19:36 / 04.09.2020
2 080

Ўзбекистон имиджи: «Онангни отангга бепардоз кўрсат...»

Ўзбекистон имиджи: «Онангни отангга бепардоз кўрсат...»
Тошкентнинг Samarqand Darvoza кўчаси (архив)
Фото: Муҳрим Аъзамхўжаев

Тилимизга «имидж» сўзи ими-жимида кириб келди. Унинг тилимизда муқобили, таржимаси анчагина: ёқимлилик, жозиба, жозибалилик, жозибадорлик, дилбарлик, кўркамлик, истараси иссиқлик, қиёфа, келбат, сиймо, турқ, рўй, афт каби. Хофизларни, раққосаларни пардозловчини ҳам «имиджмейкер» дейишарди. Ҳар ҳолда бу сўз тилимизга ўрнашди. Энди ҳатто мамлакат жозибаси – «Ўзбекистон имиджи» ҳақидаги иборалар ҳужжатларга, дастурларга кира бошлади.

Ташқи ишлар вазирлигимиз «Халқаро аренада Ўзбекистон Республикасининг ижобий имиджини мустаҳкамлаш Концепцияси»ни ишлаб чиқибди. Ортидан Иқтисодиёт вазирлиги мамлакатнинг сармоявий жозибадорлигини оширишга халақит берадиган муаммолар ўрганилаётганини билдирибди.

Британияда чиқадиган дунёнинг энг нуфузли журналларидан бири бўлмиш Economist мухбири, Марказий Осиё бўйича таҳлилчи Жоанна Лиллисга кўра: «Президент Мирзиёев жуда кўп нарсаларни ўзгартирди. У оммавий ахборот воситаларига кўпроқ эркинлик берди. Биз жамиятда ҳали ҳам айрим чекловлар сақланиб қолаётганини кўрсак-да, Президент Мирзиёев Ўзбекистонда мавжуд бўлган муаммоларни очиқ муҳокама қилишга йўл очиб берди... Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин ташқи сиёсат соҳасида ҳам ҳамма нарсани ўзгартирди. У қўшнилар билан мулоқот йўлларини излаш ва муносабатларни яхшилашга ҳам фаол киришди... Мен Мирзиёев Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги имиджини яхшилаб сармояларни жалб қилишни хоҳлайди, деган фикрдаман. Шунинг учун ҳам у Ўзбекистоннинг халқаро имиджини яхшилаш чора-тадбирларини кўраяпти. Бунинг ортидан қайсидир соҳаларда яхшиланиш юз бераяпти».

«Имидж» деганда хаёлимга кўп нарсалар келади. Нафақат мамлакат, ҳатто бир инсон ўлароқ ҳам, одамнинг ҳам ҳаммага яхши кўрингиси келади, албатта. Масалан, уй қурсак, одамларнинг кўзига кўринадиган кўча тарафини ялтиратиб сувоқ қиламиз, мармар тошлар ёптирамиз, чиройли рангларга бўяймиз, лекин ичкари томони лойсувоқлигича қолаверади. Аёллар уйида сочидан қатиқ хиди уфурган ҳолда ғижим кийимда юраверади, аммо кўчага чиқса, сочларини соатлаб гажак қилади, юзларига бўёқ беради, яъни худди биз раҳбар ўтиб қоладиган йўлларнинг четидаги уйларни ва томларни бўяганимиз каби «имиджи»ни қилади.

Бухоронинг аввалги даврдаги ҳокими то аэропортдан шаҳар марказигача уйларнинг ҳаммасини меҳмонларнинг кўзи тушадиган кўча томондан икки қаватли, пластик деразали қилдирганди, ичкарига кирсангиз лаби учган қора ўчоқларни, нураган ўйларни кўрардингиз. Тошкентдаги Самарқанд дарвозадан Оқтепага чиройли икки томонлама йўл ўтказилди, лекин йўлнинг икки четидаги пастқам, эски уйларнинг ҳаммаси «имидж»ни сақловчи чиройли расмлар туширилган баннерлар билан ёпиб ташланган, яшовчилар расмнинг тешигидан кириб-чиқиб юради.

Ота юрт Ургутдан Тошкентга ёзда ё кузда қайтаётиб, Булунғур, Жомбойдан ўтаётганда йўлнинг икки томонида ипдан тўқилган, ичидаги маҳсулот кўриниб турадиган қопларга солинган картошка, пиёз сабзиларга кўз тушади. Болаларим қишлоқ жойларда арзон бўлади дегани учун бир гал Жомбойдан чиқаверишдаги шундай йўлбозордан бир қоп пиёз, бир қоп картошка олдим. Ҳамма ёғи очиқ тўрхалтада, шундоқ кўриниб турибди – сархил, бир хил катталикдаги силлиқ картошка, сабзи. Уйга олиб келиб очсам – ичига майда, ёнғоқдайларини, чиқиндиларини солган экан. Тўр қопга қай тарзда бундай териш мумкин деб қизиқсам, чамбаракни қоп ўртасига қўяркан, четига каттасини тераркан, ўртасига ташландиғини соларкан ва секин чамбаракни юқорига кўтариб бораркан, яъни картошканинг ташқи «имиджи»ни яхшиларкан.

Бозорга борсанг, пештахтага чиройли қилиб маҳсулотининг сарасини териб қўяди. «Тортинг қани», —десанг, пастдан майда-чуйдасини солиб, устига уч-тўртта катта, сархилини солиб, узатади.

«Имиджмейкер» халқ бўлиб қолдик.

Бошлиқ далани кўргани келадиган бўлса, магазиннинг пахтасини олиб келиб кўсакка тиқиб қўювчилар, етилган карамни кўчат қилиб экувчилар, раҳбар ўтадиган йўлнинг икки четида полиэтилендан ичида экини йўқ «иссиқхоналар» ясаб қўювчилар, чет эллик меҳмон келадиган хиёбондаги арчаларга оҳак ва яшил бўёқ аралаштириб ранг пурковчилар, суви бор, яшаса бўладиган ерлар қолиб, катта трассанинг бўйига ўтган-қайтган раҳбарнинг кўзи тушсин деб чала-чулпа, ернинг нами кўплигидан ярмигача шўрлаган, бир жиддий шамолда томи учиб, бир жиддий қаҳратонда девори кўчган «намунали уйлар» қурувчилар...

Ахир буларнинг бари мустаҳкам эмас-ку, бир марталик, вақтинчалик-ку. Мен бошқа Булунғур йўлида тўхтаб, сабзавот олмайман. Сотувчи халтаси тагига чириган мевани солиб, устига «имидж» учун яхшисини терганини билган харидор бошқа ўша растани кўрса, четлаб ўтади. Ташвиқотга учиб келган харидор, ўз кўзи билан кўрганидан кейин бошқа бу маҳсулотдан олмайди. Бунақанги ясама «жозиба»нинг асоси йўқ.

Устоз Шукруллонинг зиёратларига борсам, ойнаи жаҳонга қараб ўтирган эканлар. «Нега телевизор тинимсиз спортчиларни кўтар-кўтар қиляпти?!» – дедилар. «Устоз, спорт мамлакат ва миллатни дунёга энг тез танитадиган восита, улар орқали Ўзбекистон номи дунёга танилар экан, имиджи юксалар эмиш», — дедим. «Ҳа, яхши, — деб бир хўрсиндилар-да, — халқимиз авваллари ақли, илми, адабиёти билан дунёга танилган эди», — дедилар ва жим бўлиб қолдилар. Кейин хулоса қилдилар: «Спорт танни чиниқтиради, мускулни чайир қилади, лекин қалб-чи?! Маънавият-чи?! Ақл-чи?! Бунга ҳам эътибор керак! Девдай бўлса-ю, мияси ишламаса, нима бўлади!»

Бугун «Ўзбекистон имиджини яхшилаш» устида кўплар бош қотирмоқда. Ёзувчилар ва журналистлар китоблар, мақолалар ёзмоқда, олимлар таҳлил қиляпти, ҳатто бу мавзуда диссертациялар устида ишлаётганлар бор.

Афсуски, Шавкат Мирзиёев «қўрқув даври» атаган чорак аср мобайнида ташқарида Ўзбекистоннинг авторитар ва тоталитар тузум сифатидаги қиёфаси қаттиқ ўрнашди. Шавкат Мирзиёевнинг бошлаган ислоҳотлари, сўз эркинлиги ва очиқлик сиёсати, юртга кириш-чиқиш масаласидаги енгилликлар, валюта ислоҳоти, юртнинг инвеститициявий жозибадорликни оширишга қаратилган ҳаракатлар натижасида Ўзбекистон имиджи бир қадар яхшиланди. Лекин ҳали ислоҳотларнинг ортга қайтмаслигига, барча соҳаларни, жумладан маъмурий-сиёсий соҳани ҳам ўз ичига олишига тўла ишонч қарор топганича йўқ.

Ўзбекистон имиджининг асоси аввало дунё кўз ўнгидаги халқимиз, миллатимиз мартабаси, яъни ўзбек тимсолидир.

ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЖОЗИБАДОРЛИГИ ВА ЎЗБЕКНИНГ ТИМСОЛИ
Инглизлар жуда қийин ўзгарувчи анъанавий халқ, демократия келса ҳам қиролликни сақлаб қолган, шунинг учун унинг консервативлиги машҳур. Немислар ваъда қилинган ерга вақтида келади, бир дақиқа олдин ҳам, бир дақиқа кейин ҳам келмайди, немиснинг ана шу пунктуалиги сифатланади. Фарангларнинг кўтаринкилиги, хаёлпарастлиги, романтиклиги, ҳаммани мойил қила олиши афсонага айланган, шунақаларни ҳатто бизда «устаси фаранг» дейишади. Японларнинг кашшофлиги, технологиялар яратиш салоҳияти эътироф этилади. Чинликлар ҳар нарсадан бир нарса ясай оладиган, устомон халқ сифатида дунёга танилган. Ҳиндларнинг жониворларга нисбатан шафиқлиги, ўз ҳаётига тоқатлилиги ўзига хосдир. Яҳудийларни ҳамма омилкор, пухта-пишиқ деб билади. Албатта, бу ҳислатлар ҳам ҳамма элларда у ё бу даражада мавжуд. Аммо миллатнинг бўртиб турадиган ўзига хослиги ҳам мавжуд.

Хўш, ўзбек қандай халқ ўзи?!

Бизда ўзбек миллатининг серфарзандлиги, меҳмондўстлиги кўп айтилади, лекин дунё фикратига ҳали бу ҳислат билан ўрнашганимизча йўқ. Меҳнаткашлигимиз, хокисорлигимиз, катталарга итоаткорлигимиз, ситамларга тоқатлилигимиз ҳам бор.

ИМИДЖИМИЗНИ НИМАЛАР ЮКСАЛТИРАДИ?
Дунё кўз ўнгидаги ва фикратидаги ўзбек ва Ўзбекистон қиёфаси, бир томондан, юртимизга келиб-кетувчи сайёҳлар, шу ерда фаолият юритувчи хорижлик элчилар, биз билан бизнес қилувчи тадбиркорлар орқали шаклланса, иккинчи томондан, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамияти ва бошқа давлатлар билан алоқаларда ўзини тутиши ҳамда чет элларга чиққан ва фаолият юритаётган ўзбеклар ва ўзбекистонликларнинг ўзини тутиши, хулқ-атвори, ақли ва илми орқали шаклланади.

Бир нарсани аниқ билишимиз лозимки, ўша Ўзбекистонга келган ва фаолият юритаётган хорижликлар бизнинг устини ялтиратиб, «имиджи»ни келиштириб қўйганимизгагина қарамайди, ҳаммаси гўзал бу юртда, деб турган телевидениемиз ва газеталаримизгагина қараб хулоса қилмайди. Улар авра-астарини ағдариб кўради.

Шу ерда Румийни эслашимиз керак: «Бўлганинг каби кўрин ва кўринганинг каби бўл!»

Сайёҳларни айтдик. Ана шу сайёҳлар учун қурилган салобатли меҳмонхоналарда муносабатлар, ходимларнинг меҳмонга, мижозга муомаласи ҳам салобатли бўлишига эришиш керак. Аэропортдан тортиб то шу меҳмон оёғи теккан ҳар ерда адолатли, инсоний муносабат бўлса, у халқимиз ва юртимизни эъзозлаб бошлайди. Унинг бегоналигини сезиб нархини уч баробар кўтарган лицензиясиз «киракаш»ларимиз, музейлар, қадимий обидалар атрофида ўралашиб, «ёмон кўздан ҳимоя қиладиган» деб тошча сотадиган мунчоқфурушлар, «ишни ўнглайдиган» — пласмассадан ясалган «бўри тишлари» тиқиштирувчилар, ўзимизга бирга пуллайдиган нарсасини чет элликка ўн бешга пуллаётган бозорчилар орқали шаклланади сайёҳнинг биз ҳақимиздаги тасаввури. Агар сайёҳ пулини тушириб қўйса, топиб олиб қайтарса бир ўзбек, ўша сайёҳ: «Воҳ, бу юртда бировнинг ҳақидан ҳайиқадиган, мўминлар яшар экан!» – деб кетади. Биз тушириб қолдиргани тугул, чўнтагидагини ҳам бир йўлини қилиб шилишга уринсак-чи?!

Мамлакат ичидаги шоҳдан гадогача, катта-ю кичик ҳамма ўзбеклик, ўзбекистонлик шаъни ва номусини ўйлаб ҳаракат қилсагина, ўзини тарбияли, номусли, виждонли, одобли, маърифатли ва маданиятли инсон сифатида намоён этсагина миллат ва юрт имиджи ижобий бўлади.

Хорижга чиққан ҳар бир ўзбекистонлик ўша юртда ўзбек эканлигини ва ўзбекистонлик эканлигини ҳар лаҳза ёдида тутса, бировлар билан муомалада ҳам, олди-бердида ҳам, бизнесда ҳам мамлакатимиз, миллатимиз ва динимиз шаънини муносиб тутса, адолатли, ҳалол ва виждонан ўзини кўрсатса, шунда ўша чет элда Ўзбекистон ва ўзбек имиджи яхшиланади.

Давлат ўз халқининг инсоний ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилса, судлар адолатли бўлса, ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларининг ўзидан халқни ҳимоя қилишга тўғри келмаса, меҳнаткаш халқнинг мулкий ҳуқуқлари муҳофаза қилинса, халқнинг арзу додига қулоқ солинса, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳуқуқлар таъминланса, ўшанда Ўзбекистоннинг дунёдаги имиджи юксалади.

Лаганбардорликка, мадҳиябозликка тўла газета ва журналлар, олқишлардан иборат телевидение ва радио – Ўзбекистоннинг имиджини кўтармайди. Етмиш йиллик мадҳиябозлик СССРнинг дунёдаги обрўсини оширмади, чорак асрлик Ўзбекистондаги матбуотнинг маддоҳлиги давлат обрўсини кўтармади, аксинча барча рейтингларда энг охирида юрдик. Зеро, мақтовга лиқ тўла оммавий ахборот воситалари давлатнинг қудратини эмас, риёкорлигини кўрсатади.

Ўзбекистондаги камчилик ва муаммоларнинг ошкор этилиши унинг халқаро обрўсига путур етказади, деб ўйлайдиган калтафаҳмлар ҳам ҳануз топилади. Аксинча, бугун Ўзбекистоннинг дунёда имиджи озроқ яхшиланган бўлса, бу сўз эркинлиги пайдо бўлганлиги, матбуотда танқид ҳам жой топиб, муаммолар муҳокама этила бошлангани учундир. Ҳокимият халқ қабулхоналари очиб, одамларнинг муаммоларини ҳеч бўлмаса тинглай бошлагани учундир. Ўзбекистонни – очиқ давлат, ўзбекларни муаммоларни ошкор айта бошлаган халқ деб билганлари учундир. Яна амалдорнинг оғзига термулиб муте бўлиб ўтирсак, мадҳиябозлик, ялтоқилик қилсак, дунё бир «хунаса» деб билади, холос.

Юзлаб кўзларнинг остида, жамоат назорати кузатувида ишлайдиган давлат масъулиятли бўлади. Холис ҳақиқатлар яширилса, ҳали йўқ ютуқлар янада ошириб-тоширилса, нуқсонлар беркитилса, раҳбарларда «ишлар зўр кетаётгани», фуқаролар «раҳбарлардан рози» экани ҳақида хом-хаёллар пайдо бўлади. Коррупция урчиб кетади. Ҳокимият ва халқ ўртасида бўшлиқ пайдо бўлади.

Ўзбекистон хақида камчиликлар ёзилса, интернетгача етиб борса, бу «мамлакатнинг обрўсини тўкади», «имиджини пасайтиради», деган қараш нотўғридир. Дейлик, Англия матбуоти бош вазирини ва амалдорларини тинмай танқид қилади, Буюк Британиянинг имиджи бу билан тушгани йўқ. Ёки Америка матбуоти АҚШ президенти Дональд Трамп сиёсатининг у ёки бу қирраларини тинимсиз танқид остига олади, аммо бу Американинг обрўсини туширмайди, аксинча адолатли, фаровон ва ҳалол тузум сифатида тасаввуримизни кучайтиради.

Дарҳақиқат, танқид борлиги учун адолат қилинишига мажбур ва адолат борлиги учун фаровонлик барқарордир, чунки ҳақиқат айтилган ерда амалдорларнинг ўғрилиги осон эмас, ўғрилик қилинмайдиган тузумда эса фаровонлик бордир. Бу бугун демократик дунёда қарор топган синоатни ҳатто ўз даврининг бош вазири Алишер Навоий ҳам билар эди: «Шаҳиким, адл унда бунёд бўлур, эли шод, юрти обод бўлур», — деб ёзганди. Ҳақиқат, ҳалоллик, адолат ободлик ва фаровонликнинг асоси эканини таъкидлаган эди Навоий Ҳазратимиз.

Бугун ҳар одамнинг қўлида глобал тармоққа уланган телефон бор ва ҳар бир инсон онлайн тарзда кўрганини ёзиши ва суратга олиши ҳамда дунё билан бўлишиши мумкин. Ҳозир бу жараёнларга алоқа провайдерлар орқали экани учун бироз тўсиқ ўрнатсак, юрт ичида танқидга йўл берилмаса, улар хориж матбуотига етади ва ўша ҳақиқатларни хорижий каналлар ва тармоқлар гапираверади. Шу кунларда самога кўплаб сунъий йўлдошлар олиб чиқилмоқда, эртага улар бутун ер юзига текин интернетни улайди. Инсонлар пул ҳам тўламасдан, текин ва тўсиқсиз интернетга эга бўлади, демакки, энди блок қилишнинг ҳам имкони қолмайди. Шунинг учун ҳақиқатга кўникиш керак, уни тинглашга тайёр туриш лозим.

ИМИДЖНИ НИМАЛАР ПАСАЙТИРАДИ?
Дарҳақиқат, оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантириши, унга таъсир кўрсатиши ва бир қадар бошқариши мумкин. Медиа ҳатто сиёсатчилар ва давлат имиджига ҳам таъсир кўрсата олади. Лекин медианинг таъсирини асосий ва ягона омил деб тушуниш, матбуотнинг юрт имиджига таъсирини ҳаддан зиёд юксак деб билиш ноўриндир.

Дунёнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввури фақат газета ва журналларни ўқиб, интернетни кўриб шаклланмайди. Айниқса, ҳаммасини бўяб-бежаб, пардозлаб ёзадиган ва кўрсатадиган маддоҳ матбуотимизни чет эл тугул, ҳатто ўзимизнинг ўқувчи ҳам ўқиётгани ёки кўраётгани йўқ. Ҳамма бирозгина ҳақиқатлар ёзилаётган интернетни ўқиш ва кўриш учун телефонига термулган.

Чет элликлар матбуотдан ташқари қилаётган ишларимизга, сиёсатимизга, иқтисодимизга, ўзбошимча ҳокимларимизга, судларда чиқараётган ҳукмларимизга қарайди, қоп-қоп гапираётган гапларимизга эмас, бу гапларга амал қилиш-қилмаслигимизга назар солади.

Танқид қилган журналист мамлакат имиджини туширмайди, аксинча, «янги ислоҳотлар», «мулк ҳуқуқи кафолатлангани», «адолатли жамият» ҳақида ёзиб турган маддоҳ; ерни ундан олиб бунга сотаётганда лоп этиб пора билан қўлга тушадиган ҳокимлар; икки оғиз танқид қилган блогерни икки соатда судлаб, жазо тайинлаганлар; журналистларни «итнинг боласи», бутун бир туман аҳлини «ҳароми»лар деган мансабдорлар туширади.

Обрўйимизни дунёга «сўз эркинлиги бизда кафолатлаган», «оммавий ахборот воситалари масаласида орқага қайтиш бўлмайди», — деб жар солаётганимизда икки оғиз сўзни телеграмга ёзган ёки рўйхатдан ўтган сайтдан хабар кўчириб босган муҳаррирларни кечаси уйидан олиб чиқиб кетиб, болали аёл журналистларни тунги учгача прокуратурада «профилактик суҳбат» қилиш учун олиб сўроқ қилганлар имиджимизни туширади.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси, муҳтарам Алишер Аъзамхўжаевнинг интервюсини ўқинг: дипломатларимиз туркиялик сармоядор, катта тадбиркорларни элчихонага йиғиб: «Ўзбекистонда янги ислоҳотлар боряпти», «мулкингиз ва сармоянгиз ҳимояланади», «мамлакатда қонун устуворлиги ўрнатилди», — деб имиджимизга кўтариб турган бир пайтда, Туркияга келган Ўзбекистондаги туман, шаҳар ҳокимларидан бири: «Ҳа, биз ҳамма шароитларни сармоядорларга яратамиз, келинг, вилоят харитасини олдингизга қўямиз, бармоғингизни ўзингизга ёққан жойга қўйсангиз – ўша жойни сизга олиб берамиз», — дебди. Турк бизнесменлари ҳайрон: «Ўша ернинг эгаси-чи?! Мулкдори-чи?! Мулкнинг ҳимояси-чи?! Бугун унинг ерини бизга тортиб олиб берган ҳоким, эртага бизнинг бизнесимизни тортиб олмаслигига кафолат борми?!».

Бир томонда «фермерда ернинг эгаси туйғусини шакллантириш», «мулк ҳуқуқини кучайтириш» ҳақида сўзлаб, бугун фермерга 50 йилга берилган ерни бир йил ўтмай «оптималлаштириш» деб тортиб олаётган ва бошқа фермерга бераётган ва яна икки йилдан кейин шу ерни «реструктуризатсия» баҳона олиб қўйиб, яна бошқасига (албатта, беғараз, текинга эмас) қайта пуллаётганлар, хабарлар тасмасига қараганда кунда ва кунора ер бериш туфайли пора билан қўлга тушаётганлар имиджимизни туширади. Бу ҳақда ёзаётган журналистлар эмас.

Биздаги матбуот бўғилса, буни четдаги матбуот ёзаверади.

Имиджимизни кўтариш учун буюк тарихимиз ва аждодларимизни ўрганишимиз ва тарғиб қилишимиз лозим. Шу билан бирга, ўзимиз ҳам шу бобларга муносиб бўлишимиз керак. Ҳақ учун дорга тортилган Машрабимиз, юрт учун жон фидо этган сарбадорларимиз, эрк учун курашган Қодирий ва Чўлпонимиз бор. Бугун эса озроқ танқид ёзган «янги жадид»ларимизни кўзини қўрқитсак, имидж бўладими?!

ДАРҲАҚИҚАТ...
Мамлакатимизда кечаётган, Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг жозибадорлигини бир қадар оширди. «Fitch» ва «S&P» халқаро рейтинг агентликлари 2018 йил декабрида юртимиз тарихида илк бор мустақил кредит рейтингини ҳавола қилди. Жаҳон банки бизни дунйода тадбиркорликка мадад бериш бўйича улкан ислоҳотлар ўтказаётган 20 давлат қаторига киритди. Британиянинг «Economist Intelligence Unit» (EIU) тадқиқот ташкилоти Демократия индексида юқорилаганимизни кўрсатди. 2019 йилда 15 йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон билан Жаҳон савдо ташкилотига кириш учун музокаралар бошланди.

Шу билан бирга, англашимиз керакки, хорижий сармоядорларга ва дунёга тақдим этаётган образимиз мавжуд сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий реаллигимизга монанд бўлади. Сармоядор фақат рейтинларга ва телевизорга қараб қарор қабул қилмайди.

Сармоядор қараса, нимани кўради? Бозор иқтисодида рақобат, иқтисодда давлат иштироки кам бўлган жойда юзага келади. Биз имидж учун юзаки ўзгаришлар қилиб, ҳатто стратегик бўлмаган ўринларда ҳам давлат монополиясини сақлаб ўтираверсак, давлатнинг итқтисоддаги улуши юқорилигича қолса ва ҳар лаҳза ҳокимият ва ҳоким томонидан мулкнинг тортиб олиниши хавфи сақланса, катта бизнес монопол ҳолатидан воз кечмаса, кичик ва ўрта бизнес «яширин иқтисод» зонасидан чиқмайди ва бу ерга сармоядор келмайди.

ДАРВОҚE...
Журналистлар имиджни юксалтириш учун фақат мавжуд ҳолатни бирозгина бўяши ёки кўтаринкироқ усулда ёзиши мумкин. Асосий нарса реал воқелигимиздир. Агар ислоҳотларимиз изчил бўлса, ишларимиз ҳалол ва одил бўлса, коррупцияга қарши курашда чинакамига ютуқларимиз бўлса, буларни кўрсатиш орқали имиджимизни кўтаришимиз мумкин. Лекин қилаётган ишларимиз мақтагулик бўлмаса, журналистлар бу имиджни кўтариб беролмайди. Борини бироз ошириши мумкин журналистлар, лекин амалдор пора олиб турса, монополист машинасини қиммат қилиб турса, чимкентлик самолётига Туркияга ярим нархда учиб турса-ю, ўзбек пойтахтидан худди шу хил самолётда икки баробар қимматга учса, журналист бунақанги аҳволда имиджни кўтариб беролмайди.

Ислом Каримов даврида айтилган бир латифа бизга малол келарди, лекин унда муайян ҳақиқат бор эди. Ислом Каримов мақтаниб: «Машина завод қурдик – ҳар бир уйда биттадан машина бўлади», —деса, Нурсултон Назарбоев: «Бизда ҳар бир қозоқнинг уйида биттадан ўзбек мардикор бор» – деган экан. Бир ярим миллион ўзбек қозоқларда, уч-тўрт миллион ўзбек Россияда мардикорлик қилади... Имидж ҳақида ўйлаганда дунё кўриб турган бу омилларни ҳам ўйлаш лозим.

Дунёга «фаровон ва адолатли» «қонун ва сўз эркинлиги устувор» бўлиб кўриниш бошқа, аслида шундай бўлиш бошқадир, меҳнатталаб, заҳматталаб, бутун миллат яхлит ишлаши керак бўлган юмушдир.

Ўзбекистоннинг жозибаси ҳар бир инсонда ўзига хос шаклланади, масалан, саёҳатчи мамлакатдаги хавфсизликка, меҳмонхона ва таомхоналардаги хизмат сифатига, аэропорт ва божхоначиларнинг муомаласига, кўчалардаги ва жамоат жойларидаги таҳоратхоналарнинг аҳволига, тарихий йодгорликларимизнинг қандай сақланганлигига қарайди. Чет эллик илм аҳли архивларимиз ва кутубхоналаримизнинг ҳолатига, ахборот олиш имконларига эътибор беради. Бизга келмоқчи бўлган сармоядор бизнеснинг шаффофлигига, мулкнинг ҳимояланганлигига, коррупциянинг жиловланган-жиловланмаганлигига, қонуннинг устуворлигига, судларнинг холис ҳукм чиқара олишига назар солади.

Ҳар бир ўзбекистонлик – Ўзбекистон имиджининг ўта муҳим компонентидир, чунки имидж – хоҳ у оддий меҳнаткаш инсонимиз, хоҳ амалдоримиз, хоҳ ҳукмбардор судямиз бўлсин – инсонлар орқали шаклланади. Агар ҳамма ўз жойида қилаётган ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги юрт ва миллат имиджига алоқадорлигини ҳис қилса, Ўзбекистоннинг имиджи яхшиланади. Акс ҳолда имиджимиз бўлмайди ёки салбий бўлади.

Имиджсиз мамлакат дунё ҳамжамиятининг сафига кира олмайди, хорижий сармояларни жалб этолмайди. Дунё бизга шунга қараб муомала қилади. Мана, ўзимиз ҳам бирор ашёмиз бузилса: «Хитойда қилинган-да» деймиз, янги осиё автомашинасидан кўра эски «Мерседес» олган яхшилигига аминмиз, чунки хитойнинг арзон ва сифатсиз нарса ясовчи имиджи бўлса, немисларнинг исталган техникани мустаҳкам ва пишиқ қилиши ҳам онгимизга сингиган. Ижобий имидж иқтисодий самара ҳам келтиради, демак.

Бизга ясама имидж эмас, объектив жозиба керак.
Имидж яратилади, ясалмайди.

Дунё сўзга эмас, амалга ва ишга қарайди.
Бу ҳақиқатни англаб олишимиз муҳимдир.

Карим Баҳриев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)