19:13 / 26.10.2020
2 185

Коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормасини янада такомиллаштириш зарурияти

Коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормасини янада такомиллаштириш зарурияти
Бугунги кунда инсониятни ташвишга солаётган энг глобал муаммолардан бири – коррупция балосидир. Бу иллатнинг вужудга келиши сабаблари ва шарт-шароитларига кўра ўта мураккаб ижтимоий ҳодиса деб баҳолаш мумкин. Шу боис унга қарши кураш ҳам ниҳоятда мураккаб кечади.

Коррупция давлатнинг молиявий, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига, иқтисодий жиҳатдан сезиларли даражада ва инвестициявий муҳитни ёмонлаштиридиган молиявий бизнес муҳитига салбий таъсир кўрсатади.

Ҳозирги пайтда республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Коррупцияга қарши курашишга қаратилган нормалар бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатларда мавжудми?
Коррупция юзага келиши мумкин бўлган фактларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 79-моддасида, шахсларнинг бир давлат корхонасида улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса биргаликда хизмат қилиши таъқиқланган.

Шунингдек, Меҳнат кодекси 177-моддасида, иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмаслиги белгиланган. Бу эса мансабдор шахснинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб ваколатидан четга чиқишни ҳам чеклайди.

Жиноят кодексида коррупциявий жиноятлар учун жавобгарлик белгиланган. Булар: 167-модда (ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-тарож қилиш), 205-модда (ҳокимият ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ва мансаб ваколати доирасидан чиқиш), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш), 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш), 213-модда (давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш), 214-модда (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) ва бошқа бир қатор моддаларда ўз аксини топган.

Энди, қонунларда ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат органлари мансабдор шахслари томонидан суиистеъмол қилиниши эҳтимолини истисно этмайдиган баъзи ҳуқуқий масалаларга тўхталиб ўтсак.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 65, 66, 661, 68, 70-76, 86-моддалари турли асосларда жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш билан боғлиқ масалаларни тартибга солади.

Шу билан бирга, жиноят содир этган шахс қилмиши ижтимоий хавфлилигини йўқотганлиги, ўз қилмишига амалда пушаймон бўлганлиги, ярашилганлиги ва амнистия акти асосида жавобгарликдан ёки жазодан озод этилиши мумкинлиги таъкидланади. Ушбу моддаларда “озод қилиниши мумкин”, “қўлланилиши мумкин”, “алмаштирилиши мумкин” каби ҳуқуқий атамалардан фойдаланишда ушбу нормаларни амалга ошириш имконияти судьянинг субъектив ихтиёрига бевосита боғлиқлигини келтириб чиқаради.

Шахсни жавобгарлик ва жазодан озод қилишнинг аниқ мезонларнинг ва ҳуқуқий шартларининг мавжуд эмаслиги судьянинг бундай қарор қабул қилишда холислик, адолатлилик ва қонунийликни таъминлашда сезиларли даражада мураккаблаштиради.

Ўз навбатида, шахсни жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилиш масаласини ҳал қилишда ваколатли мансабдор шахснинг диспозитов хусусиятидаги “эҳтимол қўллаш мумкин” ҳуқуқи эса коррупция манфаатини юзага келтириш учун фойдаланишга шароит яратиши мумкин.

Коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар
1. Баъзи қонун нормаларида мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи ноаниқ қоидаларга боғлиқ бўлиб, айримларида қонуний жавобгарлик чоралари умуман кўрсатилмаган.

Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 73-моддасида, суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмаслиги кўрсатилган.

Бироқ, амалиётда ушбу нормани амалга оширишда қийинчилик вужудга келади, чунки “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг ўзида ва бошқа ҳужжатларда ҳам жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликни белгилашнинг аниқ мезонлари мавжуд эмас. Бундай ноаниқлик сабабли судьяни интизомий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқаётганда “Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 73-моддаси талабларини турлича талқин қилиш ва ҳар хил қарор қабул қилиш мумкин. Шу сабабли ушбу моддадаги жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликни белгилашнинг аниқ мезонларини белгилаш лозим.

2. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) амалдаги таҳририни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади, чунки унда ушбу жиноятнинг объектив томони етарли даражада аниқланмаган. Демак, ушбу таҳрирга биноан мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф эканлигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши учун жавобгарликка тортилади.

Бироқ, пора олувчи нафақат пора берувчининг манфаати учун, балки у вакил бўлган шахсларнинг манфаати учун (масалан адвокат мижознинг манфаати учун) пора олиш мумкинлигини кўрсатмайди. Жиноят кодексининг 210-моддаси амалдаги таҳририда мансабдор шахснинг пора олиши маълум бир ҳаракатни пора берувчининг манфаати учун бажариш ёки бажармасликни назарда тутади.

Бироқ, пора олишнинг ўзига хос хусусиятларидан бири бу “хизматда совуққонлик қилиш” (мансабдор шахс томонидан хизматдаги камчиликлар ёки қоидабузарликлар учун чора кўрмаслик, ходимнинг ноқонуний ҳаракатларига жавоб бермаслик) ёки “хизматдаги салбий ҳаракатларга кўз юмиш” (нолойиқ рағбатлантириш, асоссиз лавозимни кўтариш ва ҳк) бўлиши мумкин. Шу сабабли пора олиш жинояти диспозициясига ушбу нормалар киритилиши лозим деб ҳисоблайман.

Қонуний ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун пора олишни бир-биридан фарқлаш керак, чунки Жиноят кодексининг 210-моддаси иккинчи қисмида фақат тамагирлик йўли билан яъни, пора берувчининг қонуний манфаатларига зарар етказадиган ҳаракатлари учун пора олиш назарда тутилган.

Амалиётда эса ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун пора олиш ҳолатлари (етарли асослар бўла туриб жиноят иши қўзғатишни рад қилиш, интизомий жавобгарлигини яшириш, имтиҳонга тайёргарлик кўрмаслик ва ҳк) ҳам кўпроқ учрайди.

Хорижий давлатлар тажрибаси
АҚШ, Англия, Франция ва бошқа хорижий давлатларда жамоат ташкилотлари давлат ва муниципиал идоралар фаолиятини назорат қилиш бўйича кенг ваколатларга эга. Хусусан, Буюк Британияда полиция ҳузуридаги жамоат кенгашлари коррупциявий жиноятлар содир этишда гумон қилинаётган полиция ходимларининг хизмат текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бироқ, ҳозирги кунда мамлакатимизда давлат органлари ҳузурида коррупцияга қарши курашишни ўз ичига олган жамоат кенгашлари мавжуд эмас.

Жамоат назоратининг жамият ва давлат олдида қонун устуворлигини таъминлашда беқиёс ролини ҳисобга олиб, коррупцияга қарши курашишда давлат органлари ҳузурида ташкил этилган жамаот кенгашларининг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш зарур. Шу сабабли “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳузуридаги жамоат кенгашлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилиш лозим.

Ушбу қонун ўз ичига жамоат кенгашларининг вазифалари, функциялари, ваколатлари ва бошқа масалаларни қамраб олиши керак.
Ушбу институтнинг фаолият олиб бориши турли давлат органлари ҳузуридаги жамаот кенгашлари шаклидаги жамоат ташкилотларини коррупцияга қарши курашишга кенг жалб қилиш, шу билан давлат органларида олиб борилаётган жараёнларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашга имкон беради.

Аксарият хорижий давлатларда “Давлат хизматчилари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинган, улар давлат хизматининг фаолиятини, шу жумладан мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ҳар томонлама тартибга солади.

Германия, Словения ва бошқа бир қатор мамлакатлар қонунчилиги юқори давлат лавозимидан кетган шахсларни ишга қабул қилиш тартибини белгилайди. Давлат лавозимидан кетган шахслар белгиланган муддат ичида хусусий секторда ишлаш ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун Ҳукумат рухсатини олиш керак. Акс ҳолда, давлат лавозимидан кетган шахсларнинг хатти-ҳаракатлари коррупцион ҳолат сифатида қаралади.

Германия қонунчилигида “мартаба поғонасидан кўтариш ҳуқуқи” кўзда тутилган бўлиб, унга кўра маълум бир вақтда тегишли лавозимда ишлаганидан сўнг ходим мунтазам равишда лавозимидан кўтарилиши керак.
Мамлакамтимизда давлат хизматчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солувчи ягона қонун мавжуд эмас. Шу сабабли “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарур.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат хизматчилари бўлган шахсларнинг тоифалари, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини, ижтимоий ва бошқа кафолатларини аниқ белгилашга, уларнинг фаолиятини баҳолаш мезонларини, шунингдек кейинги манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш мақсадида чекловларни белгилашга имкон беради.

Ўз навбатида, мазкур қонун қабул қилиниши давлат хизматида коррупциянинг олдини олишга муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унда мансабдор шахслар лавозимидан кетганидан сўнг ўзлари яқин вақтгача ишлаган ва ўзи назорат қилган ёки қандайдир тарзда алоқада бўлган ташкилотларда ишламасликлари кераклиги ҳақидаги қоидалар назарда тутилиши керак.

Кўпгина хорижий давлатларда (Сингапур, Гонгконг, Буюк Британия, Германия, АҚШ) давлат хизматчилари учун мажбурий бўлган ягона Ахлоқ одоб қоидалари ёки нормалари қабул қилинган. Ушбу қоидаларда давлат хизматчисининг хизмат пайтида ва хизматдан ташқарида ҳам ўзини тутиш меъёрлари ўрнатилган.

Бироқ, мамлакатимизда давлат хизматчиларининг ягона ахлоқ одоб кодекси қабул қилинмаган. Шу сабабли давлат хизматчиларининг ягона Ахлоқ одоб кодексини қабул қилиш лозим. Бундай ҳужжатнинг қабул қилиниши барча давлат хизматчилари учун ягона ва стандарт қоидаларни белгилашга имкон беради.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин. Юқоридаги таклифларнинг амалиётга тадбиқ этилиши мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг муваффақиятли амалга оширилишида ўз самарасини беради.

Отабек Тошев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
маъсул ходими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коррупциянинг олдини олишга қаратилган қонунчилик нормасини янада такомиллаштириш зарурияти