13:08 / 11.09.2020
1 670

Мутахассис: «Ижтимоий тармоқлардаги зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш керак»

Мутахассис: «Ижтимоий тармоқлардаги зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш керак»
Фото: «Unsplash»
Сўз эркинлиги ва нафрат аралашган нутқ ўртасидаги ҳуқуқий чегара қаерда ётади? Ижтимоий тармоқлардаги зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимояни қандай кучайтириш мумкин? Бу ҳақда инсон ҳуқуқларии бўйича адвокат, Global Shapers Tashkent Hub ташаббуслари асосчиси Дилфуза Куролова сўз юритади.

Бир кишининг эркинлиги бошқа бир кишининг эркинлиги бошланган жойда тугайди, деган фикрни ҳамма билади. Шуни эсда тутиш керакки, Ўзбекистон Конституцияси сўз эркинлигини кафолатлайди. Лекин бу ҳуқуқнинг чегаралари борми ва бошқа одамга зарар етказадиган ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликлар учун жавобгарлик қаердан бошланади?

Сўнгги пайтларда интернетда — ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти ҳам бундан мустасно эмас — интернет-буллинг ёки бирор масала бўйича ўз фикрини билдирганларни таъқиб қилиш ҳоллари тез-тез учраб турибди.

Кўпинча жамиятимизда барча учун қабул қилинган фикрлардан фарқ қилувчи ғояларни илгари сурадиганлар ўз фикрини айтгани учун нафратли таъқибларга дучор бўлади. Таъқиб инсонга маънавий ва жисмоний зарар етказади. Бундай ҳаракат интернетдаги аудиторияси катта фойдаланувчилар томонидан амалга оширилганда зарар кўлами яна ҳам кенгаяди.

Таъқиб қурбонининг тарафдорлари ҳам онлайн ҳужумга учраса, вазият янада оғирлашади. Бу ҳол қўрқув ва ўз фикрини билдирмасликка, бора-бора эса ижтимоий бефарқликка олиб келади.

Сўз эркинлиги ҳуқуқининг халқаро стандартлари қандай? Мамлакатимиз қонунчилиги онлайн-зўравонликдан қандай ҳимоя қилади? Бундай нафратли сўзлар муаллифларининг жавобгарлигини қандай кучайтириш мумкин?

Келинг, ушбу саволларни навбат билан кўриб чиқамиз. Қонунчилик базасини аниқлашга ўтишдан аввал нафратли нутқ ёлғон маълумотларнинг тарқалишидан тубдан фарқ қилишини аниқ тушуниб олиш керак. Бу кўпинча сўз эркинлигига босим ўтказишга сабаб бўлади.

Халқаро ҳуқуқ сўз эркинлиги ва нафрат тарғиботига қарши кураш тўғрисида нима дейди?
Халқаро ҳуқуқда нафрат нутқининг аниқ таърифи йўқ, лекин сўз эркинлиги ва нафрат уйғотиш/уйғотмаслик чегаралари қаерда эканини аниқлайдиган халқаро стандартлар ва ҳуқуқий асослар мавжуд. Шу билан бирга «[сўз эркинлигини] чеклашлар истисно бўлиши керак ва қатъий шартлар ва қаттиқ назоратга бўйсуниши керак» (БМТнинг фикр ва ифода эркинлигини илгари суриш ва ҳимоя қилиш бўйича 2019 йил 9 октябрдаги махсус маърузачисининг ҳисоботидаги 6-бандга қаранг, A/74/486).

Ўзбекистон томонидан 1995 йил ратификация қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг (ФСҲХП) 19-моддасида қуйидагилар белгиланган:

«Ҳар бир инсон эркин фикрлаш ҳуқуқига эга.

Ҳар бир инсон ўз фикрини эркин ифода этиш ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ давлат чегараларидан қатъи назар оғзаки, ёзма, матбуот воситасида ёки бадиий ифода шаклида ёки ўзи танлаган бошқа усулда ҳар қандай маълумот ва ғояларни излаш, олиш ва тарқатиш эркинлигини ўз ичига олади».

Ушбу ҳуқуқ мамлакатимиз қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган ва кафолатланган. Аммо баъзи ҳолларда ҳақоратли изоҳлар нафақат ифодаланган фикрга тегишли бўлади, балки шахсий ҳақоратга ҳам айланиб кетади, зўравонлик, камситиш ва жазо таҳдидини тарғиб қилади.

Жиноятни содир этган шахс, шубҳасиз, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ жазога тортилади. Бироқ нафратли нутқ муаллифи ижтимоий тармоқларда бошқа фойдаланувчилар томонидан унинг риторикаси тарқалиши учун ҳам жавобгар бўлиши керакми?

Мисол: жинсга асосланган безорилик ва ҳуқуқий ҳимоя
Баъзан биз ижтимоий тармоқларда гендер сиёсати бўйича қилинаётган ислоҳотларга нисбатан салбий ва холис бўлмаган муносабатни кузатамиз. Бироқ гендер тенглиги ҳақида салбий фикр билдираётганда сўз эркинлиги ҳуқуқи ва аслида унинг чегараларини тушунмаслик, hate speech, зўравонлик, зулм қилиш ва жинсига қараб камситишни эркин тарғиб қилувчининг масъулиятсизлигини оширади ва интернет-буллингни ҳосил қилиб, кўпайтиради.

Бундан ташқари, бундай ҳужумлар ирқий, миллий, диний ёки гендер низоларига олиб келиши мумкин, бу эса Ўзбекистон миллий хавфсизлигига бевосита таҳдиддир.

Халқаро стандартларни ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича халқаро мажбуриятларни ўз зиммасига олган ҳолда, мамлакатимиз интернетда ҳам, бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам зўравонлик ва нафрат тарғиботининг олдини олиш учун чоралар кўриши шарт. ФСҲХПнинг 20-моддасида шундай дейилади:

«1. Урушни тарғиб қилиш қонун билан тақиқланиши керак.

2. Камситиш, душманлик ёки зўравонликни қўзғатадиган миллий, ирқий ёки диний нафратни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай чиқиш қонун билан тақиқланиши керак.»

Ушбу масала бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ФСҲХПнинг 20-моддасидаги қонуний чекловлар сўз эркинлигига зид эмаслигига аниқлик киритди. Демак, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасида ёзилишича:

«… 2-банд камситиш, душманлик ёки зўравонликни қўзғатадиган миллий, ирқий ёки диний нафратни қўллаб-қувватловчи ҳар қандай нутққа, тегишли давлатга нисбатан ички ёки ташқи аҳамиятга эга бўлишидан қатъи назар, қарши қаратилган.

ФСҲХПнинг 20-моддаси 1-бандига биноан жиноий жавобгарлик Ўзбекистон Жиноят кодексида аллақачон мавжуд, хусусан, Жиноят кодексининг 150-моддасида урушни тарғиб қилиш, Жиноят кодексининг 156-моддасида миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни қўзғатиш тақиқланади.

Бироқ, ФСҲХПнинг 20-моддаси 2-банди бизнинг қонунчилигимизда ҳали ҳам бирон-бир тарзда, яъни жинсга асосланган безорилик нуқтаи назаридан ўз аксини топмаган. Aфсуски, қонунчилигимиз кибермайдонда безориликдан жабрланганлар ва ушбу қурбонларни ҳимоя қиладиганларни ҳимоя қилмайди, бу эса фуқароларни ҳам, ташкилотларни ҳам, мансабдор шахсларни ҳам заиф ҳолатга келтиради. Бундан ташқари, бундай ҳужумлар Ўзбекистондаги аёлларнинг мавқеини ёмонлаштиради ва гендер сиёсатига тўсқинлик қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддасида ҳақорат «шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш» деб таърифланади. Бироқ минглаб кузатувчиларга эга блогернинг («Aхборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддаси 8-қисми блогерни ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа мавзуларда турли хил, шу жумладан, ахборот хусусиятига эга маълумотларини фойдаланувчилари томонидан муҳокама қилиш учун жойлаштирадиган шахс сифатида белгилайди.) кинояли постлари тўғридан-тўғри ҳақорат қилмасдан туриб камситиш ва зўравонликни тарғиб қилишга қаратилганида қонунчилик онлайн безорилик қурбонини ва унинг тарафдорларини ҳимоя қилмайди.

«Aёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 2-моддаси 9-қисмида «тазйиқ ва зўравонлик қурбони — бу тазйиқ ва зўравонлик таҳдиди остида бўлган ёки тазйиқ ва зўравонлик натижасида жабр кўрган аёл» деб таърифланган. Aммо на ушбу қонун, на кодекслар шахсларни интернет фойдаланувчиси — пост муаллифи ва изоҳ қолдирувчилари томонидан содир этилган зўравонлик ва тазйиқлардан ҳимоя қилмайди.

Зўравонлик ва камситишни тарғиб қилиш учун жавобгарликни кучайтириш ФСҲХПнинг 19-моддасига зид эмас, чунки ушбу модданинг учинчи қисмида:

«Ушбу модданинг 2-бандида назарда тутилган ҳуқуқлардан фойдаланиш махсус бурч ва мажбуриятларни юклайди. Шунинг учун у муайян чекловларга дуч келиши мумкин, аммо улар қонун билан белгиланиши керак ва:

а) бошқаларнинг ҳуқуқлари ва обрўсини ҳурмат қилиш учун;
б) давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, соғлиғини ёки ахлоқини ҳимоя қилиш учун зарур ҳисобланади.

Шундай қилиб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси ушбу бандга аниқлик киритиб, қуйидагиларни таъкидлаган: «Сўз эркинлиги ҳуқуқидан фойдаланиш махсус вазифалар ва мажбуриятларни юклайди, шунинг учун ҳам ушбу ҳуқуқни чеклашларга йўл қўйилади, бу алоҳида шахсга ҳам, умуман жамиятга ҳам тегишли бўлиши мумкин. Бироқ, иштирок этувчи давлат ўз фикрини ифода этиш ҳуқуқини амалга оширишда маълум чекловларни қўйганда чекловлар ушбу ҳуқуқнинг тамойилига зиён етказмаслиги керак.»

Сўз эркинлигини чеклаш шартлари
Шуни таъкидлаш керакки, ФСҲХП бўйича сўз эркинлигини чеклашлар учта шартга жавоб бериши керак: (1) қонунийлик, (2) легитимлик ва (3) зарурият ва мутаносиблик.

Шунга асосланиб, ЭХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) «нафратга оид жиноятлар (hate crime) — бу маълум бир шахслар гуруҳига нисбатан хурофот ёки хуруж асосида содир этилган жиноий ҳаракатлардир», — деб таърифлайди. «Жиноят нафратга асосланган жиноят деб қаралиши учун икки мезонга жавоб бериши керак:

— биринчидан, ҳаракат жиноят қонунчилиги қоидаларига мувофиқ жиноят таркибига кириши керак;

— иккинчидан, ҳаракат хурофотдан келиб чиқиши керак. Ногиронлиги бўлган шахслар ҳам нафратга асосланган жиноятлар қурбонига айланиши мумкин.

Бундан ташқари, «хурофот мотиви маълум бир гуруҳга қарши қаратилган хуружли салбий ҳукм, муросасизлик ёки нафрат деб таърифланиши мумкин. Ушбу гуруҳни умумий хусусият, масалан, ирқ ёки этник келиб чиқиши, тили, дини, миллати, жинсий ориентацияси, жинсий ўзига хослиги ёки бошқа ҳар қандай асосий хусусиятлар бирлаштириши керак».

Сўз эркинлиги ва нафрат нутқи ўртасидаги фарқ ҳақида гапирганда шуни таъкидлаш керакки, ҳар хил қарама-қаршиликларни нафрат нутқи деб таснифлаш мумкин эмас. Масалан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) «Бирлашган Қиролликка қарши Хандисайд» ишида давлатни ёки жамиятнинг айрим қисмларини ҳайратга солиши мумкин бўлган тортишувли фирклар жиноий ва бошқа жавобгарликка тортилмаслиги кераклигини таъкидлайди. Чунки «бу плюрализм, бағрикенглик ва очиқ фикрлилик талаблари, уларсиз демократик жамият бўлмайди».

Бироқ «Туркияга қарши Сюрек» ишида ИҲЕС зўравонлик ва камситишларни қўллаб-қувватлаш риторикасини қонун билан ҳимоя қилиш мумкин эмаслигини ва бу сўз эркинлиги ҳуқуқига зид эканлигини таъкидланади.

Интернетда содир бўлаётган воқеаларга ва жабрланганларни нафратга асосланган безорилик ва камситиш, зўравонлик ёки тазйиқ қилишни тарғиботидан ҳимоя қилиш, шунингдек, ўзгача фикр билдириш ушбу турдаги тазйиқларга асос бўлишидан ҳимоя қилиш учун ҳуқуқий меъёрларнинг йўқлигидан келиб чиққан ҳолда жавобгарликни кучайтириш имкониятларини кўриб чиқиш зарур.

Шунингдек, ушбу онлайн ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш зарур, чунки жазосиз қолиш қурбонлар ва унинг ҳимоячиларига нисбатан нафрат, камситиш ва безорилик бир неча марта кўпайишига олиб келади.

Менинг фикримча, миллий қонунчиликка нафрат нутқи ва нафратга асосланган жиноятлар каби тушунчаларнинг киритилиши безорилик қурбонларини ҳимоя қилиш, шунингдек, халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистоннинг мамлакатда қонун устуворлиги ва адолат индексини яхшилаш борасидаги жиддий ниятларини намойиш этиш имкониятини беради.

Шунга қарамай, юқорида келтирилган тушунчалар ва атамаларни ҳамда улар учун жавобгарликни Ўзбекистон қонунчилигига киритиш фақат илмий, эксперт ва профессионал доираларда кенг муҳокамалардан сўнг содир бўлиши керак. Бундан ташқари, журналистлар/блогерлар, юридик мутахассислар ва амалиётчиларнинг профессионал ҳамжамияти нафрат нутқи учун жавобгарлик турини ва ҳажмини аниқлаши, шунингдек, унинг жамоат кайфияти ва шахснинг шахсий хавфсизлигига таъсирини аниқлаши керак.

Менимча, жамият, профессионал ва академик доиралар бундай муаммоларни қанча кўп муҳокама қилсалар, умумий ҳолат ва ўз ҳаракати/ҳаракатсизлиги учун жавобгарликни ошириш бўйича чоралар шунчалик аниқроқ бўлади.

Муаллиф фикри таҳририятникидан фарқ қилиши мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мутахассис: «Ижтимоий тармоқлардаги зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимояни кучайтириш керак»