00:30 / 24.10.2020
4 793

Китоб - илм ва ҳикмат манбаи

Китоб - илм ва ҳикмат манбаи
Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман.
(Максим Горький)

Дарҳақиқат, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Мухаммад Бобур каби буюк аждодларимиз ҳам китоб ўқиш билан зеҳнларини чархлаб, комил инсон бўлишган. Зеро, китоб ўқиш нафақат саводхонлик ва таълим имкониятларини ошириш имкониятига эга, балки инсоннинг ички дунёсини гўзаллаштириб, унинг сайқалланишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам эрта ёшдан китобга ошно бўлиш, хусусан бадиий адабиёт мутолаа қилиш инсоннинг етук ва комил шахс бўлиб етишишида катта хизмат қилади.

Олимларнинг фикрига кўра, болалар учун овоз чиқариб ўқиш эрта болалик даврида қобилиятларни ривожлантиришнинг калитидир. Америка Қўшма Штатлари Педиатрия Академиясининг баёнотларининг бирида, ота-оналар фарзандлари туғилганидан бошлаб, уларнинг чақалоқлари учун овоз чиқариб ўқиш зарур деб эътироф айтадилар. Нафақат, дунёвий олимлар, балки диний илм изланувчилари ҳам мазкур фикрни илгари сурадилар. Бироқ, бу борада кам таъминланган оила фарзандларининг имкониятлари чекланганлик ҳолатлари кузатилади.

Шу туфайли давлатимиз томонидан мазкур муаммога ечим топиш мақсадида, бундай оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш ва болалар саводхонлигини эрта ривожлантиришга қаратилган чор-тадбирлар йўлга қўйилган. Бунда мактаблар, маҳаллалар ва маҳаллий хокимиятлар хизматларидан кенг фойдаланилади. Хусусан, Шарқ зиёкори, Ҳилол нашр, Ўзбекистон, Шарқ каби нашриётлар ва матбаа корхоналари томонидан китоб кўргазмалари ташкил қилинмоқда.

Бундан ташқари, саҳоватпеша инсонларнинг кўмаги туфайли бир қанча оилалар китоблар билан таъминланиб келмоқдалар. Кузатувлар ва таҳлиллар натижалари бу соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар борлиги ва уларнинг кенг миқёсда ҳал этилиши учун жамоатчилик иштироки зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, аҳолининг ўқув-услубий, техник адабиётлар, адабий-бадиий, ўқув ва илмий-оммабоп китобларга бўлган талабини қондириш, бугунги кунда китобхонлик маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларга ечим топиш истеъмол маданиятини ошириш борасида долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Халқаро миқёсда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, етмиш йилдан буён ҳар йили октябрь ойида Германиянинг Франкфурт шаҳрида «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси бўлиб ўтади. «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб анжуманида Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги делегацияси ҳам қатнашиб келмоқда. «Frankfurt Buchmesse» халқаро китоб кўргазмаси орқали Ўзбекистоннинг маънавий-маърифий соҳада эришган ютуқларини намойиш этиш, соҳага оид салоҳиятни бошқа мамлакатларга кўрсатиш, миллий адабиётимизни дунё халқлари орасида кенг тарғиб этиш имкони туғилди.

2019 йилнинг 2-4 октябрь кунларида эса Ўзэкспомарказда Ўзбекистонда илк бор “Tashkent Book Fest” халқаро китоб кўргазма-ярмаркаси бўлиб ўтди. Халқаро кўргазма-ярмарка очилиш маросимида масъул вакиллар, Ўзбекистондаги элчихона ва хорижий компаниялар ваколатхоналари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги масъул вакиллари, ижодкорлар, журналистлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Мазкур халқаро кўргазма-ярмарка нафақат китоблар намойиши, балки соҳа ходимлари ва иштирокчилар учун ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, бир сўз билан айтганда, янги техника ва технологияларни, янгича ёндашувларни жорий этишда яна бир мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, юртимизда китоб ва китобхонликни йўлга қўйиш, соҳадаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва аҳоли орасида китобхонликни кенг тарғиб қилишда изчил ва сайъ-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Фикримча, бу борада нафақат ҳукуматимизнинг тегишли соҳа вакиллари, балки ҳар бир шахс ўз ҳиссасини имкон даражасида қўшиши мақсадга мувофиқдир.

Зулфия Пўлатова,
Тошкент давлат юридик университетининг
Ихтисослаштирилган филиали
Умумтаълим фанлар
кафедраси катта ўқитувчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Китоб - илм ва ҳикмат манбаи