан ортиқ қўлларни совунлаб ювиш, имкон бўлмаганида антисептик воситалар билан ишлов бериш керак.
Ниқобларни тақиш техникасига риоя қилган ҳолда тақиш ва ҳар 2-3 соатда алмаштиришни ўргатиш. Бунда ота-оналар болаларга мактабга қўшимча 2-3та ниқоб бериб юбориш керак. Энг қийини, лекин болаларга имкон қадар тушунтириш муҳим бўлгани - қўл ушлашиб сўрашишлардан тийилишни, кўпчилик бўлганда 2 метр масофани сақлаш кераклигини доимий равишда тушунтириш керак», деди у.
Штаб аъзосининг таъкидлашича, ота-оналар фарзандларига махсус боксларда соғлом овқат бериб юборишлари керак бўлади.
«Бу ҳолатда имкон қадар бир неча соат давомида ёпиқ контейнердаги овқат айниб қолмаслигини назарда тутиш керак. Овқат янги тайёрланган бўлиши, имкон қадар боланинг ошқозон ичак тизимига таъсир этмайдиган, енгил ҳазм бўладиган овқатлар бериб юбориш керак. Бола учун алоҳида қошиқ, санчқи ва ўз пиёласи бўлишини таъминлаш керак. Бола овқатланишдан олдин ва кейин қўлларини ювиши ёки антисептик билан ишлов бериши керак.
Болага кичик термосларда илиқ суюқликлар, турли дамламалар, чойлар бериб юбориш тавсия этилади», деди штаб аъзоси. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар