20:08 / 16.02.2021
2 361

Нотариат соҳасининг такомиллаштириш: таҳлил ва таклифлар

Нотариат соҳасининг такомиллаштириш: таҳлил ва таклифлар
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий-ижтимоий ва ҳуқуқий тараққиёти мақсадли ҳамда чуқур ўйланган ислоҳатларга, давлат бошқарувида қонунийликнинг тўлиқ таъминланганлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланганлигига боғлиқ.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тараққиётимизда янги босқичини бошлаб берганини нафақат юртимизда, балки бутун ҳалқаро ҳамжамият кенг эътироф этмоқда. Стратегия асосида ислоҳ этилган соҳалардан бири нотариат тизими бўлди. Аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлигининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги навбатлар, давлат божлари ва бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффоф эмаслиги, шунингдек мавжуд бюрократик тўсиқлар таҳлил қилиниб мамлакатимиз нотариат тизими ислоҳ қилинган эди.

Хусусан нотариал ҳаракатлардаги имзолар сохта эканлиги ҳақида судларга кўплаб даъволар киритилаётганлигини инобатга олиб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш ва нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлашда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш жорий этилди, васиятномаларни ва айрим турдаги битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этиш лозимлиги белгиланди, нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини икки йилдан бир йилга қисқартириш, шунингдек нотариус лавозимига номзодлар учун судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ бўйича талаб бекор қилинди.

Шунингдек, юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланадиган бўлди, нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва алмаштириш (ротация қилиш) тартиби белгиланди, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда электрон тўловлар йўлга қўйилди ҳамда нотариал идораларига электрон мурожаат қилиш тартиби белгиланди.

Мазкур чора-тадбирлардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон нотариат институтини такомиллаштириш бўлди. Лекин соҳалар ва ижтимоий муносабатлар ҳар доим ривожланишда бўлганлигини инобатга олиб Нотариат тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ҳисобига юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш сифати ва тезкорлигини янада ошириш учун “Нотариус” автоматлаштирилган тизими билан боғлиқ муаммолар таҳлил қилиш мақсадга мувофиқ.

Биринчидан, дастлаб фуқаролар ўз имзолари билан шахслари тасдиқланган бўлса, бугунги кунда «Нотариус” автоматлаштирилган (кейинги қаторларда маълумот базаси) тизими яратилган бўлиб, эндиликда шасхларнинг бармоқ изларини нотариус сканери орқали олиниб мазкур тизимга киритилади, бироқ киритилган бармоқ излари айнан шу фуқарога тегишли эканлиги аниқланмайди, яъни бир-бирига ўхшаш икки фуқарони ҳам бир шахс сифатида электрон базага киритилиши мумкин. Тўғри, кейинчалик суд дактилоскопия (инсонларнинг бармоқ излари орқали таниб олиш) экспертизаси тайинлаш ёки такроран сканерлаш билан буни билиб олиш мумкин, лекин ишни суд жараёнигача олиб бориш ва низолашиш вазиятнинг ўз вақтида бажарилишига тўсқинлик қилиши мумкин.

Фикримизча, бу муаммонинг ечими қуйидагича бўлиб, яъни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқароларни рўйҳатга олишнинг электрон тизимини нотариат соҳасига тадбиқ қилиш бўлиб – бунда биометрик паспортга киритилган фуқароларнинг бармоқ излари «Нотариус» маълумот базасига киритилади ва фуқаролар сканер бармоқларини босиши орқали улар ҳақидаги маълумотлар “Нотариус” ягона электрон тизимида келиб чиқади.

Иккинчидан, фуқароларнинг никоҳ ҳолати билан боғлиқ муаммолардан бири – бу нотариал идорага ҳужжатлар тақдим қилаётган жисмоний ва юридик шахсларнинг ФҲДЁ органларида никоҳдан ўтган-ўтмаганлиги кўп ҳолларда яширилади ёки хатолик оқибатида рўйҳатдан ўтмаганлигидир. Шу сабабли, мерос ва васиятномалар очиш, олди-сотди ва хадя шартномаларини тузиш, қонуний вакиллик, никоҳ шартномасини бекор қилиш ва бошқалар каби нотариал ҳаракатлар расмийлаштирилаётган вақт давомида фуқароларнинг никоҳ статуси аниқлаштилиши учун ДХМ (давлат ҳизматлари марказлари) томонидан нотариусга маълумотнома тақдим этилиши лозим бўлади.

Негаки, Оила кодексининг 23 ва 24-моддларига кўра, никоҳ даври мобайнида биргаликдаги сотиб олинган кўчар ва кўчмас мулкларга нисбатан эр-хотиннинг 50/50 нисбатда эгалик ҳуқуқи мавжуд бўлиб, мол-мулк сотилаётганда, хадя қилинаётганда, мулкни бошқариш ва тасарруф этиш учун бош ишончнома берилаётганда ва бошқа нотариал ҳаракатларда мулк эгасининг турмуш ўртоғининг розилик аризаси керак бўлади. Ушбу розилик аризаси олинмасдан туриб, мулкни тасарруф этишга йўл қўйилмайди ёки фуқаронинг ўз мулкини никоҳга қадар қўлга киритганлиги, хадя тариқасида бошқа шахсдан қабул қилиб олганлиги, мерос сифатида унга қолдирилганлиги ёки сотиб олганлиги тўғрисида нотариусга маълумотнома тақдим этиши лозим.

Нотариал идорага мурожаат қилган фуқароларни ортиқча оворагарчилик ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш йўлида самарали воситаларни қўллаган ҳолда, фикримизча, ушбу муаммонинг ечимини фуқароларнинг никоҳ ҳолатлари ҳақида маълумотларни «Нотариус» маълумот тизимига киритиш билан – Нотариал идора ҳодимлари томонидан ушбу маълумотларни бевосита маълумот тизими орқали олиш йўли билан ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблаймиз. Негаки, 2020 йил 1-апрелдан ФҲДЁ органлари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги таркибидаги ДХМ тизимига киритилиши муносабати билан уларнинг базаси агентлик тасарруфига олинди. Агар фуқароларнинг никоҳ статуслари электрон шаклда бир тизимга киритилиб, ягона база сифатида шакллантирилса, ортиқча муаммоларнинг олди олинган бўлар эди.

Учинчидан, бош ишончнома орқали ҳаракат қилаётган вакил кўчар ёки кўчмас мулкни ишонч билдирувчининг иштирокисиз олди-сотди шартномаларини тузиши мумкин. Бунда, ишончнома билдирувнинг турмуш ўртоғи томонидан берилган розилик аризаси ва ишончнома бланкалари керак бўлади. Бироқ, ишончнома берган шахс, яъни мулкнинг эгаси вафот этган, бедарак йўқолган ёки муомилага лаёқатсиз деб топилган бўлса ва унинг вакили бундан ўз вақтида тегишли равишда ҳабардор қилинмаган бўлса, у томонидан берилган ишончнома ўз кучини йўқотади, демакки, вакил томонидан тузилган шартномалар ҳам бекор бўлади. Бунинг сабаби шундаки, юқоридаги уч ҳолатда шахсга нисбатан унинг меросхўрлари, хомийлари, васийлари ва яқин қариндошларининг мулкка тасарруф қилиш ҳуқуқи қонун билан таъминланади.

Бундай вазиятда низо келиб чиқмаслигини олдини олиш учун, фикримизча, шахсларнинг вафот этганлиги, бедарак йўқолганлиги ёки муомилага лаёқатсиз деб топилганлигини тасдиқловчи ваколатли органлар (масалан суд, ииб ва фҳдё) томонидан уларга тегишли ҳужжатларининг ўз кучини йўқотган ва бедарак йўқолган деб топилиши ҳамда, асосийси, уларнинг мол-мулклари қонуний тартибда тегишли шахсларга топширилиб бу тўғрисида маълумотларни ўзларининг базаларига киритишлари керак. Ушбу ҳолатга ҳуқуқий ечим қуйидагича бўлиб, яъни агар “Нотариус” маълумот тизими ушбу маълумотлар базаси билан боғланса ва ахборот алмашиниву ўз вақтида олиб борилса, юқорида келтирилган муаммоларнинг юзага келмаслигининг олди олинган бўлар эди.

Албатта, бу кўп вақт ва ҳаракатни талаб қилади, бироқ мавжуд бу каби муаммоларларга нисбатан бундай ечимнинг қўлланаши ривожланган давлатлар томонидан аллақачон йўлга қўйилган бўлиб, ўз самарасини бермоқда. Мисол тариқасида Германия Федератив Республикасини келтирадиган бўлсак, ушбу давлат федерал кўринишда бошқарилса-да, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш бўйича дунёда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Хусусан, нотариуслар ўзларнинг юрисдикцион ваколатлари доирасида иш кўриши ва фуқароларга ҳуқуқий ёрдам беришлари мумкин. ГФРда нотариусларнинг қуйидаги турга тизимлаштирилган бўлиб, улар:
“Single profession notaries” – ягона тизимда, яъни фақатгина нотариал ҳаракатларни амалга оширадиган нотариуслар. Федерал адлия вазирликлари томонидан тайинланади. Бундай фаолият билан асосан Бавария ва Гамбург шаҳарларида шуғулланиш мумкин;
“Advocate-notaries” – ГФРда энг кўп тарқалган бўлиб, бу каби нотариуслар биринчи навбатда адвокат ҳисобланиб, иккинчи касб сифатида нотариал ҳаракатларни расмийлаштиради. Берлин, Бремен, Хессен ва бошқа шаҳарларда бундай нотариуслар фаолият юритишади;
“State-employed notaries” – Давлат нотариал идоралари нотариуслари ҳисобланиб, нотариал ҳуқуқ тизимига кирмайди ва 2018 йилдан бошлаб уларни мустақил нотариал ҳаракатларни амалга оширилиши кўзда тутилган. (Ўзбекистон Республикаси адлия тизимидаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар каби)

Ўзбекистон ва Германиянинг нотариал тизими бир-бирига ўхшаш бўлиб, мамлакатимизда Германия тажрибасини қўллаш орқали бугунги кунда кўплаб ютуқларга эришилмоқда, бунинг сабаби шундаки, ҳар иккала давлат роман-герман ҳуқуқ оиласига мансубдир. Демак, бирининг ҳуқуқий ислоҳотларини иккинчида қўллаш кўплаб муаммоларни келтириб чиқармаслиги мумкин.

Бундан ташқари, Европа ва Осиёнинг кўплаб давлатларининг нотариат институтини ўрганишимиз ва тадбиқ қилишимиз мумкин, уларнинг ҳар бирида ўзига хос ҳуқуқий хизмат кўрсатишнинг самарали йўллари аллақачон амалиётга жорий этилган. Бу эса ўз навбатида фуқароларнинг давлат органларида тўлақонли манфаатлари ҳимояланиши ҳамда уларга муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашмоқда.

Ана шундай кенг миқёсдаги ўрганиш ва ҳар томонлама изланишлар натижасида, биз бугунги кунда мамлакатимиз ҳуқуқ тизимида кенг миқёсда ислоҳотларнинг гувоҳи ва ўз навбатида иштирокчисига айланмоқдамиз. Негаки, ҳар бир хатти-ҳаракатимиз негизида фуқаровий муносабатлар ётади ва улар тегишли нормалар билан тартибга солинади. Ушбу илмий тадқиқот иши орқали биз томонимиздан илгари сурилган юқоридаги таклифларларни амалиётга тадбиқ қилиш орқали, қуйидаги натижаларга эришиш мумкин, яъни:
• Нотариат тизимини оптималлаштириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
• Идоралараро боғлиқликни мувофиқлаштириш;
• Фуқароларнинг шахси буйича маълумот олишни тизимлаштириш ва соддалаштириш;
• Давлат органлар фаолиятида шаффофлик ва қонунийликни таъминлаш;

Бу борадаги энг долзарб вазифамиз – юқорида зикр этилган барча жараёнларнинг илмий – назарий асосларини, уларнинг янги қирраларини очиб беришдан иборат бўлиб, илмий тадқиқот олиб бориш йўлида соҳадаги мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топишга қаратилган.

Нотариатнинг фаол моделига ўтиш унинг низоларни олдини олувчи институт сифатида янада ривожланишига, ҳуқуқий хизмат кўрсатишга тўсиқ бўлаётган бюрократик омилларни бартараф этишга, Нотариал палатанинг нотариат институтини ҳимоя қилиш соҳасидаги ролини оширишга хизмат қилади.

Азамат Хўжаназаров,
ТДЮУ талабаси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Нотариат соҳасининг такомиллаштириш: таҳлил ва таклифлар